Линклар

Шошилинч хабар
23 ноябр 2024, Тошкент вақти: 02:24

Тадбиркорлар пулини ташқарига олиб чиқиб бериш учун 1,5 фоиз ҳақ олинади


Тадбиркорлар пулини Ўзбекистон ташқарисидаги манзилга етказиб бериш учун "ташувчи"лар сумманинг 1,5 фоизи миқдорида ҳақ олади.
Тадбиркорлар пулини Ўзбекистон ташқарисидаги манзилга етказиб бериш учун "ташувчи"лар сумманинг 1,5 фоизи миқдорида ҳақ олади.

Ўтган ой бошида Фарғона вилоятининг Данғара туманида Қирғизистонга яширин тарзда олиб кетилаётган катта миқдораги валюта ушлаб қолинди. Бу ҳақда Ўзбекистон Миллий хавфсизлик хизмати “Ёшлар” тақдим қилган видео ва маълумотларга кўра, операция натижасида фош қилинган гуруҳ ҳар куни Қирғизистонга 2-4 миллион АҚШ доллари миқдоридаги пулни ноқонуний тарзда олиб чиқиб кетган. Лекин бундай катта миқдордаги пул нима мақсадда Қирғизистонга олиб чиқилгани тўғрисида расмий маълумотда ҳеч нарса дейилмаган. Озодлик манбаларининг айтишича, ўзбекистонлик тадбиркорлар Хитой ёки Туркиядан товар олиб келиш учун пулни ана шу йўл билан олиб чиқишади.

“Ёшлар” телеканалида ўтган ҳафта намойиш қилинган оператив видеода махсус қадоқланган ва “Нексия” машинаси ўриндиғи, юкхонаси ва бошқа жойларига яширинган 1 миллион 600 минг АҚШ долларидан ошиқроқ пул Миллий хавфсизлик хизмати ходимлари томонидан мусодара қилинаётгани тасвирланган.

“Ёшлар” телеканали “Давр” ахборот дастурида берилган қисқа репортажга кўра, 6 февраль куни ўтказилган махсус операция натижасида фош қилинган гуруҳ тошкентлик ва фарғоналик 10га яқин фуқародан иборат бўлган. Улар миллионлаб доллар миқдоридаги пулларни Тошкентда тўплаб, Фарғона орқали Қирғизистонга олиб ўтиш билан шуғулланиб келган.

“Ёшлар” телеканалига кўра, мазкур гуруҳ ҳар куни 2-4 миллион АҚШ доллари миқдоридаги пулни мамлакатдан олиб чиққан. Лекин шунча пул кимдан тўплангани, нима мақсадда Қирғизистонга олиб чиқилгани тўғрисида репортажда маълумот йўқ.

“Ёшлар” телеканали мутасаддиларининг билдиришича, бу репортажнинг тайёрланишига телеканалнинг деярли алоқаси бўлмаган, оператив видео ва тайёр матн Миллий хавфсизлик химзати томонидан тақдим этилган. “Одатда бу каби видео ва тайёр текстни олиб келишади. Биз ўқиб берамиз холос”, дея билдирди “Ёшлар” канали ходими.

Ўзбекистон Миллий хавфсизлик хизмати Озодклининг бу ҳодиса тафсилотиларига доир саволларини жавобсиз қолдирди.

Лекин валютанинг чегарадан олиб ўтилиши жараёнидан хабардор Озодлик манбасининг айтишича, одатда бундай йўлдан Хитой ёки Туркиядан товар олиб келиш билан шуғулланадиган ўзбекистонлик тадбиркорлар фойдаланади. Чунки, дейди суҳбатдошимиз, Ўзбекистондан қонуний тарзда валютани ташқарига олиб чиқиш ўта чеклангани боис ана шундай каналлар йўлга қўйилган.

“Қирғизистонда валютани ташқарига олиб чиқиш умуман чекланмаган. Ўзбекистонда эса 2 минг доллардан ортиқроқ пулни олиб чиқмоқчи бўлсангиз, махсус справка қилишингиз, рухсатнома олишингиз керак. Масалан, Хитойдан ёки Туркияда товар олиб келиб савдо қиладиганлар катта пул билан боришлари керак. Уни Ўзбекистондан аэропорт орқали олиб чиқишнинг умуман имкони йўқ. Карточка қилсангиз бўлади, лекин тадбиркорлар Ўзбекистон банкларига унча ишонмайди, чунки катта пулингиз борлигини кўрсатиб қўйсангиз, дарров тегишли идоралар назарига тушиб қоласиз. Шунинг учун ҳозир пулингизни Қирғизистон орқали олиб чиқиб берадиган гуруҳлар пайдо бўлган”, дейди Озодлик манбаси.

Унинг яна айтишича, бундай гуруҳлар Тошкент ва бошқа вилоятлардан тадбиркорларнинг пулларини тўплаб, чегарадан олиб ўтиб беради. Хизмат ҳаққига 1,5 фоиз олишади, дейди суҳбатдошимиз.

“Масалан, Абу Саҳий транспорт компанияси Хитой ва Туркиядан Тошкентга олиб келиб берадиган товарлар учун ҳар бир тадбиркор бир боришда, ўртача, 50-100 минг АҚШ доллари олиб кетади. Миллион олиб кетадиган тадбиркорлар ҳам кўп. Хизмати учун олиб ўтилган пулдан 1,5 фоиз олишади, бу анча пул бўлади. Лекин улар гарантия беришмайди. Агар ушланиб қолса, тадбиркор куйиб қолаверади. Ҳеч кимга шикоят қила олмайди. Пул олиб ўтадиганлар жавобгарликни бўйнига олишади”, дейди Озодлик манбаси.

Озодликнинг бошқа манбасига кўра, Ўзбекистондан пулларни Европа мамлакатларига олиб бориб, банкларга жойлаштириб берадиган гуруҳлар ҳам бор, лекин уларнигн хизмат ҳаққи қимматроқ бўлади. “Пулингизни Европадаги банк ҳисоб рақамингизга тушириб бериш учун умумий сумманинг 15 фоизигача ҳақ тўлашга тайёр бўлишингиз керак”, дейди манба.

Ўтган ойда президент рафиқасининг жияни Акбарали Абдуллаев устидан бораётган жиноят ишига оид баъзи тафсилотлар ошкор бўлди. Тергов материалларига кўра, Акбарали Абдуллаев ҳам ўз вақтида Фарғона вилоятидаги ноқонуний ҳаракатлар эвазига топилган камида 800 миллион АҚШ долларини нақд кўринишда мамлакатдан олиб чиқиб Европа банкларига жойлаштирган.

XS
SM
MD
LG