Линклар

Шошилинч хабар
24 декабр 2024, Тошкент вақти: 04:18

Қўқон пединститути талабалари олмаган пахта пулини “олдим” деб ëзишга мажбурланмоқда


Икки ой мажбуран пахта тердирилган талабалар турли жисмоний ва руҳий босим остида қуллардек меҳнат қилганликларини айтадилар.
Икки ой мажбуран пахта тердирилган талабалар турли жисмоний ва руҳий босим остида қуллардек меҳнат қилганликларини айтадилар.

18 февраль куни Озодликда “Икки ой ўқимай пахта терган талабага терим ҳақи берилмаëтир” сарлавҳали мақола эълон қилиниши ортидан тилга олинган Қўқон Давлат педагогика институтида талабаларга мажбуран “пахта пулини олганман” деган мазмундаги тилхат ëздириб олинмоқда. Декан ва маъмурлар инкорига қарамай¸ талабаларга кўра¸ институт раҳбарияти масалани яна қўрқитиш ва босим воситасида ҳал этишга қарор қилган.

“Кечаги пахта терими ҳақидаги мақола Қўқон Давлат Педагогика институтини бугун оëққа турғизди. Пул бериш ўрнига¸ ҳаммани “пахта пулини олганман” деган хатга қўл қўйдириб олишди. Пулни олганни ҳам¸ олмаганни ҳам ҲАММАни қўл қўйишга мажбурлашди¸ ўз кирдикорларини ëпиш учун. Қўл қўймайман дейишга қўрқишди болалар. Роса бақир-чақир қилишди¸ дарғазаб бўлишди. Даҳшат бўлди”¸ дейди Озодликка мурожаат қилган Қўқон пединститути талабаларидан бири.

“Сизлар билан гаплашишдан ҳамма қўрқиб қолган. Домла кириб¸ “кеча қайсидир иплос биз ҳақимизда Озодликка ëзибди” деб гап бошлади ва ҳаммаларинг тилхат ëзиб берасизлар¸ деб дўқ қилди. Илтимос¸ бу ўғри домлалар ҳақида яна ëзинглар. Булар Малибу ва Ласеттида юради¸ ҳаммаси биздан қақшатиб олинган пулга келган булар”¸ деб мурожаат қилди қўқонлик талабалар вакили 20 февраль куни.

Озодлик мухбири бу мурожаат ортидан Қўқон Давлат Педагогика институтининг ўз талабаларига сентябрь-октябрь ойларида ўқиш ўрнига тердирилган пахта пулини бермаган факультетларидан бири билан боғланди.

Институт физика-математика факультети декани Ботиржон Мамадалиев Озодлик мухбири билан суҳбатда¸ шахсан ўзи қатнашган 2014 йилги пахта терими мавсумида талабаларга меҳнат ҳақи вақтида берилганини иддао қилди:

- Аввало¸ бизнинг факультетда бунақа бўлиши мумкин эмас. Ҳамма вақт ҳаммаси олиб келган. Иккинчидан¸ подробно билмоқчи бўлсангиз¸ марҳамат¸ келинг¸ мана хонамизда яхшилаб гаплашишимиз мумкин¸ деди физика-математика факультети декани.

Суҳбат давомида Мамадалиев шунингдек¸ Озодлик лавҳасидан сўнг талабалардан оммавий тарзда “пахта пулини олганман” деган мазмунда тилхат ëздириб олинаëтганини ҳам инкор қилди:

- Ҳеч қанақанги қўл қўйдириш деган гап йўқ. Бемалол келишингиз мумкин. Ҳеч қанақанги бундай нарса бўлгани йўқ. Вақтида олишди болалар. Бизнинг факультетда бундай нарса йўқ. Пахтада мен шахсан ўзим декан сифатида қатнашганман ва штабга бошлиқ бўлганман. Бундай бўлиши мумкин эмас ва мен бунга 100 фоиз жавоб бера оламан¸ деди физика-математика факультети декани Ботиржон Мамадалиев.

Озодлик билан суҳбатда¸ даласида талаба-ҳашарчи пахта терган фермерлар¸ пахта пулининг¸ ҳукуматнинг қатъий буйруғига мувофиқ¸ ҳашарчига ҳар беш кунда нақд тўланганини таъкидладилар.

Фермерларга кўра¸ талабалар қўлда терган пахтанинг килоси учун белгиланган миқдордаги пул нақд шаклда ҳар бир факультет пахта штаби раҳбарига берилган ва талабаларга пулнинг берилган-берилмагани учун масъулият айнан улар зиммасидадир.

XS
SM
MD
LG