Линклар

Шошилинч хабар
23 декабр 2024, Тошкент вақти: 21:43

Қирғизистондаги алоқа оператори ўз мижозлари назорат остига олинишидан норози


Қирғизистондаги алоқа операторларидан бири бўлган Winline ширкати телефон ва интернет алоқаларини назорат қилиш имконини берувчи СОРМ ускунасидан фойдаланишга нисбатан ўз норозилигини билдирмоқда. Ширкат ўзи ва мижозлари ҳуқуқини ҳимоя қилиш учун Қирғизистон Олий суди Конституциявий палатасига мурожаат қилди.

Winline (Sapatcom) ширкатининг Конституциявий палатага мурожаат қилишига “Электрон ва почта алоқаси тўғрисида”ги қонун сабаб бўлгани айтилмоқда. Қирғизистон парламенти томонидан ўтган йил ёзида қабул қилинган бу қонунда мамлакатдаги алоқа операторлари зиммасига ўз мижозларининг телефон қўнғироқлари ва интернет траффигини кузатиш мосламалари ўрнатиш мажбурияти юклатилган.

Sapatcom вакилларида бу ишнинг Қирғизистон асосий қонунига мувофиқлиги юзасидан шубҳа бор. Ширкат бош директори Ақан Мақаев ҳукуматнинг бу борадаги қарори юзасидан Конституциявий палатага шикоятнома киритилганини айтади.

- Ҳукумат қарори билан бир йўриқнома тасдиқланган. Ўша йўриқномага мувофиқ, алоқа операторларининг ҳаммаси назорат ускунаси ўрнатишга мажбур экан. Биз буни кўриб чиқиб, қарши бўлганмиз. Чунки 24 соат пассив назоратга олиш билан ҳуқуқбузарликка йўл очилар экан. Шу сабабли биз “бу Асосий қонунга тўғри келмайди”, деган хулосага келдик, - дейди Ақан Мақаев.

Sapatcom раҳбари айтган ҳужжатларда мижозларни назорат қилиш имконини берувчи СОРМ ускунасини ўрнатган алоқа операторларининг куч ишлатар тузилмалар билан ҳамкорлик қилиш тартиби ҳам қайд этиб қўйилган. Айни пайтда Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси расмийси Рахат Сулайманов бу қонун бир қанча муҳокамалардан ўтганидан кейин қабул қилинганини таъкидлайди.

- Бу қонун жамоатчилик муҳокамасидан ўтган. Жамоатчилик муҳокамасида барча томонлар қатнашган, шу жумладан, Алоқа операторлари ассоциациясининг вакиллари ҳам. Қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш жараёнида улар ҳам ўзларининг таклифларини киритиб, ҳаммага маъқул келадиган вариантга тўхталинган ва ўша асосда қонун лойиҳаси тайёрланган. Аслида бировни тинглаш ва ёзиб олиш фақат суд қарори билангина амалга оширилади. Суд қарорисиз ҳеч ким ҳеч кимни тинглай олмайди. Шу сабабли бу ерда “энди ҳамманинг сўзлашуви тингланади”, деган хавотирларга ўрин бўлмаслиги керак, - дейди Рахат Сулайманов.

Sapatcom раҳбари айни пайтда Қирғизистондаги алоқа операторларини назорат мосламаларини ўз ҳисобидан олиш муаммоси ҳам ўйлантираётганини айтади ҳамда буни “тадбиркорлар ҳуқуқини бузиш”, деб баҳолайди.

- Ҳар бир ширкат ўз ҳисобидан сотиб олиши учун бу ускуналар ўта қиммат. Модомики, давлат “зарур” деб, операторлар зиммасига юклар экан, йўқ деганда солиқ имтиёзлари бериб, бошқа томондан бизни қизиқтирса бўлар эди. Ҳозир эса давлат биздан фақат талаб қилишни билаяпти, холос. Террорчи гуруҳларни ушлаш учун шундай тизим керак, албатта. Бироқ биз бунинг фақат қонуний йўллар билан амалга оширилишини истаяпмиз, - дейди Sapatcom ширкати раҳбари Ақан Мақаев.

Бунгача қирғизистонлик ҳуқуқ ҳимоячиси Нурбек Тўқтақунов ҳам мамлакатдаги мавжуд тезкор-қидирув тадбирлари Асосий қонунга зид келиш-келмаслиги юзасидан хулоса бериш бўйича Конституциявий палатага мурожаат қилганди. Мурожаатда ҳуқуқ фаоли бу тадбирларнинг мамлакат Конституциясида акс этмиш телефон сўзлашувлари ва хатлашувлар махфийлиги кафолатига зид келишини урғулаган.

XS
SM
MD
LG