Линклар

Шошилинч хабар
23 декабр 2024, Тошкент вақти: 16:16

Бола парваришлаган аёллар пенсияси қисқартирилмоқда


Аёлларнинг бола парваришлаш учун уйда ўтирган йиллари уларга пенсия тайинлаш чоғида тан олинган умумий иш стажидан чиқариб ташланмоқда ва пенсия қайта ҳисобланмоқда.

Айрим сайтларда пайдо бўлган бу маълумотни Пенсия жамғармаси ходимлари ҳам, шундай масала билан шуғулланган адвокатлар ҳам тасдиқлади.

UzMetronom.com сайтининг ўз муштарийлари хабарларига таяниб ёзишича, “баъзиларнинг иш стажидан 1-2, бошқаларникидан 5-7 йил олиб ташланмоқда, натижада пенсиялар қисқармоқда ва пенсиянинг шу пайтгача нотўғри ҳисобланган қисми чегирилиб қолмоқда”.

Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги Бюджетдан ташқари пенсия жамғармасининг ўзини таништирмаган ходими Озодлик саволига жавоб берар экан,

- Бу гап рост, чегириб ташланаётгани рост, деди ва шу масала билан шуғулланувчи мутахассисга мурожаат қилишни маслаҳат берди.

Жамғарманинг Жиззах вилоят бўлими ходими:

- Пенсия тайинланаётган чоғда қонун бузилганлиги аниқланиб қолса, қайта ҳисобланаяпти, деди.

Қайта ҳисоблаш сабабини тушунтирар экан, ўзини таништиришни истамаган ходим бундай деди:

- Илгарилари кўп болалари оналарга пенсия тайинлашда уларнинг иш стажига 6 йил қўшилар эди. Ундан кейин тайинланган пенсиялар ҳам бор. Пенсия жамғармасини назорат қилувчи Назорат-тафтиш бошқармаси (НТБ) бизни текшириб, ундан кейин қўшилганларни кесиб ташлаяпти, деди ходим.

Пенсия жамғармаси Жиззах вилоят бўлими ходимининг бироз тушунарсиз бу гапини тушуниш учун қонунларга мурожаат қилишга тўғри келади.

Қонунлар нима дейди?

Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 234-моддасида 2010 йил, 22 декабргача мана бундай меъёр мавжуд эди:

"Бола парвариши билан боғлиқ таътили давомида аёлнинг иш жойи (лавозими) сақланади. Бу таътиллар меҳнат стажига, шу жумладан мутахассислиги бўйича иш стажига қўшилади".

2010 йил, 22 декабрида Ўзбекистон Президенти имзолаган қонунга биноан юқоридаги меъёр ўзгартирилган. Шу муддатдан бошлаб аёлнинг бола парвариши билан боғлиқ барча таътилларининг 3 йилигина умумий иш стажига қўшилади.

Масалан, иккита фарзанд кўрган аёл 2 марта 3 йилдан 6 йил уйда ўтирган, дейлик. Бу ҳолатда унинг умумий меҳнат стажига фақат 3 йил қўшилади.

Бу меъёр “Пенсия таъминоти тўғрисида”ги қонуннинг 37-моддасида ҳам акс этган.

Муаммо нимада?

Тошкентлик ҳуқуқшунос Руҳиддин Комиловнинг фикрича, муаммо, афтидан, “қонун тескари ҳаракат кучига эга эмас” деган принципга риоя қилинмаётганидадир.

Яъни, бола парвариши билан уйда кечган даврининг фақат 3 йилигина иш стажига қўшилажагига оид меъёр шу меъёрни белгилаб қўйган қонун кучга кирган кун - 2010 йил, 22 декабридан кейин пенсияга чиққан аёлларга тааллуқлидир.

2010 йил, 22 декабригача пенсияга чиққан аёлнинг иш стажига 3 йилдан кўпроқ муддат қўшилган бўлса, ҳуқуқшуноснинг фикрича, иш стажи ўзгартирилмаслиги лозим.

Руҳиддин Комилов худди шу меъёр бузилгани муносабати билан яқинда бир аёл мурожаат қилгани ва тегишли идораларга арз қилингач, иш стажи ва бинобарин, пенсия миқдори аввалги ҳолатига келтирилгани тўғрисида айтиб берди.

Ҳуқуқшунос бу мавзуга OzodNazarнинг яқин кунлардаги сонларидан бирида батафсил тўхтатилишга ваъда берди.

XS
SM
MD
LG