Линклар

Шошилинч хабар
18 ноябр 2024, Тошкент вақти: 11:52

Қозоқ расмийси: Жангариларни “исломчи” деб атаманг!


Қозоғистон Маданият вазирлигининг Диний ишлар қўмитаси раҳбари Галим Шойкин оммавий ахборот воситаларида «Исломий давлат» гуруҳи ва бошқа экстремистларнинг “исломчи” сифатида талқин қилинаётганини нотўғри деб ҳисоблайди.

“Агар жангарилар ўзларини “Исломий давлат” деб аташса, аммо исломга ҳеч қандай алоқалари бўлмаса, биз ҳам уларни матбуотда шундай аташимиз ва бу билан исломий давлат тушунчасини бузиб кўрсатишимиз керакми? Менимча йўқ”, деди Шойкин.

У матбуотда “террорчилар, бандитлар ва жангарилар” динга мансуб қилиб қўрсатилишини маъсулиятсизлик деб баҳолайди.

Шойкиннинг айтишича: ““Исломий давлат” жангариси “жиноятчи, террорчи ташкилот аъзосидир, балким у аввал бирор диний оқим ёки террорчи гуруҳ аъзоси бўлган бўлиши эҳтимол,у исломни нотўғри талқин қилиш ва диний сўзларни ишлатиш орқали ўз қилмишларини оқлайдиган шахсдир”.

Диний ишлар қўмитаси раҳбари АҚШ ва Европа оммавий ахборот воситалари “Исломий давлат” гуруҳи ҳақида ёзаётганда “ИШИЛ” ва “ИСИЛ” каби қисқартмаларни ишлатаётганини олқишлади.Шойкинга кўра, бу нарса ғарб матбуотчилари экстремист гуруҳлар учун дин “шунчаки ниқоб эканини” англаб етганларидан далолат беради.

Шойкинга кўра, АҚШ ва Россия террористлар “динни ниқоб қилиб олиб зўравонлик ва ваҳшийлик қиляпти”, деб ҳисоблайди.

“Зомбилаштириш”

Шойкин “Исломий давлат” ёшларни “зомбилаштираётганини”, бу ёшлар кейин “дин йўлида деб ишонган ҳолда совуққонлик билан қотиллик қилаётганини” айтади.

“Қирқдан ошиқ мамлакатда бир миллиарддан ошиқ мусулмон “Исломий давлат” каби террорист гуруҳлар мафкурасини қўлламайди ва қабул қилмайди, уларнинг ислом ҳақидаги қарашлари ёлғон ва мазҳабчиликка киради, деб ҳисоблайди.”

Шойкин жиҳодни уламолар “кишининг ўз нафси ва ҳислари билан курашиши ҳамда ўзини камчиликлардан, ҳасаддан ва нафратдан тозалаши”, деб талқин қилишларини айтди. У яна дин пешволари экстремисту террористларнинг “бегуноҳ одамларни ўлдиришини” жиҳод деб ҳисобламасликларини қўшимча қилди.

Диний ишлар қўмитаси раҳбари оммавий ахборот воситалари “оддий одамлар қарашларига таъсир кўратишини” айтиб, Қозоғистон матбуотини, сиёсатчию фаолларни “террорист ва жиноятчиларни динидан ва миллатидан қатъий назар ўз номи билан аташга” чақиради:

“Террорист бу биринчи ўринда террорист, унинг атеист, мусулмон ёки христиан бўлишидан қатъий назар. Менимча, уларни таърифлашда диний атамаларни ишлатиш шарт эмас”.

“Исломий давлат” сафида жанг қилаётган қозоғистонликлар

Сурия ва Ироқда жанг қилаётган жангарилар сафларида қанча қозоғистонлик борлиги номаълум. Қозоғистон миллий хавфсизлик қўмитасига кўра, “Исломий давлат” сафида 300 га яқин қозоғистонлик бор бўлиб, уларнинг тахминан 150 нафари аёллардир. Афтидан бу рақамлар 2013 йил ноябрда Интернетга юкланган видеога асосланган. Мазкур видеода оила аъзолари билан Сурияга жанг қилиш учун борган бир юз элликка яқин қозоқ жангариси тасвирланган эди.

International Crisis Group (ICG) нодавлат ташкилоти январь ойида эълон қилган ҳисоботида Сурияда жанг қилаётган қозоғистонликар сони 300 дан кўп бўлиши мумкинлиги айтилди. Ҳисоботда ёзилишича, Марказий Осиё мамлакатларидан 2-4 минг киши “Исломий давлат” бошқарувидаги ҳудудларга жанг қилиш ёки гуруҳни бошқа йўл билан қўллаш учун кетгани аниқланган.

Видео тарқатилганидан кейин қозоқ расмийлари мамлакат фуқароларининг ИД ва бошқа террорчи гуруҳлар сафида жанг қилаётгани ҳақидаги хабарларга тўсқинлик қила бошлади. Озодлик радиоси қозоқ хизматининг хабар беришича, шу ой бошида радио қозоғистонлик жангарилар тасвирланган видео ҳақида хабар берганидан кейин нашр сайтига тўсиқ қўйилган.

Қозоғистон ўз фуқаролари ёки этник қозоқлар “Исломий давлат” сафларида жанг қилаётгани ҳақидаги хабарлардан ўзини йироқлаштиришга ҳаракат қилиб келмоқда. Январь ойида “Исломий давлат”икки кишининг жангари бола томонидан ўлдирилгани акс эттирилган видеодани тарқатди. Видеода ўлдирилганларнинг бири Қозоғистоннинг Жамбул вилоятидан экани айтилган.Аммо Қозоғистон миллий хавфсизлик қўмитаси ўлдирилганлар қозоғистонлик бўлганини рад этди.

Жоанна Парасюк қаламига мансуб ушбу мақола Нодир Атаев томонидан ўзбекчага ўгирилди.

XS
SM
MD
LG