Линклар

Шошилинч хабар
23 декабр 2024, Тошкент вақти: 21:32

Нью-Йоркда ИШИДга қўшилмоқчи бўлган ўзбеклар ҳибсга олинди


АҚШ да ҳибсга олинган уч ўзбекнинг дастлабки маҳкамасига оид Америка матбуотида чоп этилган қаламтасвир.
АҚШ да ҳибсга олинган уч ўзбекнинг дастлабки маҳкамасига оид Америка матбуотида чоп этилган қаламтасвир.

АҚШ Федерал тергов бюроси (аксар ўзбекистонликлар орасида ФБР қисқартмаси билан танилган) Нью-Йоркнинг Бруклин мавзесида яшаб келган икки Ўзбекистон ва бир Қозоғистон фуқаросини қўлга олди.

Ўзбекистонлик 24 яшар Абдурасул Жўрабоев, 30 яшар Аброр Ҳабибов, қозоғистонлик 19 яшар Аҳрор Саидахметов “Исломий давлат” гуруҳига молиявий кўмак кўрсатишга ҳаракат қилганлик ва Туркия орқали Сурияга ўтиб “Исломий давлат” жиҳодий гуруҳига қўшилмоқчи бўлганликда айбланмоқда.

Чоршанба куни маҳкамага келтирилган уч ўзбек қаламтасвири.
Чоршанба куни маҳкамага келтирилган уч ўзбек қаламтасвири.

Бири аэропортда¸ иккинчиси уйида¸ учинчиси эса Флоридада қўлга олинган учала ўзбек чоршанба куни дастлабки маҳкамага олиб келинди. Уларни қамоққа олиш ҳақида ордер беришни сўраб маҳкамага топширган аризасида федерал терговчилар¸ Саидахметовнинг 25 февраль куни Истанбулга учиб кетмоқчи бўлаётганида Кеннеди аэропортида қўлга олингани билдирган. Мазкур ҳужжатга кўра¸ Жўрабоев 29 март куни Истанбулга учиб кетиши керак бўлган. Ҳабибов эса Саидахметовнинг “Исломий давлат” гуруҳига қўшилиши учун керакли бўлган харажатларни ўз зиммасига олганликда гумонланмоқда.

Федерал тергов бюросининг Нью-Йорк бўлими раҳбари ўринбосари Диего Родригез ҳибсга олинганлар АҚШда террор ҳужумларини амалга оширмоқчи бўлганларини айтди:

- Гумонланувчилар "Исломий давлат" (бирламчи номи Ироқ ва Шом ислом давлати - ИШИД) гуруҳига қўшилиш мақсадида Туркияга махфий тарзда учиб кетмоқчи бўлишган. Агар учиб кета олишмаса, АҚШда террор амалиётларини содир этишни , жумладан, ФБР агентларига суиқасд уюштиришни режалаштиришган, деди Родригез.

Федерал тергов ходимлари қўяëтган айблар

Чоршанба кунги маҳкамага тақдим этилган ҳужжатларга кўра¸ ИШИДнинг ўзбек тилидаги Hilofatnews.com сайтидаги ëзувларини кўрган федерал агентлар ўтган август ойида Абдурасул Жўрабоевнинг уйига борган.

Ню-Йоркда "Исломий давлат"га қўшилмоқчи бўлган ўзбеклар ушланди
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:01:32 0:00

(Федерал тергов бюроси ходимларининг маҳкамага учала гумонланувчини қамоққа олиш учун ордер беришни сўраб топширган аризаси.)

“Мен ҳозир АҚШда яшайман¸ лекин ҳозирча қуролим йўқ. Бу ерда яшаб туриб ҳам ўзимизни шаҳидликка бағишлашимиз мумкинми? Масалан¸ Обамани ўлдириш учун худкушлик қилсак¸ шаҳид бўламизми? Бу билан биз кофирлар юрагига қўрқув соламизку”¸ дейилади¸ федерал агентларга кўра¸ Жўрабоевнинг ИШИД сайтидаги ëзувларида.

ФБР агентларига кўра¸ улар билан суҳбатда Жўрабоев бу шарҳларни ўзи ëзганини тан олган¸ пули бўлса¸ Сурияга бориш режасида экани ва Обамага зиëн еткизишга уринишини билдирган. Жўрабоев шунингдек¸ агентга яқин дўсти Саидахметовнинг айни қараш ва орзуда эканини айтиб берган.

Федерал агентлар билан суҳбатдан сўнг Жўрабоев ИШИДнинг Ироқдаги сайти маъмури Абу Бакр Бағдодий билан билан Интернет орқали боғланиб¸ Сурияга кетишда ниҳоятда эҳтиëткор бўлиш¸ акс ҳолда аэропортда қўлга олиниши мумкинлиги эҳтимолини муҳокама қилган¸ ундан маслаҳат сўраган.

Терговчилар маҳкамага топширган ҳужжатларда Жўрабоев ва Саидахметовнинг Туркияга боргандан кейин қандай қилиб ИШИД назоратидаги ҳудудларга ўтиш йўлларини қидиргани ва декабрь ойида Ҳабибов молиявий кўмаги билан Туркияга кетиш учун билет сотиб олгани айтилади.

Жиҳодчиликни орзу қилган икки ўзбекка Истанбулга билет олиб берган Аброр Ҳабибов¸ Флорида¸ Жоржиа¸ Пенсилвания ва Виржиния штатларида мобил телефон тузатиш ва идиш-товоқ сотиш билан шуғулланувчи кичик дўкончалар тармоғини бошқариб келган ва Саидахметов унинг қўлида ишлаган.

Федерал тергов бюросига пул эвазига жосуслик қилган шахс сентябрь ойида масжидга келган Жўрабоевга ўзини ҳам ИШИД тарафдори қилиб кўрсатиб¸ ўзаро суҳбатни ëзиб олган ва бу суҳбат уни ҳибсга олишга асос бўлган далиллардан биридир.

Айни шундай Саидахметов ҳам ФБР жосусига Сурияга кетиш орзусида экани¸ бироқ буни сезиб қолган онаси паспортини олиб қўйганидан шикоят қилган.

Саидахметов шунингдек жосусга ўзининг Америкада автомат сотиб олиб¸ агар Сурияга кетишига халақит берса¸ полиция ва ФБР агентларини отиб ташлаш ниятини изҳор қилган.

Жўрабоев билан ФБР агентлари ëзиб олган телефон суҳбатида Саидахметов шунингдек ИШИДга қўшилишдан олдин АҚШ армиясига кириш ва ўша ердан туриб жиҳодчиларга стратегик муҳим маълумот юбориб туриш режасини муҳокама қилган. Бу таклифи Жўрабоевга маъқул келмаганидан кейин Саидахметов¸ Америка аскарларига ўт очиб¸ имкон борича кўпроғини ўлдиришни таклиф қилади.

Адвокат эътирози

Саидахметов адвокати Адам Перлмуттер¸ чоршанба кунги маҳкама эшитувларида ўз ҳимоясидаги йигитнинг адвокат иштирокисиз ФБР агентлари томонидан савол-жавоб қилинганининг қанчалик қонунийлигини савол остига олди ва ўз мижозига қўйилган айбларни рад қилди:

- Бу шахслар ҳозирча гумонланмоқда ва уларга нисбатан расмий айблов эълон қилинмади. Агар бу айблар ҳақиқат бўлса¸ ҳозирча бу шунчаки айблов¸ бу бизни федерал ҳукуматнинг Америкадаги ëш мусулмон йигитларига нисбатан ëндашувини савол остига олишга мажбур қилади¸ деди адвокат Перлмуттер.

“Бу жудаям ëш¸ жуда ëш йигит”¸ дея таъкидлаган Перлмуттер АҚШ федерал тизимларининг ëш мусулмон йигитларига муносабати¸ хусусан¸ Жўрабоев билан бир квартирада яшаган шахсни пул эвазига ФБРга жосусликка ëллаш тактикасини танқид қилди:

- Жараëнга аралашиш¸ бу йигитлар билан гаплашиш¸ вазиятни ўрганиш¸ уларни тушунишга ҳаракат йўқ. Федерал ҳукумат дарҳол бу йигитларни таъқиб қилиш¸ ҳибсга олиш ва жазолашга ҳовлиқмоқда. Мен бугун ҳаммага айбсизлик презумпциясининг Америка тупроғида ҳамон қонун эканини эслатиб қўймоқчиман. Ва биз ҳибсга олинган шахслар ҳақларини ҳимоя қилиш учун қаттиқ курашиш режасидамиз¸ деди адвокат Перлмуттер.

АҚШ прокурори ëрдамчиси Дуглас Правда чоршанба кунги маҳкамада ушланган учала йигит гаров эвазига озодликка чиқарилса¸ жамоатчилик хавфсизлигига таҳдид солиши ва имкон топиб¸ АҚШдан қочиб кетиши боис¸ уларни қамоққа олишни сўради.

Правдага кўра¸ қўлга олинганидан кейин йигитлар Истанбулга боришдан мақсад ИШИДга қўшилиш экани ва у ердан қайтмаслик режасида бўлганини эътироф қилган.

Агар гумонланаëтган уч ўзбекка қўйилаëтган бу айбловлар маҳкамада ўз тасдиғини топса¸ улар 15 йилгача озодликдан маҳрум этилиши мумкин.

АҚШдаги ИШИД "ошиқлари"

Лоретта Линч хонимнинг яқин кунларда АҚШ Бош прокурори Эрик Ҳолдер ўрнини эгаллаши кутилмоқда.
Лоретта Линч хонимнинг яқин кунларда АҚШ Бош прокурори Эрик Ҳолдер ўрнини эгаллаши кутилмоқда.

- Суриядаги жангарилар сафига қўшилаëтган хорижликлар оқими мамлакатимиз ва иттифоқчиларимиз учун кучайиб бораëтган таҳликадир. Биз Сурияга бориб¸ ИШИД сафида ваҳший жиҳод қилишга уринаëтганлар ва уларни қўлловчиларни кескин таъқиб қилишда давом этамиз¸ деди Бруклин прокуратураси учун масъул ва яқинда АҚШ Бош прокурори этиб тайинланиши кутилаëтган Лоретта Линч.

Туркия орқали Суриядаги жиҳодга кетиш арафасида ҳибсга олинган икки ўзбек билан АҚШ аэропортида айни шундай айб ортидан ушланганлар сонининг ўндан ошгани айтилмоқда.

АҚШ ва бошқа Ғарб ҳукуматлари “Исломий давлат” гуруҳининг Ғарбдаги ëшларни ижтимоий тармоқлар воситасида ўз сафига ташвиқ қилиш кампаниясидан жиддий ташвиш билдириб келмоқда.

“ИШИДчилар Интернетдан устамонлик билан фойдаланиб одамларни радикаллаштириш ва уларни зўравонликка ундашга чақириб келмоқда”¸ деган эди бу ҳақдаги чиқишларидан бирида Федерал тергов бюроси директори Жеймс Коми.

ФБР тахминича¸ ҳозирга қадар 150 ка яқин америкалик Суриядаги жиҳодга қўшилган ëки қўшилишга уринган.

АҚШда террор фитнасида гумонланган ўзбекистонликлар

25 февраль куни Ню Йорк ва Флоридада ушланганлар бевосита "Исломий давлат" билан алоқадорликда гумонланиб ушланган дастлабки ўзбеклар бўлса-да¸ улар радикал исломий гуруҳларни қўллашда айбланаëтган биринчи ўзбекистонликлар эмас.

2012 йил 13 июль куни АҚШнинг Бирмингем округидаги Федерал суд ҳакамлари президент Барак Обамани ўлдирмоқчи бўлганини тан олган 22 яшар ўзбекистонлик Улуғбек Қодировни 15 йилга озодликдан маҳрум қилган эди.

Президент Обамани ўлдирмоқчи бўлган тошкентлик Улуғбек Қодиров.
Президент Обамани ўлдирмоқчи бўлган тошкентлик Улуғбек Қодиров.

АҚШда ноқонуний яшаб келган Улуғбек Қодиров 2011 йил 13 июлида Алабама штатининг Бирмингем шаҳри яқинидаги мотелда ўзини қуроллар сотувчи деб танитган махфий хизмат агентидан қурол сотиб олаётган пайтда ҳибсга олинган эди.

Қодиров ижтимоий тармоқларда президент Обамани ўлдириш ниятида экани ҳақидаги маълумотларни тарқатганидан сўнг АҚШ махсус хизматлари кузатувчига олинган эди.

Қодировнинг адвокати Ланс Белл ўз ҳимоясидаги одам “ашаддий террорист эмаслиги”, у ижтимоий тармоқда исломий мафкура ташувчилар билан танишиб, мана шу мафкура қурбонига айлангани, шунинг учун ҳам шафқат қилинишга лойиқ эканини билдирди.

2012 йилнинг 21 январь куни Чикагонинг О’Ҳара халқаро аэропортида 35 ёшли Ўзбекистон фуқароси Жамшид Мухторов ҳибсга олинган эди.

Жамшид Мухторов Ўзбекистон исломий ҳаракати кўмакчиси сифатида ҳибсга олинган.
Жамшид Мухторов Ўзбекистон исломий ҳаракати кўмакчиси сифатида ҳибсга олинган.

АҚШдан сиёсий бошпана олган¸ Ўзбекистонда расман рўйхатга олинган "Эзгулик" инсон ҳуқуқлари жамиятининг Жиззах бўлимини бошқарган Мухторов Исломий жиҳод иттифоқига аъзоликда айбланиб¸ ҳибсда сақланмоқда.

Айни 2012 йилнинг мартида Филаделфия шаҳрида яна бир Ўзбекистон фуқароси Бахтиëр Жумаев террорчиликка алоқадорликда гумонланиб ҳибсга олинди.

АҚШ Федерал тергов бюроси ходимлари Бахтиëр Жумаевга қарши илгари сурилган айбловларга унинг Жамшид Мухторов билан яқин дўстлиги, хусусан унга 300 доллар пул юборганини террор ташкилотига моддий ëрдам кўрсатганлик далили сифатида асос қилиб келтирилган.

Фазлиддин Қурбонов.
Фазлиддин Қурбонов.

Мухторовга яқинлик ортидан ФБР агентлари назарига тушган яна бир ўзбекистонлик Фазлиддин Қурбонов 2013 йилнинг 16 май куни Айдаҳо штатининг Бойси шаҳрида террорчи гуруҳга ëрдам берганликда гумонланиб ҳибсга олинди.

АҚШ давлат қораловчилари Қурбоновга нисбатан АҚШ томонидан халқаро террор ташкилотлари рўйхатига киритилган Ўзбекистон исломий ҳаракатига одам ëллаш¸ асосий базаси Покистоннинг шимолий Вазиристон минтақасида экани айтиладиган ушбу гуруҳга компютер дастурлари ва пул юбориш айбини расман маҳкамага тақдим этди.

Бундай айблар қўйилишининг ашëвий далили сифатида прокурорлар Қурбоновнинг Бойсидаги квартирасидан топилган қўл гранатаси¸ снряд трубкаси¸ ўқ-дори ва портловчи моддаларни маҳкамага тақдим этган. Шунингдек¸ махсус хизмат ходимлари бир неча компютер¸ қаттиқ диск ва телефонни далил сифатида қўлга олган. Янги далил ва айблар асосида ҚурбоновЎзбекистон исломий ҳаракати томонидан оммавий қирғин учун ишлатилишини яхши билган ҳолда улар сафига одам ва пул жўнатишда айбланмоқда.

АҚШ маҳкамаси ҳозирча бир-бирига алоқадор бўлган Жамшид Мухторов¸ Бахтиëр Жумаев ва Фазлиддин Қурбоновлар иши юзасидан ҳукм чиқарганича йўқ.

XS
SM
MD
LG