Линклар

Шошилинч хабар
22 декабр 2024, Тошкент вақти: 15:25

Уч мингдан зиёд маҳбус амнистия билан қамоқдан чиқарилди


Ўзбекистонда ўтган йил декабрида эълон қилинган амнистияга мувофиқ мамлакат қамоқхоналаридаги 3135 нафар маҳбус озодликка чиқарилган. Бу ҳақда Ички ишлар вазирлигининг Жазони ижро этиш бош бошқармаси маълум қилди. Сўнгги амнистия туфайли озод қилинганлар сони 2013 йилдаги амнистияга қараганда 202 нафарга камдир.

Хоразмнинг Урганч туманида яшовчи Саъдулла ака 28 яшар ўғли Ҳамиднинг озодликка чиққани шарафига элга ош бермоқда.

Урганчдаги Турк лицейининг битирувчиси Ҳамид беш йил аввал "Нурчилар" диний оқимига алоқадорликда айбланиб етти йилга қамалган эди.

- Икки ҳафта олдин Қаршидаги қамоқхонадан уйимизга ўғлимизни ҳеч кимга ишонмай ўзлари кузатиб олиб келиб, топшириб кетишди. Рангги-рўйи ўзида, қамоқда ўтириб чиққанга сира ўхшамайди, дея гапиради Саъдулла ака.

Озодлик манбаларига кўра¸ бошқа вилоятларида ҳам шу кунларда қамоқдан чиққан диндорларнинг яқинлари қўй сўйиб, элга ош бераётганини кузатиш мумкин.

Тошкентдаги Мустақил инсон ҳуқуқ ҳимоячилари ташаббус гуруҳи раҳбари Суръат Икромовга кўра, диний сабабларга кўра қамалган маҳбусларнинг гуруҳ-гуруҳ бўлиб озод қилинаётгани Ўзбекистонда илк бор кузатилмоқда.

- Қамоқдан чиққанларни кўпчилиги анча муддат ўтирган, чиқишига бир-икки йил қолган маҳбуслар. Президентга тавба-тазарру қилган, бир неча марта президентга хатлар ёзган маҳбуслар озод қилинаяпти, дейди Икромов.

Таниқли диний воиз ва футбол шарҳловчиси Хайрулла Ҳамидов ҳам ўтган ой Ўзбекистон президенти эълон қилган амнистияга мувофиқ озодликка чиқарилди.

Бош қароргоҳи Лондонда Халқаро Амнистия инсон ҳуқуқлари ташкилотининг Марказий Осиё бўйича тадқиқотчиси Мэйси Уайшердинг бу йилги озод этишларни март ойига белгиланган президентлик сайловлари билан боғлайди:

- Бу президент Ислом Каримовни бўлғуси сайловлар арафасида марҳаматли давлат раҳбари этиб кўрсатиш мақсадида уюштирилаётган навбатдаги томоша бўлиши мумкин, дейди Уайшердинг.

Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги Жазони ижро этиш бош бошқармасига кўра, 2014 йил ноябрида Сенат томонидан тасдиқланган амнистия туфайли мамлакат қамоқхоналаридаги 3135 нафар маҳбус озодликка чиқарилган.

Авфга кўра, озод этилганлар орасида 42 нафар хориж фуқароси ҳам бор. Улардан 11 нафари Қозоғистон, 10 нафари Тожикистон, 9 нафари Россия, 2 нафари Туркия, бир нафари Хитой¸ яна бир нафари Украина фуқаросидир.

Жазони ўташдан озод қилинганлар орасида, шунингдек, нафақа ёшидаги 14 одам, 9 ногирон, 42 аёл ва 60 нафар вояга етмаган шахс ҳам бор.

Сўнгги амнистия асосида озод қилинганлар сони 2013 йилдаги амнистияга қараганда 202 нафарга камдир.

Айни пайтда қамоқда сақланаётганига 20 йилдан ошган айрим маҳбусларга амнистия ҳамон қўлланилмаяпти. Уларга дастлаб 5-10 йиллик қамоқ жазоси берилган бўлса, бу муддат тугагач, янги жазо муддатлари қўшилишда давом этмоқда.

Ўзбекистонда энг узоқ муддат қамоқда сақланаётган сиёсий маҳкум Мурод Жўраев, Муҳаммад Бекжон, Самандар Қўқоновлардир.

Шунингдек, халқаро ташкилотлар озод этилишини талаб қилиб келаётган бошқа сиёсий маҳбуслар - Руҳиддин Фахриддинов, Солижон Абдураҳмонов, Аъзам Фармонов, Дилмурод Саййид, Аъзам Турғунов, Ғанихон Маматхонов ҳамон қамоқда қолмоқда.

- Афсуски, қамоқдан озод бўлиши керак бўлган узоқ йиллик маҳбуслар қамоқ муддати тугай деб қолганда турли сабаблар билан муддатлари узайтирилиши сўнгги ойларда жуда кўпайди. Қамоқда кийиш мумкин бўлмаган туфлида юрдинг, деб маҳбусларга икки-уч йил қўшиб берилаяпти. Бу жуда ташвишланарли ҳол, дейди Халқаро Амнистия ташкилоти тадқиқотчиси Мэйси Уайшердинг.

Ўтган йили бир нечта ҳуқуқ фаолига Ўзбекистон қамоқхоналаридаги Солижон Абдураҳмонов, Мурод Жўраев, Дилмурод Саидов, Аъзам Турғуновлар билан учрашишга рухсат берилган, уларнинг соғлиқлари жуда ачинарли аҳволда эканини кўрган фаоллар¸ балки тез орада озодликка чиқарилишлари мумкинлиги ҳақида умид билдирган эдилар.

XS
SM
MD
LG