Линклар

Шошилинч хабар
24 декабр 2024, Тошкент вақти: 00:18

Қирғизистонда имтиҳонни ўзбек тилида топшириш бекор қилинди


Жорий йилдан бошлаб Қирғизистондаги ўзбек мактаблари битирувчилари олийгоҳлар учун кириш имтиҳони вазифасини ўтовчи Умумреспублика тестларини ўзбек тилида топшириш имкониятидан маҳрум этилди.

Қирғизистон маориф вазирлигининг билдиришича, бундан буён мактаб битирувчилари қирғиз ёки рус тилидагина тест топширади. Ўтган йили ҳам шундай қарор чиқарилган, бироқ рус ёки қирғиз тилини яхши билмаслиги ҳақида ариза ёзган ўқувчиларга ўзбек тилида имтиҳон топширишга рухсат берилган эди. Жорий йилдан бошлаб ўзбек мактаби битирувчилари бу имтиёздан ҳам фойдалана олмайди.

Бу масалада Маориф вазирлиги қошидаги Таълимда баҳолаш ва ўқитиш усуллари маркази расмийси Чинара Батиракеева қуйидагиларни маълум қилди:

- Ўтган йили қабул қилинган ҳукумат қарорига асосан имтиҳонлар қирғиз ва рус тилларидагини ўтказилиши керак эди. Бироқ Маориф ва фан вазирлигига махсус ариза ёзган ўқувчилардан ўзбек тилида тест олганмиз. Ўзбек тилида фақатгина 49 бола имтиҳон топширган. Шу сабабли бу йил имтиҳондан ўзбек тили бира тўла олиб ташланди,- деди Чинара Батиракеева.

Расмий маълумотларда Ўш, Жалолобод ва Боткен вилоятларидаги 91 мактабда ўқитиш ўзбек тилида олиб борилиши айтилган. Яна 132 мактабда эса ўзбек-қирғиз ва ўзбек-рус тилларида билим берилади.

2002 йилда жорий этилган Умумреспублика тест синови Қирғизистонда 12 йилдан буён қирғиз, рус ва ўзбек тилларида ўтказиб келинган.

Айрим қирғиз сиёсатчилари ва фаоллари биринчи марта 2012 йилда Қирғизистонда ўзбек тилидаги тестни бекор қилишни талаб қилган эди. Бироқ ўшанда Қирғизистон Маориф ва фан вазири Қанат Садиқов ўзбек тилидаги тестларни бекор қилиш фуқаролар ҳуқуқи бузилишига сабаб бўлишини дастак қилиб, бу таклифни рад этган эди.

2014 йилда ўзбек мактаблари битирувчилари имтиҳонларни она тилларида топшириш имтиёзидан маҳрум этилганидан сўнг ўзбек ўқувчилари имтиҳонларни бошқа тилда топширишга қийналгани ва кўплаб битирувчилар тест синовларидан ўтолмагани айтилганди.

Шундан сўнг ота-оналарнинг талаби ва бир қатор сиёсатчиларнинг илтимоси билан имтиҳонларни ўзбек тилида топширишга рухсат берилган эди.

Маълумотларга кўра, жорий йилда мактабни 75 минга яқин ўқувчи тамомламоқда. Уларнинг қанчаси ўзбек мактаби битирувчилари экани ҳақида ҳозирча аниқ маълумот йўқ.

- Бироқ биз бир нарсани эсга олишимиз керак. Ҳар бир битирувчи тест топширавермайди. Олий ўқув юртига кирмоқчи бўлган ўқувчиларгина топширади. Ўтган йили 53 минг абитуриент тест топширган. Уларнинг орасида мактаб битирувчилари, турли сабаблар билан аввалги йили топширолмаганлар ҳам бор эди. Бу йилда ҳам тахминан шунча одам бўлиши кутилмоқда, - дейди Таълимда баҳолаш ва ўқитиш усулллари маркази мутахасиси Чинара Батиракеева.

Умумреспублика тестлари 18 майдан 23 майгача икки босқичда ўтказилиши кутилмоқда.

XS
SM
MD
LG