Линклар

Шошилинч хабар
19 ноябр 2024, Тошкент вақти: 19:50

Ўзбекистонда 2015 йилда иқтисодий ўсиш пасайиши кутилмоқда


Ўзбекистонда жорий йилги иқтисодий ўсиш суръатлари Россиядаги иқтисодий бўҳрон ва нефть нархининг арзонлаши ортидан пасайиши кутилмоқда. Мустақил иқтисодчилар фикрича, Ўзбекистонда иқтисодий эркинликнинг йўқлиги ҳам ялпи ички маҳсулот ўсишига тўсқинлик қиладиган омиллардан биридир.

Осиё Тараққиёт банки жаҳон бозорида нефть нархининг арзонлаши ва Россиядаги иқтисодий бўҳрон Ўзбекистон иқтисодий ўсиш кўрсаткичларига салбий таъсир кўрсатишини билдирди.

Осиё тараққиёт банкининг “Осиё ривожланиши юзасидан башоратлар”, деб номланган навбатдаги йиллик ҳисоботида айтилишича, нефть баҳосининг арзонлаши ва Россиядаги иқтисодий вазиятнинг ёмонлашуви туфайли 2014 йилда Марказий Осиё мамлакатларидаги иқтисодий кўрсаткичлар кутилганидан 1,5 -5,1 фоизга кам бўлган.

2015 йилда ҳам бу жараён давом этади ва нефть эскпортининг озайиши ички чиқимларни чеклаш заруратини пайдо қилиши ортидан Ўзбекистонда иқтисодий ўсиш сустлашади. Осиё банкининг билдиришча, 2015 йилда Ўзбекистонда ялпи ички маҳсулот ўсиши 7 фоизни ташкил қилади.

Иқтисодчи экспертларнинг билдиришича, бугунги кунда Ўзбекистон иқтисодиётининг кўп жиҳатлари Россия билан боғлиқдир. Расмий маълумотларга кўра, икки давлат ўртасида савдо айланмаси 9 миллиард АҚШ долларидан ошган.

Ўзбекистон иқтисодини Россия билан боғловчи иккинчи жиҳат эса меҳнат муҳожирларидир. Миграция соҳасидаги айрим экспертларнинг ҳисоб-китобига кўра, бугунги кунда Ўзбекистон ташқарисида 6 миллионга яқин ўзбекистонлик меҳнат қилиб келмоқда. Уларнинг асосий қисми – Россия Федерацияси ҳудудидадир. Уларнинг Ўзбекистонга пул жўнатмалари эса йилига камида 6 миллиард долларни ташкил қилаётган эди.

Сўнгги ойларда Россияда рубль қадри АҚШ долларига нисбатан қарийб икки баравар пасайди. Ноқонуний мухожирликка қарши чоралар кучайиши ортидан эса янада кўпроқ мухожир Россиядан ҳайдалди.

Айни пайтда кузатувчилар бу йил Россияда мухожирлар сони 8 фоизга камайиши, бу мамлакатдан ташқарига пул ўтказмалари ҳажми эса 25-30 фоизга камайишини башорат қилмоқда.

Дубайдаги молия бозори таҳлилчиси Валид Ярадат Россиядаги иқтисодий бўҳрон туфайли Ўзбекистоннинг бу мамлакатга эскпортининг камайиши Ўзбекистон иқтисодига салбий таъсир кўрсатишини билдирди:

- Иқтисодий ўсиш суръатининг пасайиши Ўзбекистондан экспорт қилинаётган пахта ва олтин каби маҳсулотларга талабни сусайтиради. Ўзбекистон жаҳонда пахта етиштириш бўйича олтинчи, пахта экспорти бўйича иккинчи ўринни эгаллайди. Шунингдек, Ўзбекистон олтин қазиб чиқариш бўйича дунёда еттинчи ўринда туради, - дейди Валид Ярадат.

Таҳлилчининг айтишича, Ўзбекистон ёпиқ давлат бўлгани учун ҳам Россия ўрнини бошқа давлатлар билан алмаштириши жуда қийин кечади:

-Биринчидан: Ўзбекистондаги иқтисодий сиёсат хорижий сармоядорларни чўчитади. Иқтисодий сиёсатнинг ночорлиги Ўзбекистон Ялпи ички маҳсулоти кўрсаткичи МДҲ давлатлари орасида энг паст кўрсаткичлардан бири эканидан билинади. Иккинчидан: мамлакатдаги беқарорлик ва асл иқтисодий кўрсаткичлар ҳақидаги маълумот сир тутилади, -деди Валид Ярадат.

Ўзбекистон иқтисодини бир неча йиллардан бери ўрганиб келаётган иқтисодий таҳлилчи Вера Лазаренко ўзбек ҳукумати бундай шароитда ички имкониятларни ишга солишга ҳам ожиз эканини айтади. Унинг фикрича, Ўзбекистон ичкарисидаги сармоя ётқизиш салоҳиятига эга бўлган шахслар ҳукуматнинг иқтисодий сиёсатига ишонмай, ўз сармояларини иложи борича хорижга олиб чиқиб кетишга ҳаракат қилмоқда.

-Банк системаси жуда заиф бўлгани учун ҳам ўзбекистонлик сармоядорлар ўз пулларини хорижга олиб чиқиб кетадилар. Ўзбекистонда валюта конвертациясининг амалга киритилмагани оқибатида қора бозорда ўзбек сўмининг кескин қадрсизланиб бориши,Ўзбекистон ҳукуматининг иқтисодий кўрсаткичлар ва ва инфляция тўғрисидаги берган маълумотлари халқаро молия институтлари берган маълумотларга зид келиши Тошкент ҳукуматига ишончсизликни кучайтиради. Бунинг оқибатида эса эс-хуши жойида бўлган сармоядор ўз пулини бу мамлакатга ётқизмайди, -деди Вера Лазаренко.

XS
SM
MD
LG