Линклар

Шошилинч хабар
19 декабр 2024, Тошкент вақти: 13:46

Ўзбекистонда диний айблов билан қамалганлар амнистия қилинмоқда


Озодлик олган маълумотларга кўра, Ўзбекистон Конституцияси 22 йиллиги муносабати билан эълон қилинган амнистияга кўра, аввалги афвлардан фарқли ўлароқ, диний айблов билан қамалган маҳкумлар ҳам гуруҳ-гуруҳ озод қилинмоқда.

Ўзбекистон яқин тарихида диний айблов билан қамалган маҳкумларнинг гуруҳ-гуруҳ бўлиб озод қилиниши эса илк бор кузатилмоқда.

Олмалиқ шаҳри яқинидаги 64/45 сонли жазони ўташ муассасасидан амнистияга кўра озод бўлган маҳкумлардан бирининг микрофонсиз суҳбатда Озодликка айтишича, 11 февраль куни диний айбловлар билан қамалганлардан 12 киши бирданига озод қилинган:

“Мен ҳам 244-модда билан 7 йилга қамалган эдим. Шундан олти йилини ўтирдим. Амнистияга тушганлигимни эшитган кунимдан буён ухлолмадим. Чиқадиган кунимиз 2000 аристонни тўплаб, бизни гапиртиришди. Биз амнистияга, президентга раҳматлар айтдик. Тўғриси, биз одатдагидек, диний айблов билан қамалганлар амнистияга тушмайди, деб ўйлаган эдик. Ўзбекистон телевидениеси кечиримларимизни видеога олди", дейди собиқ маҳкум.

Суҳбатдошга кўра, қамоқхонадан озод этилган 12 маҳкум дарҳол ўз вилоятларига қўриқчилар ҳамроҳлигида юборилган:

“Бизни конвой тўғри УВДга олиб келди. У ерда биз билан яна суҳбат ўтказилди. Бир йил давомида қаттиқ учётда турамиз экан. Яна бизга 700 минг сўмдан моддий ёрдам ва навбатсиз биометрик паспорт олиш имконимиз борлигини ҳам айтишди. Шундан сўнг, уйга жавоб беришди”, дейди Олмалиқ қамоқхонасидан озод бўлган маҳкумлардан бири.

Суҳбатдош қамоқхонада диний айбловлар билан қамалган маҳкумларга муносабат бошқача эканлигини айтади:

“Тўғриси, қамоқхонада диний айбловлар билан қамалганларга муносабат яхши эмас. Агар у ерда "биродарлар гуруҳи"га қўшилмасангиз¸ сизга тазйиқ бўлмайди. Акс ҳолда, оғир кунлар бошингизга тушади”, дейди собиқ маҳкум.

Ўзбекистон қамоқхоналаридан диний айбловлар билан қамалиб амнистияга тушган маҳкумларнинг гуруҳ-гуруҳ бўлиб озод этилаётганини 11 февраль куни афв этилган таниқли спорт шарҳловчиси ва диний воиз Хайрулла Ҳамидов ҳам тасдиқлайди:

“Чирчиқ шаҳридаги олтинчи жазони ўташ муассасасидан диний-экстремистик оқимларга алоқадорликда айбланиб қамалган 16 нафар маҳкум мен билан биргаликда афв қилинди”, деди Хайрулла Ҳамидов.

Ўзбекистонда диний айбловлар билан қамалганлар мониторинги билан шуғулланадиган Мустақил ҳуқуқ ҳимоячилари ташаббус гуруҳи раҳбари Суръат Икромов бу йилги амнистияда диний айбловлар билан қамалганлар орасида озод қилинганлар ҳақиқатан ҳам кўплигини айтади:

“Кеча менга ҳам кўпчилик телефон қилиб яқинлари амнистияга тушгани ва чиқарилаётгани ҳақида гапирди. Ҳозирча уларнинг сонини аниқлашнинг имкони йўқ. Лекин аввалги амнистияларга нисбатан анча кўпайгани аниқ. Бу сайловолди тадбирми ёки ҳукуматнинг ўзида қанақадир ўзгаришлар бўлаяптими, бу ҳақда ҳозирча ҳеч нарса дея олмайман”, деди Суръат Икромов.

Ҳуқуқ ҳимоячиси фақат кечирим сўраган ва бошқа ҳеч қандай диний гуруҳларга қўшилмаслиги ҳақида тилхат ёзиб берган маҳкумларгина амнистияга тушганини қўшимча қилди.

Ўзбекистон Олий Мажлиси Сенатининг 16- ялпи мажлисида мамлакат Конституцияси қабул қилинган куннинг 22 йиллиги муносабати билан қабул қилинган “Амнистия тўғрисида”ги қарорга кўра, илк бор жиноят содир қилган аёллар, жиноят содир этган вақтда 18 ёшга тўлмаган шахслар, 60 ёшдан ошган эркаклар, чет давлат фуқаролари жазодан озод қилинади.

Айни пайтда сиёсий қарашлари учун қамалган маҳкумларга нисбатан амнистия қўлланилмаётгани айтилади.

21 йилдан буён қамоқда қолаётган сиёсий маҳбус, собиқ парламент депутати Мурод Жўраевнинг хотини Холбека опа, эрининг озодликка чиқарилишига нисбатан умиди сўниб бораëтганини айтади:

- Кеча Хайрулла Ҳамидов озодликка чиқди деб эшитганимда¸ роса қувондим. Эй Худо, бизникилар қачон чиқади дедим. Шунча йил амнистиялар бўлди, Мурод акам тушмадилар, энди бу ёғига ҳам тушмаса керак¸ деб ўзимни ўзим кўниктирдим. Энди муддати тугаб чиқиш кунларига ҳам раскурутка қилмасалар бўлди, деб Худога ёлвориб турибман, дейди Холбека опа.

Халқаро ва Марказий Осиёдаги ҳуқуқ ташкилотлари расмий Тошкентни сиёсий қарашлари учун қамалганларни озод қилишга чақириб келади.

Жумладан, Халқаро Амнистия ташкилоти сўнгги баёнотида Дилором Абдуқодирова, Аъзам Фармонов, Мурод Жўраев, Муҳаммад Бекжон ва Эркин Мусаевларни озод қилишга даъват этган.

XS
SM
MD
LG