Линклар

Шошилинч хабар
19 декабр 2024, Тошкент вақти: 15:14

Президент сайлови арафасида Самарқандда қишлоқлар газдан узиб қўйилмоқда


Самарқанд вилояти ҳокими қишлоқларни газдан узиб қўйишни буюргани айтилмоқда.
Самарқанд вилояти ҳокими қишлоқларни газдан узиб қўйишни буюргани айтилмоқда.

Самарқанд вилояти Иштихон тумани қишлоқлари табиий газдан узилмоқда. Ўзбекистон президенти сайлови арафасида туман қишлоқларини умуман газсиз қолдириш чораси Самарқанд вилояти ҳокими қарори билан амалга ошаётгани айтилмоқда. Расмийлар бу қарорни аҳолининг газдан қарзи кўпайиб кетгани билан изоҳламоқда. Лекин Самарқанд вилояти газ бошқармаси вакили, Озодлик билан ўзаро суҳбатда, қишлоқ ҳудудларининг табиий газдан узиб қўйилиши Ўзбекистон газ экспорти ҳажмини ошираётгани билан боғлиқлигини билдирди.

18 март куни Иштихон туманининг камида бешта қишлоғи аҳолига газ етказиб бериш тизими қувурларидан узиб қўйилди. Бу қишлоқлардан бирида истиқомат қилувчи Озодлик манбасига кўра, Шайхул Ислом, Ровот, Дамариқ, Тангатепа ва Чақа қишлоқларида чоршанба куни қувурларни асосий газ трассаларидан узиб қўйиш ишлари битказилган. Унинг айтишича, жорий ой охирига қадар, яъни Ўзбекистон президенти сайлови кунлари Иштихон туманининг аксар қишлоқлари табиий газдан узилади.

Иштихон тумани қишлоқлари президент сайлови арафасида табиий газдан узилмоқда.
Иштихон тумани қишлоқлари президент сайлови арафасида табиий газдан узилмоқда.

“Апрелгача туман марказидан ташқари барча қишлоқларда газ трубаларини асосий трассадан узиб ташлашар экан”, дейди иштихонлик.

Унинг айтишича, қишлоқларни табиий газ тизимидан узиш ишлари бошқа туманларда ҳам амалга оширилмоқда. “Юқоридан шундай топшириқ бўлган, дейишмоқда”, дея қўшимча қилди иштихонлик манба.

Самарақанд вилояти ҳокимлигининг аҳолини газ билан таъминлаш учун масъул бўлими ходимлари Озодлик билан бу ҳақда гаплашишни истамади. Лекин Иштихон тумани ҳокимлигининг ўзини Жамшид, деб таништирган мулозими қишлоқ аҳолиси табиий газдан узиб қўйилаётганини тасдиқлади. Унинг айтишича, бунга аҳолнинг газдан қарзи ошиб кетаётгани сабаб бўлган.

- Қарздорлик кўпайиб кетгани учун узяпмиз. Тўлмаганларни узинглар, деб топшириқ берганмиз. Агар сиз тўлаган бўлсангиз ва сизнинг уйингизни узишаётган бўлса, туман газ бўлими бошлиғига мурожаат қилинг,- дейди Иштихон туман ҳокимилиги мулозими.

“Апрелгача туман марказидан ташқари барча қишлоқларда газ трубаларини асосий трассадан узиб ташлашар экан”, дейди иштихонлик.
“Апрелгача туман марказидан ташқари барча қишлоқларда газ трубаларини асосий трассадан узиб ташлашар экан”, дейди иштихонлик.

Лекин Озодликнинг иштихонлик манбасига кўра, қарзи бор-йўқлигидан қатъий назар, қишлоқларни бутунлай узиб қўйиш тўғрисида топшириқ берилган.

Озодликнинг Самарқанд вилояти газ таъминоти бошқармасидаги манбаси ҳам вилоятдаги аксар қишлоқларни табиий газ қувурларидан узиб қўйиш вазифаси ҳукумат томонидан қўйилганини тасдиқлади. Шахси сир қолиши шарти билан Озодликка гапирган манбага кўра, қишлоқ аҳолисига газ етказишни тўхтатиш тўғрисида вилоят газ таъминоти бошқармаси сўнгги пайтларда ўтказаётган мажлисларда туман масъулларига уқтирилмоқда. Бунинг боиси Ўзбекистон газ экспортини оширишга тайёргарлик кўраётганида, дейди суҳбатдошимиз.

“Аҳолининг қарздорлиги ошиб кетгани бор гап. Лекин бу ерда асосий сабаб қарздорлик эмас. Бизга мажлисларда айтишмоқда, республика газ экспортини оширмоқда, аҳоли газ ҳақини тўламагандан кейин газни четга сотиш фойдалироқ, деб очиқ айтишяпти. Биз “аҳолидан газ ҳақини мажбуран ундириб, одамларга сотсак бўлмайдими”, деб таклиф қилсак. “Бу сизнинг ақлингиз етадиган гап эмас, шунинг учун қисиб ўтиринг. Бу давлат сиёсати”, деб айтишди. Биз ҳам катта сиёсатга аралашмай қўя қолдик”, дейди Озодлик манбаси.

Унинг яна айтишича, газ таъминоти соҳаси ходимлари орасида жорий йилда Ўзбекистон ҳукумати газ экспортини қазиб олинадиган умумий ҳажмнинг 70 фоизига чиқаришни режалаётгани тўғрисидаги гап-сўзлар тарқалган.

“Экспорт ҳажми ҳозирча 50 фоизгачани ташкил қилади. Бу йил шуни 70 фоизга чиқаришмоқчи экан. Мажлисларда шу ҳақда айтишяпти”, дейди Самарқанд вилояти газ таъминоти бошқармаси вакили.

Ўзбекистон дунёнинг газ қазиб олувчи энг йирик давлатлар йигирмалигига киради. Бу мамлакат йилига 55-60 миллиард куб метр газ қазиб олади. Ўзбекистон расмийларга кўра, табиий газ экспорти ҳажми 10-13 миллиард куб метр, яъни умумий ишлаб чиқариш ҳажмининг тахминан 20 фоизини ташкил қилади. Ҳукумат ўз ҳисоботларида қазиб олинган табиий газнинг асосий қисми ички истеъмол учун ишлатилишини иддао қилади.

Шунга қарамасдан, Ўзбекистон аҳолисининг аксари қиш мавсумини газ тақчиллиги вазиятида ўтказмоқда. Кейинги 4-5 йилнинг воқелигига айланган бу муаммо, жорий йилда, айниқса, кескин тус олди.

Ўзбекистон 2010 йилда Марказий Осиёни Хитой билан боғлайдиган газ қувури лойиҳасида фаол иштирок эта бошлади. 2014 йилда “Ўзбекнефтегаз” Туркманистондан бошланиб Ўзбекистон ва Қозоғистон орқали Хитойгача етиб борадиган йирик газ қувури орқали 10 миллиард куб метр газни экспорт қилди.

Ўзбекистон мамлакат аҳолисига газнинг ҳар минг куб метрини тахминан 70-75 доллардан сотади. Экспортга кетадиган ўзбек газнинг нархи эса 200-300 долларни ташкил қилади, яъни газни ташқарига сотиш камида 3 баробарга фойдалироқдир.

Бундан бир неча ой аввал, Ўзбекистон энерегетика соҳаси мулозимларидан бири Россия матбуотига берган интервьсида 2021 йилга келиб, Хитой ўзбек гази экспортининг асосий йўналишига айланишини билдирган эди. Хитойнинг ўзи йилига 100 миллиард куб метр газ қазиб олиши, 2020 йилга келиб эса унинг эҳтиёжи 300 миллиард куб метрга чиқиши инобатга олинса, ўзбек газининг асосий қисми яқин келажакда қаерга оқишини фараз қилиш қийин эмас.

XS
SM
MD
LG