Линклар

Шошилинч хабар
23 декабр 2024, Тошкент вақти: 02:00

Бир ойдан кўп хорижга чиққан пенсионерга пенсияси берилмайди


Ўзбекистон бўйлаб маҳалла фаоллари уйма-уй юриб, хорижга кетган нафақахўрлар рўйхатини тузмоқда, бир ойдан кўпроққа чет давлатга кетганлар бўлса улар пенсияси қирқилишидан огоҳлантирмоқда. Каримовнинг "Кексаларни эъзозлаш" йилида пенсияси қисқараëтган кексалар энди фарзандини кўриш учун четга чиқса¸ бунинг учун ҳам жазоланадиган бўлди.

Қашқадарё вилоятининг Бешкент шаҳрида яшовчи 60 ёшли пенсионер Зуҳра опа Россиянинг Сочи шаҳрида яшовчи ўғлининг ёнига келганидан икки ой ўтиб¸ пенсияси қирқилиши ҳақида Ўзбекистондан огоҳлантирув олганини айтади:

- Хўжайиним йўқ тепамда, Сочида яшайдиган ўғлимникига уч ойга келувдим, шу ерда пича дам олиб кетаман, деб. Улар энди Россияда бир ойдан кўп турсангиз пенсиянгиз қирқилади, келинг дейишяпти, дейди Зуҳра опа.

Айтилишича¸ шу кунларда бошқа вилоятлар қатори Қашқадарёда ҳам маҳаллий ҳокимият вакиллари уйма уй юриб, четга кетганларни қайддан ўтказмоқда:

- Сельсоветни раиси, маҳалла посбони ва котиб уйма-уй юриб, Россияга кетганларни рўйхатга олиб юришибди. Бизнинг уйимизга ҳам келишди, “онангиз қачон қайтадилар”, деди. Мен “яна бир ой, икки ой турсалар керак”, дедим. Шунда сельсоветнинг раиси менга қараб “бир ойдан кўпга кетмаслиги керак эди, дам олиш бўлсаям, шунақа янги қонун қабул қилинган, деди. Мен ҳайрон қолдим, бундай қонун борлигини биринчи эшитишим, дейди Зуҳра опанинг ўғли.

Москвада яшовчи фарғоналик Неъмат ака эса Россияга олти ойга келиб, шунча ойлик пенсиясидан айрилганини айтади:

- Мен пенсиям қирқилишини билганман. Лекин бу ердаги ўғлим: "Келаверинг, шу пенсияни мен сизга ўзим бераман", деганидан кейин келдим. Қайтганимдан сўнг тикласа бўлар экан, лекин бу ерда бўлган ойлар учун бериладигани куйиб кетар экан, дейди жиззахлик отахон.

Ўзбекистон Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги Қашқадарё бўлимининг Озодлик боғланган расмийси бир ойдан кўпроқ муддатга чет давлатга кетган пенсионерларнинг пенсияси қирқилишини тасдиқлади:

- Чет элда бўлиши бир ойдан ошса, пенсия қирқилади. Аниқроғи, ўша ойги пенсияси кесилади. Агар уч ой қолса, уч ойлик пенсияси, беш ой қолса беш ойлик пенсияси берилмайди. Расман дам олишга йўлланма олиб кетадиганлар, расман даволаниш учун йўлланма олиб кетадиганларники қирқилмайди, деди вазирлик расмийси.

Лекин Ўзбекистон Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги расмийси четга чиққан нафақахўрлар пенсиясининг қандай қонун асосида қирқилиши ҳақидаги саволга жавоб бера олмади.

"Ўзбекистон фуқароларининг давлат пенсия таъминоти тўғрисида"ги амалдаги қонунда чет давлатга чиққан нафақахўрларнинг нафақаси қирқилиши ҳақида ҳеч гап айтилмаган.

2015 йил Ўзбекистонда президент Ислом Каримов ташаббуси билан "Кексаларни эъзозлаш йили" деб эълон қилинган.

Бу йил бошланганидан буён нафақахўрлар ўз пенсия ва нафақаларини ола олмаётганликлари ҳақидаги шикоятлар кўпайди:

- Бу йил Ўзбекистонда кексаларни қадрлаш йили, ҳозир пенсияларини бермаяпти. Мен 60 га кирган онамни бу ерга ишга чиқирмаганман. Шу ерда дам олсин, деб чақиртирдим. Қаранг энди, пахтасига чиқса, чопиғига чиқса. 60 га кирган пенсионерни пахта теришга мажбурлашган. Маҳалла посбонлари пахтага чиқмаса невараларини пулини кесамиз, деб пўписа қилишган. Энди ҳозир дам олсин, деб чақирсам пенсиясини узамиз, деб пўписа қилишaяпти. Бу нима деган гап, мен ҳайронман, дейди Сочига онасини чақиртирган қашқадарёлик Нозим.

Ҳозирги пайтда Ўзбекистонда энг минимал пенсия миқдори 190 минг сўм ёки 50 долларни ташкил қилади.

Пенсияни олиш учун нафақахўр тирик эканини исботлаш учун ҳар олти ойда Ўзбекистон Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлигининг жойлардаги бўлинмаларига кўриниб туриши керак.

XS
SM
MD
LG