Линклар

Шошилинч хабар
19 ноябр 2024, Тошкент вақти: 21:24

Ўзбекистонда Наврўз: "Ойлик йўқ - байрам ҳам йўқ"


Самарқандда Наврўз тантаналари.
Самарқандда Наврўз тантаналари.

Бугун Наврўз байрами нишонланмоқда. Ўзбекистоннинг баъзи туманларида аҳоли Наврўз байрами нишонланганидан бехабар қолгани ҳақида хабарлар олинаяпти. Айрим Озодлик муштарийлари эса иш ҳақлари ўз вақтида берилмагани туфайли Наврўзни ғарибона дастурхон билан кутаётганликларни айтишди.

"Хўжайлида Наврўз ўтказилганидан аҳоли бехабар қолди"

Озодликка WhatsApp тармоғи орқали етиб келган мактублардан бирида мана бундай дейилади:

“Ассалому алайкум. Хўжайлида байрам бўлганини оддий халқ билмай қолди. Кеча ва бугун байрам ўтказилиши керак бўлган стадионга борсак ҳеч ким йўқ. Кейин билсак, байрамни 18 март куни ўтказиб юборишибди. Ҳамма ҳайрон”.

Хўжайлидаги Озодлик манбасининг билдиришича, ҳақиқатан ҳам аҳолининг кўпчилик қисми Наврўз байрами ҳар йилгидек 19-20 март куни эмас, 18 март куни ўтказилганидан бехабар қолган.

-Ҳар йили Наврўз Хўжайлида 19-20 март куни ўтказилар эди. Одамлар эълонсиз мана шу кунлари байрам ўтказиладиган жойга йиғиларди. Аммо кеча "бугун байрам бўлади", деб йиғилган юзлаб одамлар уйларига қуруқ қайтиб кетишди. Чунки байрам 18 март куни ўтказилгани ҳақида эълон ҳам берилмаган, аҳоли огоҳлантирилмаган. Байрамни фақат ҳокимиятда ишлайдиганлар ва ҳукумат ишида ишлайдиган кам сонли одамлар иштирокида ўтказиб юборишган, -деди Хўжайли туманидаги манба.

Ўзбекистонда Наврўз: "Ойлик йўқ - байрам ҳам йўқ"
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:06:58 0:00
Бевосита линк

"Январдан бери ойлик йўқ. Наврўз кўнгилга сиғармиди"

WhatsApp орқали Озодликка олмалиқлик муштарий жўнатган мактубда эса Олмалиқ шаҳрида кўпчилик ойлик иш ҳақи берилмагани учун Наврўзни байрамона кайфиятда кутиб ололмаётгани айтилади:

“Олмалиқ шаҳридаги "Аммафос максам" заводида ишлайман. Мана бугун 20 март, аммо ойликдан дарак йўқ. Январь ойи учун ойликнинг 24 фоизигина берилган. Илтимос, қўлингиздан келса, ойликларимизни олишимизга ёрдам беринг”, дейилади мактубда.

Озодлик мухбири бу масалада Олмалиқдаги "Аммафос максам" заводи ишичиларидан бири билан боғланди. Ўз номини айтишимизни истамаган манба мана буларни гапириб берди:

-Январь ойи учун ойликнинг 24 фоизини берган бир ярим ҳафта олдинроқ, шундан бери ойликдан дарак йўқ. Мана, бугун ҳамма Наврўз байрамини нишонлаяпти, биз эса байрамга ҳам чиқа олганимиз йўқ. Чунки байрамни нишонлашга пул йўқ. Оила аъзоларимиз билан уйда ўтирибмиз. Дастурхонимиз ҳам ғарибона. Завод раҳбарларидан сўрасак, "Кредит олишимиз керак, ҳозир кассаада пул йўқ", дейди, тамом.

Озодлик муштарийлари Ўзбекистон туман ва шаҳарларида ўтказилаётган тантаналарда фуқароларнинг иштироки ҳам чеклаб қўйилгани ҳақида хабарлар бермоқда.

Масалан, 20 март куни Озодлик радиоси муштарийлари 18 март куни Сирдарё вилояти Сардоба тумани ҳокимлиги Наврўз байрамини нишонлаб, катта тантана бўлиб ўтган марказий стадионга кирувчиларни чеклаб қўйгани ҳақида хабар берган эди.

Узоқ қишлоқлардан келган сардобаликлар концертни ва шўх мусиқага мазза қилиб рақсга тушган туман ҳокимини панжарали дарвозалар ортидан мўралаб томоша қилишга мажбур бўлдилар.

"Бизда гўшт арзонлади". "Йўғе, ростан-а?"

Бувайда туманидаги Озодлик муштарийси Баҳодир ака эса, туманда кейинги бир -бир ярим ой ичида айрим озиқ-овқат маҳсулотлари нархи тушгани учун, одамлар Наврўзни кўтаринки руҳда кутиб олаётганликларини айтди:

-Масалан, гўшт 24 минг сўм эди, ҳозир уни 22 мингдан олаяпмиз. Ун 100 минг ва ундан юқори баҳода эди. Ҳозир 70-80 мингга бир қоп ун олаяпмиз. Арзончилик бўлгани учун ҳам Бувайдада ҳар йилгидан кўпроқ одам Наврўзни нишонлашга чиқди. Ҳамманинг кайфияти яхши, -деди Баҳодир ака.

Суҳбатдошимиз Ўзбекистоннинг алоҳида бир туманида арзончилик сабаблари ёки сирлари нимада эканини билмаслигини айтди. Бироқ Озодлик мухбири билан суҳбатлашган Ўзбекистоннинг бошқа минтақаларида яшаган аҳоли вакиллари эса нарх-наво арзонламаганини, аксинча, йил бошидан бери анчагина қимматлаганини билдирдилар.

-Гўшт йил бошида 16 минг эди. Ҳозир йил бошидан бери қимматлаб 21-22 мингга чиқди. Ун эса 110-120 минг сўм атрофида. 25 килоли бир қоп унни 70 мингга олиш мумкин, - деди яна бир суҳбатдошимиз Абдулла.

Ўзбекистонда Наврўз байрамини 21 мартгача вилоят ва туманларда ўтказиш ҳақида юқоридан кўрсатма берилгани айтилади.

Ҳар йилги анъанага кўра, Тошкентда Наврўз байрами 21 март куни Алишер Навоий номидаги очиқ саройда президент Ислом Каримов иштирокида нишонланади.

Бу тантанага ҳам фақат таклиф қилинган шахслар, кучли текширувдан ўтказилгандан сўнг киритилади. Ислом Каримов иштирок этган ҳар қандай учрашув ёки тантанага киришдан олдин мобил телефонлар олиб қўйилади.

Президент омма кўз олдида ҳар йили бир марта Наврўз байрамида рақсга тушади.

Каримов Тошкентдаги Наврўз тантанасида яна елка қоқиб рақсга тушди

Ўзбекистон президенти Ислом Каримов бугун Тошкентнинг Алишер Навоий номли Миллий боғида бўлиб ўтган Наврўз байрами тантанасида яна елка қоқиб рақсга тушди.

Бир ой аввал 77 ёшли Каримовнинг соғлиги билан боғлиқ муаммолар, унинг ҳушидан кетгани ҳақидаги хабарларни бир қатор нашрлар босган эди.

Тошкентдаги байрам тантаналари ҳуқуқ-тартибот идораларининг қаттиқ назорати остида ўтди.

Тантана муносабати билан Тошкентда транспорт ҳаракати чекланган, байрам тантанаси ўтказилаётган жойга яқин бўлган “Миллий боғ” метростанцияси вақтинча ёпилган.

XS
SM
MD
LG