Линклар

Шошилинч хабар
23 декабр 2024, Тошкент вақти: 12:40

Каримовнинг қадамига Наманганда дарахтлар қоғоздан гул очмоқда


Ўзбекистонда дарахтларнинг (бодомдан бошқаси..) март ойи бошида гуллаганини кўрганмисиз? Яна мевали дарахтлар атиргул бўлиб гуллаганиничи? Вой азаматларей, агар катта истаса а йўқ, бе йўқ олмаларни ҳам куртак ёздирмай гуллатиб юборишар эканей.

Бир латифа бўларди. Эшитгансиз. Бир киши ҳамкасбидан:

- Тимсоҳ ҳам учадими, деб сўраганда,

- Эсинг жойидами, тимсоҳ ҳам учадими, дебди.

Ҳамкасби:

- Ахир бошлиқ учади деб айтдику, деса у ўйланиб туриб:

- Ҳа учадию, лекин пастроооқ учадида, деган экан.

Бекорга эсламадим бу латифани. Ислом Каримов келадиган бўлса, ҳали куртак ёзмаган, барг чиқармаган, каллакланган дарахтлар ҳам гуллаб юборар экан.

Мен ҳам ишонмадимей бу гапга. Лекин президентнинг Наманганга ташрифи арафасида олмаю гилослар чиннигул, атиргул бўлиб гуллаб юборганини кўриб, ёқамга туфлаб-туфлаб қўйдим. Ишонмай десам¸ кўриниб турибди, гуллаб ётгани.

Фақат бу дарахтларни гуллатганлар сал ҳурматсизлик қилишибдида. Ҳеч бўлмаса бозордан тўрт сўмга табиий гуллардан олиб келиб ёпиштирмайсанми, занғар?! Президентни куни энди сени шу қоғоз гулларингга қолдими? Мабодо президентнинг кўзи гулларнинг ёнидан осилиб турган шапалоқдай скотч бўлагига тушиб қолсачи...

Эээээ, йўқ, тушса тушар, нима отасининг келишига дарахтларни ҳам гуллативорган наманганликларни сўкармиди, президент. Вой тиниб тинчимаган одамларей, нималарни ўйлаб топишмайдия барака топкурлар, деб қўяр¸ жа нари борса.

Агар президент йўқ жойдан бор қилгувчи бундайларни сўкканида эди, у бундан уч йил муқаддам Фарғонага ташрифи чоғида “пахта қўйган”ларни уришган бўларди.

Ўшанда ҳокимиятдагилар “отамиз йўлдан ўтганларида далада пахта қолмапти деб ўксинмасинлар” деб, коллеж ўқувчиларига пахтаси терилган ғўзаларнинг бўш чаноқларини яна пахта билан тўлдиртириб чиққан эди.

Пахта қўйишнинг қандай усулларини ихтиро қилмайдия, бу амалдорлар. Каллакланган дарахтни гуллатади, бўш чаноқларни пахта билан қайта тўлдириб чиқади.

Март ва февраль ойларида президент номзод сифатида кўп вилоятларга сафар қилганида янада ғаройиб воқеалар юз берди.

Президентнинг ўтиш эҳтимоли бўлган кўчалардаги уйлар томининг фақат бир томони нуқул қизил рангга бўятилди.(Иккинчи томонга краска қаерда?) Азаматлар тунука томлар тугул, 30 йиллик шипирларни ҳам бўяб ташлашдией, гарчи ёзнинг жазирамасида бир ботмон кирга суртилган бу бўёқлар тарам-тарам бўлиб ёрилиб кетишини билишса ҳам.

Майли краска кетса кетсин, обрў кетмасин, лекин отамизнинг кўзи бир қувнаб олсин деганда, барака топгурлар.

Президент қизил рангни ёқтиришини улар қаёқдан била қолдийкин? Ёки улар юртбошининг компартия марказқўмининг биринчи котиби бўлганига шама қилишяптимикин? Йўғе, мустақил давлат қурдим деб иддао қилаётган одамга бундай андишасизлик қилмаган бўларди.

Шунчаки Европанинг томлари қизил, бизлар ҳам маданиятни ҳеч бўлмаса томларнинг бир томонини бўяб кўрсатиб турайлик дегандиров, шоввозлар.

Томларнинг иккинчи томони эса рангсиз турибди, уйнинг эгаси пул топса бўятиб олар, бўлмаса цветомузика деганларидай. Ёки жазирама иссиқлару, қору ёмғирлар яна ювиб юборар.

Президентнинг кейинги ташрифигача бир гап бўлар. Унгача ёки подшоҳ, ёки эшшак ёки мен ўламан деганларидек.

Пахта қўювчи кўзбўямачиларнинг оригинал услубларидан баҳра олиб, Музаффар.

XS
SM
MD
LG