Линклар

Шошилинч хабар
26 декабр 2024, Тошкент вақти: 08:29

Ўзбекистонда йирик поезд ҳалокати олди олинди. Уч ўсмир ҳибсга олинди


Ўқувчилар рельсни бетон устун билан тўсиб қўйишган.
Ўқувчилар рельсни бетон устун билан тўсиб қўйишган.

Наманган вилояти Чортоқ туманида Андижон-Қўқон йўналишида кетаётган йўловчи поезд йўлини тўсган уч нафар коллеж ўқувчиси ҳибсга олинди. Ўқувчилар гаров ўйнаб, поезднинг рельсига бетон қўйиб, уни тут шохлари билан тўсиб қўйишган. Ҳуқуқ-тартибот идораларидан олинган маълумотга кўра, машинист поездни тўхтатишга улгурган ва поезддаги йўловчиларга шикаст етмаган.

Воқеа 1 февраль куни эрталаб Чортоқ туманининг Ойқурон қишлоғи ҳудудида содир бўлган.

Бу ҳақда воқеа тафсилотларидан хабардор манба Озодликка 24 февраль куни маълум қилди:

Поезд йўлини тўсганликда айбланаётган уч ўқувчи.
Поезд йўлини тўсганликда айбланаётган уч ўқувчи.

“Уч коллеж ўқувчиси ўзаро гаров ўйнаб, поезднинг рельсига бетон столбачани ётқизишган. Кейин ўша жойдаги тут дарахтини кесиб, уни ҳам рельсга қўйишган. Андижон- Қўқон поездининг машинисти рельс тўсилганини кўриб, поездни тўхтатишга зўрға улгурган. Поездда тахминан 200 одам бўлган. Йўловчиларга ҳеч нарса қилмаган. Ҳеч ким жароҳат олмаган”, деди воқеа тафсилотларидан хабардор манба.

Намангандаги ҳуқуқ-тартибот идораларидан олинган маълумотга кўра, поезд йўлини тўсишда айбланиб Чортоқ туман Ойқирон хизмат кўрсатиш касб-ҳунар коллежининг 17 ёшдаги икки ўқувчиси ва тумандаги Педагогика коллежининг 18 ёшли бир ўқувчиси 10 февраль куни ҳибсга олинган.

“Воқеа 1 февраль куни содир бўлган. Лекин биз рельсни тўсганларни 10 кун қидирдик. Улар воқеа жойида тут дарахтларини ўтин учун кесиб, уйига олиб кетишган. Ўша тутларнинг бир қисмини рельсни тўсишда фойдаланишган. Уйларида ўтказилган тинтув пайти, ўша тут шохлари топилди”, деди ҳуқуқ-тартибот идораларидаги манба.

Ҳибсга олинган уч ўсмир Чортоқнинг “Боғ” фуқаролар йиғини ҳудудида яшайди. Талабаларнинг исми-шарифи Озодликка маълум. Лекин тергов жараёни ниҳоясига етмагани боис улар шахсини очиқламаяпмиз.

Ҳуқуқ-тартибот идораларидаги манбага кўра, дастлабки тергов жараёнидаёқ уч ўcмир поезд рельсини тўсишганини бўйнига олишган:

“Уларнинг айтишича, поезд йўли тўсилса, у қанчалик тез тўхташини ўрганмоқчи бўлишган. Агар рельсга бирор нарса қўйилса, поезд ундан ўта оладими, ёки йўқми, шуни текширмоқчи бўлишган. Учавлон гаров ўйнаб, йўлни тўсишган. Белги ёзилган бетон устун билан рельсни тўсиб қўйишган. Агар машинист эпчиллик қилмаганида, поезд ҳалокатга учраши мумкин эди. Ҳозир тергов жараёни кетаяпти”, деди манба.

Ҳозирда ушбу воқеа бўйича Наманган вилоят Транспорт прокуратураси Ўзбекистон Жиноят кодексининг 263-моддаси (Темир йўл, денгиз, дарё, ҳаво транспорти воситаси ёки алоқа йўлларини яроқсиз ҳолатга келтириш) бўйича жиноят иши қўзғаб, тергов-суриштирув ишларини олиб бораяпти.

Чортоқ туман ҳокимлигидан олинган маълумотга кўра, уч ўсмир ўқийдиган иккита коллежнинг раҳбарияти ушбу воқеа ортидан жавобгарликка тортилиши мумкин.

2013 йилнинг октябрида Ўзбекистоннинг Жиззах вилояти ҳудудида Тожикистонга қарашли Душанбе-Конибодом поезди рельсдан чиқиб кетиб ҳалокатга учраган эди. 70га яқин йўловчи жароҳатланган ҳодиса учун Ўзбекистон томони масъулиятни ўз зиммасига олган эди.

Расмий хулосага кўра, Ўзбекистон томони бу участкада таъмирлаш ишлари олиб борилаётгани ва тепловоз тезлигини камайтириш лозимлиги тўғрисида машинистни огоҳлантирмаган.

XS
SM
MD
LG