Линклар

Шошилинч хабар
23 декабр 2024, Тошкент вақти: 09:08

Ўзбек ҳарбийлари туркман чегарасини қўриқлаяптими?


Туркман чегара наряди.
Туркман чегара наряди.

Туркман-афғон чегарасида ўзбекистонлик ва россиялик ҳарбийлар пайдо бўлди. Шунингдек, чегара бўйлаб туркманистонлик ҳарбийлар ташланаяпти. Бу ҳақда Туркманистон инсон ҳуқуқлари бўйича ташаббуси ташкилотига қарашли “Хроника Туркменистана” нашри хабар тарқатди.

Нашр Туркманистоннинг Афғонистон билан чегарадош қишлоқларида яшовчи манбалари сўзларига таянган ҳолда, Туркманистон ҳудудида Ўзбекистон чегара нарядлари юрганини қайд этади.

Ўтган ҳафта Туркманистон давлат оммавий ахборот воситалари Туркманистон ва Ўзбекистон президентлари телефон орқали сўзлашганлари ҳақида хабар тарқатганди. Бу хабарларда Бердимуҳаммедов ва Каримов суҳбати давлат нашрларига хос бўлган умумлашма ифодалар воситасида баён этилган, ўзаро ҳарбий дастак ҳақида эса ҳеч нарса дейилмаган.

Айни пайтда “Хроника Туркманистон” нашри мазкур хабарлардаги “томонлар ўзаро диққатга сазовор долзарб минтақавий ва халқаро муаммолар бўйича фикр алмашдилар” каби жумлаларга эътибор қаратади. “Бунда икки давлатнинг жанубдаги қўшниси томонидан (Афғонистон демоқчи – таҳр.) муҳтамал хавф-хатар мавжудлиги ва бунга чора кўришда ўзаро ҳамкорлик қилиш назар тутилганми-йўқми, буниси бизга номаълум” деб ёзган нашр айни пайтда чегарадош қишлоқларда ўзбек чегарачилари пайдо бўлганини урғулайди.

Шунингдек, мақолада тақрибан бир ой аввал туркман-афғон чегарасида россиялик ҳарбий инструкторлар пайдо бўлгани ҳам айтилади. “Афтидан, Туркманистон расмийлари илиқ мавсум келиши билан вазият таранглаша бошлаган Афғонистон чегарасини қўриқлашда ёрдам сўраб Россия Федерацияси раҳбариятига мурожаат қилган”, дея ўз тахмини билан ўртоқлашади “Хроника Туркменистана”.

Нашр март ойи бошларида Туркманистон шарқидаги Эсенғули қишлоғидан туркман-афғон чегарасидаги Тахтабозор қишлоғига муддатли хизмат ўтаётган аскарлар ташланганини, аскарлардан бири бу ёққа келишларидан аввал полигонда мерганлик машқидан ўтганини айтиб берганини ёзади. “Хроника Туркменистана” нашрига кўра, икки йиллик хизмат муддати тугаган аскарларнинг ота-оналари ўз фарзандлари тақдиридан хавотир ола бошлаганлар. “Бироқ, афтидан, қандайдир яширин буйруқ бор ва шу сабабли муддатли ҳарбий хизматни ўтаб бўлган аскарларни уйларига қўйиб юбормаяптилар”, дея қўшимча қилади нашр.

Аввалроқ АҚШ Қуролли Кучлари Қўшма марказий қўмондонлиги ҳомийлигида фаолият юритадиган centralasiaonline.com сайти Ўзбекистон МХХ таҳлилчиси Бахтиёр Шарофов сўзларига таянган ҳолда, “ИШИД жангарилари Туркманистон чегараси бўйлаб яшириниб юргани ва Ўзбекистон чегарасида фаоллашгани” ҳақида ёзганди.

Айни пайтда бу маълумотларни мустақил манбалар томонидан тасдиқлатишнинг имкони бўлмаяпти.

XS
SM
MD
LG