Линклар

Шошилинч хабар
24 декабр 2024, Тошкент вақти: 07:21

Курьерлик жўнатмаларига оид янги тартиб қабул қилиниши кутилмоқда


Кузатувчилар¸ хусусий курьерлик хизматининг фалаж қилиниши ортида "Ўзбекистон Почтаси" ҳиссадорлик жамияти асл хўжайинларининг манфаати ëтганини тахмин қилмоқда.
Кузатувчилар¸ хусусий курьерлик хизматининг фалаж қилиниши ортида "Ўзбекистон Почтаси" ҳиссадорлик жамияти асл хўжайинларининг манфаати ëтганини тахмин қилмоқда.

Ўзбек божхоначиларининг “курьер жўнатмалари”ни почта алоқаси тури эмас деб эълон қилиб¸ 6 январдан бошлаб хориждан юборилаëтган жўнатмаларга камида 100 фоизлик бож жорий қилгани ортидан туғилган ҳуқуқий тортишув яқин кунларда ечим топиши мумкин. Масалани ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солиш маъсулияти юклатилган Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлигининг бу юзадан бир ой ичида қарор чиқариши кутилмоқда. Кузатувчиларга кўра¸ бу қарордан сўнг ëки Божхона қўмитаси қарори бекор этилади¸ ëки аксинча¸ божхоначилар қарорини қўллаш учун мамлакат қонунчилигига ўзгартиш киритилади.

Умидлар баҳори...

Ўзбекистон Давлат божхона қўмитаси “Почта алоқаси” тўғрисидаги қонунга зид равишда 2015 йил 6 январидан бошлаб “курьер жўнатмалари”ни почта алоқаси тури эмас деб эълон қилди ва улар Ўзбекистонга олиб кираëтган жўнатмаларга камида 100 фоизлик бож жорий қилди.

Озодлик манбаларига кўра¸ айни кунларда божхоначиларнинг бу қарори устидан 24 хусусий курьерлик хизматининг Вазирлар Маҳкамасига топширган аризаси ўрганилмоқда ва бу масалада якуний хулоса баҳорнинг илк ойида чиқарилиши мумкин:

- Ҳозир бу муаммога ечим қидирилмоқда. Балки ярим¸ балки бир ой ичида муаммо ҳал бўлиши ва вазият аввалги ҳолига қайтиши керак. Фақат янги тартибга кўра¸ хориждан кимнинг кимга нарса жўнатаëтгани устидан назорат кучайтирилиши кутилмоқда. Жўнатмани қабул қилаëтганлар ўз паспорти нусхасини божхона идорасига топширишлари керак бўлади. Шунингдек¸ янги тартибда бир жисмоний шахснинг курьерлик хизмати орқали хориждан ҳар уч ойда фақат бир марта жўнатма олишига рухсат берилади¸ деди Ўзбекистондаги хусусий курьерлик ширкати вакили Озодлик билан суҳбатда.

Айни пайтда бу суҳбатдош¸ Ўзбекистон ҳукуматининг ҳатти-ҳаракатларини 100 фоиз ишонч билан олдиндан айтиб бўлмагани боис¸ муаммога айнан шу тарзда ечим чиқарилишига кафолат йўқлигини ҳам қўшиб қўйди.

Озодлик мухбири суҳбатлашган бошқа шундай ширкат вакили ҳам¸ келаси бир ой ичида яхши хабар келиши кутилаëтгани ва курьерлик хизматларининг яна аввалгидек ўз фаолиятини давом эттиришига умид қилинаëтганини билдирди.

Аммо жаҳон бўйлаб курьерлик хизмати кўрсатувчи йирик Ғарб ширкатининг Ўзбекистондаги вакили¸ ҳозирча бу масалада умидвор бўлишга асос йўқлигини таъкидлади:

- Ҳозирча аҳвол ўша-ўша – жисмоний шахсларга юборилаëтган посилкалар камида 100 фоизлик божга тортилмоқда. Ҳеч қандай ўзгариш ҳақида хабар йўқ¸ бўлса бизга божхоначилар билдирар эди. Ҳозирча фақат “Ўзбекистон Почтаси” орқали юборилган жўнатмаларгагина бож солинмаяпти¸ биз бу имтиëздан маҳруммиз¸ деди хусусий курьерлик ширкатларидан яна бири вакили.

Божхона қўмитасининг айни масалага маъсулларидан бири Озодлик билан суҳбатда¸ курьерлик жўнатмалари бўйича юзага келган ҳуқуқий муаммо юзасидан “тепада” ҳали қарор чиқарилмагани ва шу боис ҳозирча бундай жўнатмаларни қабул қилувчилар бож тўлашга мажбур эканини билдирди:

- Бу масалада ҳозирча бизга ўзгарди-ўзгармади деган бирор қарор келмади. Бу қарорни биз чиқармаймиз. Ҳозирча курьерлик жўнатмалари божга тортилади ва улар эгалари посилкани бож тўламай олиб чиқа олмайдилар¸ деди божхона мутасаддиси.

Қонун vs қарор

Ўзбекистон Давлат божхона қўмитасининг 2015 йилнинг 6 январидан бошлаб Ўзбекистон ичкарисига хориждан курьерлик хизматлари орқали юборилган ҳар қандай жўнатмага камида 100 фоизлик бож солишга оид қарори айни хизмат тури билан шуғулланувчи хусусий ширкатларни оғир аҳволга солиб қўйди.

Айни пайтда¸ 1000 АҚШ долларигача бўлган товар жўнатмаларининг Ўзбекистондаги ўз яқинларига ҳам тез¸ ҳам арзон юбориб келган хориждаги ўзбекистонликларнинг ватанга совға-салом ëки эҳтиëж молларини юбориши фалаж бўлиб қолди.

Ўзбекистон Республикасининг “Почта алоқаси” тўғрисидаги қонунининг янги таҳриридаги “Асосий тушунчалар” деб номланган 3-моддасида “почта алоқаси— почта, курьерлик жўнатмалари ва пул маблағларининг почта ўтказмаларини жўнатиш ва етказиб бериш (топшириш)ни таъминловчи техника ва транспорт воситаларининг ягона ишлаб чиқариш-технология мажмуидан иборат алоқа тури” деб таснифланган.

Аммо 2015 йилдан хорижий давлатлардан жисмоний шахслар номига келаётган жўнатмаларнинг божхона расмийлаштируви юзасидан изоҳ берган Ўзбекистон Давлат божхона қўмитаси қонунни бошқача шарҳлади:

“Амалдаги қонунчилик талабларидан келиб чиқиб:

1) барча халқаро почта жўнатмалари почта жўнатмаси сифатида тасдиқланса (божхоначилар фақат "Ўзбекистон Почтаси" орқали юборилган посилкаларни "почта жўнатмаси" деб тан олди - таҳр), божсиз олиб кириш нормалари қўлланилган ҳолда божхона расмийлаштируви амалга оширилади;

2) барча курьерлик жўнатмаларининг амалдаги қонунчиликда назарда тутилмагани боис, товарларни божсиз олиб кириш нормалари қўлланилмаган ҳолда ва ўрнатилган тартибда божхона расмийлаштируви амалга оширилади”¸ деди жумладан курьерлик жўнатмаларига унинг қимматидан 100 фоиз ва ундан кўпроқ бож солинганини изоҳлаган Божхона қўмитаси.

Божхона қўмитаси маҳаллий матбуотга берган ўз изоҳида Ўзбекистон қонунида курьерлик жўнатмаларига айнан почта алоқаси тури¸ деб тушунтириш берилганини шарҳлашни ўзига эп кўрмади.

Норозилик

Январь ойида Ўзбекистон фуқароларининг Интернет дўконлар орқали сотиб олган товарларини етказиш¸ қолаверса ўзбекистонликларга хориждан посилкалар жўнатиш билан шуғулланиб келган 24 хусусий ширкат Вазирлар Маҳкамасига Давлат Божхона қўмитасининг 6 январдан кучга кирган буйруғини бекор қилиш сўрови билан мурожаат қилган эди.

DHL, UPS, TNT, FEDEX, MEEST ASIA, AFT, ARAMEX, KATORG PVU GROUP, ALPHA EXPRESS, EXPOSER, KHAYMANS EXPRESS, ATLANTIC TRADE, POLAR EXPRESS, ASE EXPRESS, IPS, MMS, FPA, ЧФ «Абду Лутфи Пост», UАР, СП Avializing, Caravan Express Service, Xadicha~Lux Service, Shohruh каби хусусий почта-курьер ширкатлари мурожаатида Божхона қўмитаси қарорининг Ўзбекистон қонунчилиги ва фуқаролар ҳақларини қўпол равишда бузиш экани айтилди.

Кузатувчилар эса¸ хусусий курьерлик жўнатмаларининг мавжуд қонунчиликка зид равишда божхоначилар қарори билан тўсатдан солиққа тортилиши асл сабабларини “Ўзбекистон Почтаси” ва унинг эгалари манфаатидан қидириш лозимлигини айтмоқда.

-Ўзбекистонда одамларнинг пул топишини ëқтиришмайди. Ëзилмаган қонунга кўра¸ пулни фақат махсус тоифадагилар¸ яъни тепада ўтирганларгина топиши керак. Шунинг учун хусусий курьерлик жўнатмалари орқали кимларнингдир пул қилишига чек қўйилди. Пулни энди фақат ”Ўзбекистон Почтаси” эгалари ва улар ҳомийлари қилади. Шунинг учун ҳукуматнинг Божхона қўмитаси қарорини бекор қилиши ҳақидаги умидларга қўшилмайман. Аксинча¸ яқин келажакда “Почта тўғрисида”ги қонунга ўзгартиш киритиб¸ барча имтиëзни фақат “Ўзбекистон Почтаси”га хатлаб беришларини кутиш ўринлироқ бўлади¸ дейди бу ҳуқуқий можарони кузатаëтган тошкентлик журналист Сергей Ежков.

XS
SM
MD
LG