Линклар

Шошилинч хабар
19 ноябр 2024, Тошкент вақти: 21:47

Истанбулда ўлдирилган тожик мухолифатчиси қирғиз паспортини сотиб олганми?


Истанбулда Умарали Қувватов ўлдирилганига нисбатан 9 март куниўтказилган норозилик акциясида тожик мухолифатчисининг фарзандлари ҳам иштирок этди.
Истанбулда Умарали Қувватов ўлдирилганига нисбатан 9 март куниўтказилган норозилик акциясида тожик мухолифатчисининг фарзандлари ҳам иштирок этди.

Истанбулда ўлдириб кетилган тожик мухолифатчиси Умарали Қувватов Туркияга ноқонуний олинган қирғиз паспорти билан киргани тўғрисидаги ахборот юзасидан Қирғизистонда текширув ишлари олиб борилмоқда. Маълумотларга қараганда Қувватов ўтган йили Бишкекда яшаган ва у ўшанда қирғиз паспортини сотиб олган бўлиши мумкин.

Туркия оммавий ахборот воситалари Истанбулда 6 мартга ўтар кечаси отиб кетилган Тожикистон мухолифатидаги “24 гуруҳи” раҳбари Умарали Қувватовнинг олдидан Қирғизистон паспорти топилганига оид хабарни тарқатди.

Туркия матбуотига кўра, тожик мухолифатчиси ўтган йилнинг 23 февралида Қирғизистонда сотиб олинган паспорт билан ноқонуний равишда Туркияга келган. Мазкур мавзуни ўрганган Истанбулдаги “Hurriyet” газетасининг мухбири Фират Алкач Умарали Қувватов қалбаки паспорт билан мамлакатга кирганинидан турк полицияси хабардор бўлганини ва шунинг учун ҳам мухолифатчи мунтазам полиция назорати остида юрганини айтган.

Қирғизистон Ташқи ишлар вазирлиги Туркия матбуоти томонидан тарқатилган мазкур хабар юзасидан текширув олиб борилаётганини маълум қилди.

-Текширувни Қирғизистоннинг Истанбулдаги консулхонаси ўтказаяпти. Консуллик ҳозирча бу хабарлар фақат турк матбуотидагина эълон қилинганини, расмийлар эса жим эканини билдираяпти. Биз Туркия Ташқи ишлар вазирлигига ҳам мазкур хабар юзасидан расмий сўров жўнатганмиз. Аммо Туркия томонидан ҳозирча жавоб бўлгани йўқ, -деди Қирғизистон ташқи ишлар вазирлиги расмийси Турдакун Сидиков.

Айни пайтда Бишкекда яшаётган бир қатор тожикистонлик фаоллар Умарали Қувватов ҳақиқатан ҳам Бишкекда яшаганлигини айтмоқдалар.

-Ўтган йили Қувватов Бишкекда яшаётганини эшитганман. У бу ерда БМТнинг Қочқинлар иши бўйича Олий Комиссарлигидан қочқин мақомини олиш учун ҳаракат қилган. Унинг акаси ҳозир ҳам шу ерда яшаяпти, -деди Бишкекда яшаётган тожикистонлик фаол Марат Мамадшо.

Қирғизистон Ички ишлар вазирлиги ҳозирча “Умарали Қувватов ҳақиқатан ҳам қалбаки қирғиз паспортини сотиб олганми?” деган саволга аниқ жавоб йўқлигини, бироқ 2012-2014 йиллар давомида мингдан ортиқ паспорт хориж фуқароларига ноқонуний равишда берилгани аниқланганини ва Қувватов қирғиз паспортини сотиб олган ўша минг кишининг бири бўлиши мумкинлигини билдирмоқда.

- Айни пайтда “паспорт бериш тизими мамлакат хавфсизлигига таҳдид уйғотмоқда”, деган масала бекордан бекорга кун тартибига чиқаётгани йўқ. Паспортлар хориж давлатлари фуқароларига ҳам берилиб кетаяпти. Бу масалада қаттиқ назорат бўлмаяпти. Паспорт столи ходимлари ва Ижтимоий жамғарма ходимлари тил бириктириб, минг долларга Қирғизистон паспортларини сотишаяпти,- деди Ички ишлар вазирлиги расмийси Бакит Сейитов.

47 ёшдa бўлгaн Умарали Қувватов Истанбулнинг Фотиҳ мавзесида 5 март куни кечқурун отиб кетилган эди. 2012 йилдa Тожикистонни тaрк этгaн сиёсатчи “24 гуруҳи” номли мухолифaт гуруҳигa aсос солгaн.

Бир пaйтлaр президент Рaҳмонгa яқин бўлгaн тaдбиркор вa сиёсaтчи Қуввaтов иқтисодий жиноятларда aйбланиб, Душaнбе тaрaфидaн қидирувга берилган эди. Мухолифaтчи ўзига нисбaтaн қўйилгaн aйбловлaрни сиёсий сaбaблaргa эгa экaнлигини айтиб келган.

Умарали Қувватов ўлимига алоқадорликда гумон қилиниб 6 март куни Истанбул полицияси тожикистонлик 30 ёшли Сулаймон Қаюмовни ҳибсга олган эди. Сўнгги хабарларга қараганда, полиция шундан сўнг қотилликда гумонлаб яна уч кишини қўлга олган.

12 март куни эса Туркия полицияси Умарали Қувватов иши бўйича яна бир қатор одамлар қўлга олинганини хабар қилган, бироқ полиция айнан неча киши қўлга олинганини ҳозирча сир тутмоқда.

XS
SM
MD
LG