Линклар

Шошилинч хабар
23 декабр 2024, Тошкент вақти: 12:59

Россияда Ғалаба куни Сталинни олқишловчи музей очишмоқчи


Турли сиёсий қарашларга эга руслар мунтазам равишда Сталин суратини кўтариб намойишга чиқишади.
Турли сиёсий қарашларга эга руслар мунтазам равишда Сталин суратини кўтариб намойишга чиқишади.

1943 йил 4 августидан 5 августига ўтар кечаси Россиянинг Тверь вилоятида жойлашган Хорошево қишлоғида унутилмас воқеа содир бўлди. Ўша кеча қишлоққа Генералиссимус Иосиф Сталин ташриф буюрди. Сталин қишлоқдаги оддий ёғоч уйда тунади. Бу унинг Улуғ Ватан уруши давомида фронт чизиғига энг яқин бориши эди.

Хорошево қишлоғига яқин жойлашган Ржев шаҳри беш ой олдин фашистлардан озод қилинган эди.

Эртаси куни Сталин Совет армиясининг 600 километр наридаги Орёл ва Белгород шаҳарларида эришган ғалабалари ҳақида хабар олди. У бу ғалабаларни Москвада артиллерия салюти билан нишонлаш ҳақида буйруқ берди ва Кремлга қайтиб кетди.

Эндиликда маданият вазири Владимир Мединский бошчилигидаги Россия ҳарбий-тарихий жамияти, Россия коммунистик партияси ҳамда Ржев туман маъмурияти диктатор бир кеча тунаган ёғоч уйда Сталин музейини очишмоқчи.

Музейни 9 май - фашистлар Германияси устидан қозонилган ғалабанинг 70 йиллиги нишонланадиган кунда очиш ниятидалар.

Россия Федерацияси Коммунистик партиясининг Тверь вилоят бўлими масъули Артём Гончаров партия сайтида эълон қилинган баёнотда: “бу бош қўмондонга бағишланган мукаммал кўргазма бўлади”, деди.

“Совет муваффақияти рамзи”

Аммо бу “мукаммал” кўргазмада Сталиннинг нуқсон ва камчиликлари акс этмайди чоғи. Музейда “Сталиннинг Рус православ черковини тиклашдаги роли”, “Сталиннинг ғалабага қўшган ҳиссаси” ва “Сталиннинг совет индустриясини кўчиришдаги роли” каби мавзуларда кўргазмалар уюштириш режалаштирилган. Якуний кўргазмага “Сталин совет муваффақияти ва ғалабаларининг рамзи сифатида” деган ном берилади.

Айни пайтда кўргазмаларда “Катта террор” номини олган қатағонлар, мажбурий меҳнат лагерлари, фашистлар Германияси ва Совет Иттифоқи бир-бирига ҳужум қилмаслик ҳақида имзолаган келишуви, Сталиннинг Гитлер билан йиллар давомида қилган ҳамкорлиги ва бошқа шу каби мавзулар акс этмайдиганга ўхшайди.

Сталин қатағонларини ўрганиш билан шуғулланувчи “Мемориал” нодавлат ташкилоти вакили Сергей Глушков “Музей режасини ўқиганимизда кўнглимиз жуда хира бўлди”, деди. Унга кўра, ҳозир “тарихни бузиб кўрсатувчи ва ёвузликни олқишловчи бундай музей” очиш ноўриндир.

Россияда Путин президент бўлганидан буён Сталин номи мудом оқлаб келинаяпти. Путин шахсан ўзи диктаторни “моҳир бошқарувчи” деб олқишлаши айтилади. Турли сиёсий қарашларга эга руслар мунтазам равишда Сталин суратини кўтариб намойишга чиқишади. Россия бўйлаб кўплаб дўконларда Сталин бюстини сотиб олиш мумкин. Аксар дўконларда Сталин бюсти ёнида Путинники ҳам туради.

Яқинда Левада маркази ўтказган сўровга кўра, россияликларнинг 57 фоизи Сталиннинг тарихдаги ролини ижобий баҳолайди. Советча тузум барҳам топганидан буён бугунги кундагидай бу қадар кўп одам Иосиф Виссарионович ҳақида ижобий фикр билдирмаган эди.

“Мемориал” вакили Глушковга кўра, бу хавотирли ўзгаришдир.

“Ҳозир жуда хавфли пайт, чунки бугунги кунда Сталин сиймоси одамларда турли муносабатлар уйғотади”, деди Глушков. Унга кўра, Сталин музейини очиш “фитна” бўлиб, бу ҳаракат жамиятда бўлиниш пайдо қилаяпти.

“Одамлар бир-бирларига ҳужум қила бошлашлари мумкин. Жуда эҳтиёт бўлишимиз керак. Биз жанжал чиқаришни ёки Сталинни қўлловчилар ва уларга қаршиларни бир-бирларига ҳужум қилишга ундашни истамаймиз. Менимча, кимдир айнан шу нарсани хоҳлаяпти”, деди Глушков.

Журналист Андрей Колесников ҳам gazeta.ru нашрида чоп этилган мақоласида ана шундай фикрларни олға сурди. “Ғалабанинг 70 йиллиги яқинлашиб келар экан, улар Сталин, сталинизм ва у билан боғлиқ ижтимоий сиёсатни имкон борича тарғиб қилишади. Бунга қарши чиққанларни эса тарихни бузиб кўрсатувчилар сифатида айблашади. Сабаби ғалабанинг 70 йиллигида неосталинистлар учун барча эшиклар очилган. Улар ғалабани ўзлариники қилиб олишаяпти”, деб ёзди Колесников.

“Қадрдон инсонлар хотирасига кўрсатилган ҳурматсизлик”

Сталин бир кеча тунаган Хорошеводаги уй тарихидан кўп нарсани билиб олиш мумкин. 1947 йили уй Сталин номидаги қишлоқ кутубхонасига айлантирилди. Кейинроқ кутубхонанинг бир чеккасида Сталин ва унинг Хорошевога қилган ташрифи ҳақида кичик кўргазма очилди. Аммо бу кўргазма Хрушчёв‎нинг десталинизация сиёсати даврида ёпилди.

Иморат кутубхона сифатида хизмат қилишда давом этди. 2000 йили Путин президент бўлганидан кейин Сталин ташрифига бағишланган кўргазма дарҳол тикланди. Президент Борис Ельциннинг тансоқчиси Александр Коржаков кўргазмага Сталин даврида ишлатилган чой сервисини ҳадя қилгани айтилади.

Янги музей 9 май куни очилиши режалаштирилган.

Коммунистик партия сайтида ёзилишича, “ташкилотчилар музейни Тверь вилоятидаги саёҳат дастурларига қўшиш ниятидалар”.

Партия сайтида маҳаллий аҳолининг 80 фоизи Сталин музейи очишни қўллаши айтилган. Аммо Глушков бу фикрга қўшилмайди.

“Твердаги кўпчилик одам бу нарсадан норози, айниқса қариндошлари қатағон қурбони бўлганини унутмаган кишилар. Сталин музейини ўз шахсига нисбатан ҳақорат, қадрдон инсонлари хотирасига кўрсатилган ҳурматсизлик ўлароқ қабул қиладиганлар оз эмас, шу жумладан, Ржевда ҳам”, деди Глушков.

Лиля Пальвелева қаламига мансуб ушбу мақола Нодир Атаев томонидан таржима қилинди

XS
SM
MD
LG