Ўзбекистонлик талабалар “Валентин куни”ни нишонламаслик ва бу кунни севган кишиси билан байрам қилмаслик ҳақидаги тилхатга имзо чекишга мажбурланмоқда. Талабалар олийгоҳлар маъмуриятининг ёшлар шахсий ҳаётига дахл қилаётганидан шикоят қилаяпти.
Ўзбекистоннинг бир неча олийгоҳларида ўқитувчилар талабалар билан махсус суҳбатлар ўтказиб, “Валентин куни”ни нишонламасликни талаб қилмоқда.
Ўзбекистон давлат Жаҳон тиллари университетининг исми сир қолишини сўраган талабаси Озодликка севишганлар кунини нишонламаслик ҳақидаги тилхатнинг нусхасини тақдим этди.
“Биз Европа давлатларида нишонланадиган “Оммавий маданият”нинг бир кўриниши бўлган “День Валентин” кунини университет ҳудудида ва унинг ташқарисида нишонламаслик тўғрисида факультет деканати томонидан огоҳлантирилдик. Бу байрамни нишонламасликка ва факультет обрўсига путур етказмасликка кафолат берамиз”, дейилади тилхатда.
Олийгоҳнинг халқаро журналистика факультетида ўқийдиган талабанинг айтишича, улар бу тилхатга имзо қўйишга мажбурланган:
“Бу тилхат деканатдан тушиб келди. Кураторимиз ҳаммани имзо қйўишга мажбурлади. Қўйиб бердик. Бу ҳар йили бўладиган нарса, расмиятчилик. Лекин биз нишонлайверамиз”, деди талаба.
Самарқанд давлат университетининг исми сир қолишини сўраган талабаси ҳам декан ва ўқитувчилар бу кунни нишонламаслик ҳақида огоҳлантирганини айтади:
“Ҳозирги кунда бу байрамни нишонламаслик ҳақида чоралар кўриляпти. Фақат бизда эмас, деярли барча ўқув муассасаларида талаба ва ўқувчилардан тилхатлар олинди. Ҳатто хиёбонлардаги учрашувларни олдини олиш учун у ердаги скамейкаларни ҳам йиғиштириб олишган. 14 февраль куни шаҳарда милиция ходимлари кўп юради, деб огоҳлантиришди”, деди талаба.
Тошкентнинг Юнусобод туманида истиқомат қиладиган пенсионер Абдужамол акага кўра, “Валентин куни”ни нишонламаслик ва ёшларни бу байрамга қўймаслик ҳақида жума намозида ҳам айтилган.
Озодлик манбаларининг айтишларича, давлат телеканалларида ҳам бу куннинг ўзбеклар урф-одатлари ва маданиятига зид эканлиги ҳақида кўрсатувлар берилган.
Ўзбекистонда 14 февраль "Мушоира куни" деб эълон қилинган. Бу кун ўзбек шоҳи ва шоири Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг туғилган куни сифатида ҳам нишонланади.
Ўзбек ёшларининг бир қисми “Валентин куни”ни севишганларнинг гўзал байрамларидан бири сифатида билиб, шу куни севгилисини гул ва совғалар билан сийлайди.
Айни пайтда исломий ақидаси кучли бўлган ўзбеклар бу кунни бидъат сифатида талқин қилишади.
“Ислом инсонларни бир-бирига муҳаббатли бўлишга чорлайдиган дин ҳисобланади. Исломда мусулмонлар ҳар куни бир-бирини яхши кўриб, эҳтиром қилиши талаб этилади. Шунинг учун ҳам ислом уламолари бирор кунни “Муҳаббат куни” ëки “Валентин куни” сифатида эътироф этишни бидъат, деб билади. Бидъат эса Исломда бўлмаган нарсани диний байрам сифатида нишонлашдир. Шунинг учун ҳақиқий мусулмонлар бу байрамга унчалик эътибор қаратмаслиги лозим”, - дейди исми сир қолишини сўраган масжид имомларидан бири..
“Авлиё Валентин “ куни ҳақида
“Авлиё Валентин куни” ёки "Севишганлар байрами", деб аталадиган куннинг нишонланиш тарихи Рим империяси даврига бориб тақалади.
Бундан ўн етти аср муқаддам қадимги римликларнинг мажусий байрамларидан бири бўлган бу байрам “маънавий севги” рамзи ўлароқ ифодаланган.
Энг машҳур афсоналарга кўра, Римга асос солган Ромул бўрини эмиб улғайган, кучли ва ақлли бўлган. Римликлар ҳар йили февраль ойининг ўртасини ана шу воқеани хотирлаб, байрам қилиб нишонлашган.
Насронийлар талқинига кўра бу байрам Авлиё Валентин номи билан боғлиқ.
Авлиё Валентин – Насроний черкови томонидан мазлум, деб тан олинган насроний авлиёнинг исмидир.
Ривоятларга кўра, авлиё Валентин милодий 296 йилда Рим императори Клавдий II томонидан қатл қилинган. 350 йилда эса у қатл этилган жойнинг ўрнида унинг хотирасига бағишлаб черков қурилган.
Насронийлар талқинига кўра, авлиё Валентин икки севишганни никоҳлаб қўйгани учун қатл қилинган.
Шундан буён, авлиё Валентин севишганларга ҳомийлик қилувчи авлиё, дея баъзи гуруҳлар тарафидан ишонилади.
Насроний черкови пешволари бу анъана ёшларнинг аҳлоқига салбий таъсир кўрсатиши мумкин, деб топиб, унга қарши чиққан.
Хусусан, Италияда бу байрам ман қилиб қўйилган, чунки у айнан Италияда жуда кенг нишонланган эди.
18-19-асрларга келиб Авлиё Валентин куни Италияда қайта тикланган.
Ўша пайтлардан бошлаб ғарб мамлакатларида “Валентин китоблари” - ишқий шеърлар ёзилган китобчалар сотила бошлаган.
Бундай китобларда севги изҳор қилиш ва ҳуштор кўнглини қандай овлаш ҳақида маслаҳатлар ҳам бўлган.
Севишганлар ишқий мактублар ёзишда шу китобдан фойдаланишган.
Ўзбекистонда 2012 йилдан бошлаб "Валентин куни" норасмий тарзда тақиқлаб қўйилган.
Айнан ўша йили "Валентин куни"га бағишланган тадбир ва концертлар бекор қилинган эди.
2012 йилнинг январида Республика “Маънавият ва маърифат” маркази томонидан тайёрланган “14 февраль Севишганлар куни эмас” номли махсус тарғибот буклети талабалар орасида тарқатилган эди.