Тошкентдаги ўттиздан ортиқ етакчи ширкат раҳбарлари 8 март - Халқаро хотин-қизлар байрами куни таксичилик қилиб, аёлларга бепул ҳизмат қилиб беришадиган бўлди. Пойтахтлик аёллар ўз байрамлари кунида mytaxi.uz сайти орқали такси чақиришади ва такси рулига ўтирган тадбиркорлар уларни шаҳарни истаган нуқтасига бепул элтиб қўйишади.
Бу акцияга Тошкентдаги Mytaxi ҳизмати бош қўшган:
- Таксини сайтимизга кириб заказ қилишлари мумкин ёки мобил телефонлар учун приложенияларимиз бор, шу орқали чақиришлари мумкин. Ўша куни линияга чиқадиган таксичилар орасида катта бизнесменлар бўлади. Заказ уларга тушиб қолса бахти, улар бепул шаҳарни истаган жойига олиб бориб қўяди, - дейди Тошкентдаги Mytaxi ҳизмати ходими.
8 март куни аёлларга бепул таксичилик қилиб беришга бел боғлаган тадбиркорлардан бири Тошкентдаги Art House ширкати раҳбари Раҳматулла Ҳудайберганов Озодлик билан суҳбатда аёлларни байрамлари билан қутлаш мақсадида бу акцияга қўшилганини айтади.
- Мақсад аёлларимизни байрамлари кунида ҳурсанд қилиш. Ҳозир қайси машинамда таксичилик қилсам, экан деб ўйланиб турибман. Хуллас ё Lexus ёки Malibu бўлади. Мен шу куни ярим соат ўз машинамда аёлларга бепул ҳизмат қилиб бераман, ярим соат дейишган, лекин мен эрталаб 9дан тушдан кейин соат 2гача аёлларимизга беминнат ҳизмат қилиб бераман, - дейди Art House ширкати раҳбари.
8 март куни аёлларга бепул таксичилик қилиб беришга рози бўлган тадбиркорлар орасида Тошкентдаги “Карзинка”озиқ-овқат дўконлари тармоғи раҳбаридан тортиб Newmax Technologies LLC, Ўзбекистон-Хитой савдо уйи, "Таблетка" дорихоналар тармоғи ҳамда Office Market ширкати бошлиқлари бор.
Халқаро хотин-қизлар кунида такси рулига ўтирадиган тадбиркорлар орасида Тошкентдаги Avers савдо ширкатининг эгаси Аваз Хожиматов ҳам бор.
-Бу ҳайрли ишни яхши томони аёлларни байрамлари билан қутлаш бахонасида халқ ичига шўнғиб, улар билан бир кун бўлса-да ҳамнафас бўлиш, - дейди Хожиматов.
Ўтган йили Норвегия бош вазири Йенс Столтенберг ўз ҳукумати ҳақида халқ нима дейишини билиш учун яширин ҳолда бир кун таксичилик қилган эди.