Линклар

Шошилинч хабар
23 декабр 2024, Тошкент вақти: 23:11

ЎИҲ Толибондан масофаланди ва ИШИДни олқишлади


Ўзбекистон исломий ҳаракати жангарилари
Ўзбекистон исломий ҳаракати жангарилари

Ўзбекистон Исломий Ҳаракати амири Амир Усмон Ғозий баëнот билан чиқиб, ҳаракатининг толиблар етакчиси Мулла Умардан масофаланганини изоҳлади ва ИШИДни олқишлади. ЎИҲ сўзчиси Озодлик билан суҳбатда 29 март куни Афғонистон армияси аскари ўзбек жангарилари тарафидан қатл этилганини ҳам билдирди.

Ўзбекистон Исломий Ҳаракати (ЎИҲ) амири Амир Усмон Ғозийнинг овозли файл тарзидаги баëнотини ўзини ҳаракат сўзчиси, деб тақдим қилган шахс Озодликка етказди. Баёнотда ЎИҲнинг Мулла Умардан масофалангани таъкидланади ва ИШИД олқишланади.

Исмини ошкор этмаган ва овози эфирга узатилмаслигини сўраган ЎИҲ сўзчисига кўра¸ бу баëнот ЎИҲнинг Толибон ҳаракатига танқидий қарашидир.

ЎИҲ Бағдодийни олқишлайди

Аудио баëнот аввалида ўзини Ўзбекистон Исломий Ҳаракати амири деб атаган Усмон Ғозий Сурия ва Ироқдаги “Исломий Давлат” гуруҳини олқишлайди:

- Ироқ ва Шом ўлкаларида исломий халифаликнинг пайдо бўлиши ҳамда бутун Ислом уммати учун биродаримиз Абу Бакр Бағдодийнинг халифа этиб сайланиши барчамизни хурсанд қилди¸- дейди Усмон Ғозийга нисбатн берилган овоз.

Ортидан у "бутун ислом уммати учун муҳим бўлган буюк ҳақиқатни" маълум қилишини билдирди.

ЎИҲ амири Усмон Ғозий ўз баëнотида Толибон раҳбари Мулла Умарнинг тириклигини шубҳа остига олади ва унимг номидан иш олиб бораëтганлардан масофаланганлигини таъкидлайди:

"Мулла Муҳаммад Умар соҳибнинг дарагини ўтган 13 йил мобайнида топа олмаганмиз", дея таъкидлаган Усмон Ғозийга кўра¸ "Мулла Умар бедарак ҳукмидадир ва бедарак ҳукмида бўлган ғойиб киши шариатга кўра, мусулмонларга амир бўла олмайди".

ЎИҲ ўтган йил сентябрда "Исломий Давлат"ни қўллаб-қувватлаши ва у билан бир сафда эканини маълум қилганди.

ИШИД жанридаги қатл саҳнаси

ЎИҲ сўзчисининг маълум қилишича¸ 29 март куни Афғонистон мунтазам армиясининг бир аскари ўзбек жангарилари тарафидан қатл қилинган:

"ЎИҲ мансуби бўлган уч хонимнинг Афғонистон армияси томонидан асирга олинганига жавобан 30 нафар Афғонистон аскарини асирга олдик. Улардан бирини кеча қатл қилдик. Агар Афғонистон ҳукумати бу аëлларни озод қилмаса, қолган 29 нафарини ҳам қатл қиламиз," деди ЎИҲ сўзчиси.

У қатл саҳнаси акс этган видеотасвирни ҳам Озодликка жўнатди.

ИШИД жанрида суратга олинган тасвирда икки нафар ниқобли шахс олдида тиз чўкиб ўтирган йигитнинг пичоқ билан сўйилиши акс этган.

Ниқоб кийганлардан бири пичоқ билан йигитни сўйиб, калласини жасад устига қўяди. Бир қадар узоқ чўзилган сўйиш жараëнида мақтул хириллайди ва унинг бўғзидан қон фаввора бўлиб отилади. Калла думалаб кетади.

“Калласини ушланг”, дея ниқоб кийган жаллодлар бир бири билан ўзбекча сўзлашиб гаплашиб қўяди.

Мужоҳид ўзбек аëллари

Озодликнинг Кобулдаги мухбирига кўра¸ ўтган ой Толибон таълимини олган уч юзга яқин оила Афғонистон шимолига жойлаштирилган. Бу оилалардан 80 нафари ўзбек мужоҳидлари экани ҳам айтилади. Озодлик мухбирига кўра¸ шу кунларда ЎИҲ сафларида шафқатсизлиги билан ном чиқарган жангари аëллар гуруҳи пайдо бўлган. Фарëб вилояти ички ишлар бўлими бошлиғи Илҳом Набийнинг Озодлик мухбирига айтишича, ўтган ҳафта уч нафар ўзбек жангари аëли асирга олиниб, Кобулга жўнатилган.

ЎИҲ сўзчисининг айтишича, айнан мана шу уч нафар ўзбек аëли асирга олиниши ортидан 30 нафар Афғонистон аскари қўлга олинган ва улардан бир нафари қатл қилинган.

Айни пайтда Афғонистон мудофаа вазирлиги ўз аскарларининг асирга олинини изоҳламади.

ЎИҲ бадавлат бошпаноҳ изламоқда

ЎИҲ 1997 йилда Афғонистон Толибон ҳаракати раҳбари Мулла Муҳаммад Умарга байъат берган. ЎИҲ амирининг сўнгги баëнотидан тушунилишича¸ ҳаракат "Исломий Давлат" паноҳига ўтмоқда ёки ўтиш ниятида.

ЎИҲнинг "Исломий Давлат"га хайрихоҳлиги сабаби бу гуруҳнинг иқтисодий жиҳатдан қудратли экани билан изоҳланмоқда. Ўтган йили сентябр ойида ЎИҲ амири баëнот билан чиқиб, Ироқ ва Сурияда тузилган "Исломий Халифалик"нинг афзаллигини таъкидлаган эди.

Баëнотда “Исломий Давлат лашкарлари ватанпарастлик ва миллатчилик даъволаридан пок” эканлиги ва уларни араб, чечен, ўзбек, тожик, қирғизни, рус, инглиз тилида гаплашадиган интернационал таркибига тасанно айтилади.

"Исломий Давлат"нинг ЎИҲ олқишига сазовор бўлган яна бир жиҳати қуйидагича ифода қилинган:

“Ўғриларнинг қўллари кесилмоқда, насоролардан жизя олинмоқда, иблисга ибодат қиладиган язидия тоифаси қириб ташланмоқда, журналист қиёфасидаги куфр жосусларининг бошлари узилмоқда”.

"ЎИҲ заифлашган"

ЎИҲ “Исломий давлат”га мойиллиги акс этган баёнот ҳаракатнинг заифлашганидан далолатдир, дейди таҳлилчилар.

Бу ҳақда Ўзбекистон Миллий Хавфсизлик хизмати таҳлилчиларидан бири Interfax мухбирига айтганди.

Унга кўра, молиявий таъминоти тугаб бўлган ЎИҲнинг Ироқ ва Сурияда бир қанча ҳудудларни ишғол этиб, аҳолига зуғум ўтказаётган “Исломий давлат”га қўшилишдан бошқа чораси қолмаган.

“ЎИҲ Афғонистонда аҳоли дастагини йўқотиб бўлган, чунки бу ҳаракат қаттоллигидан тинч аҳоли азият кўрмоқда”, деб таъкидлаганди МХХ расмийси.

Лекин, ЎИҲ "Исломий Давлат" билан иттифоққа киришиши унинг кучайишини кафолатламайди, деди МХХ таҳлилчиси.

ЎИҲ ҳақидаги китоб муаллифи¸ покистонлик журналист Аҳмад Рашид Озодлик билан суҳбатда бу ҳолат кучсизланган ҳаракатнинг "пилиги кўтарилиб", Марказий Осиë учун янгидан таҳдид манбаига айлантириши мумкинлигини айтган эди.

ЎИҲ ҳақида

1993 йили Ўзбекистондан қочган Тоҳир Йўлдош 1996 йили Ўзбекистон Исломий Ҳаракатини тузди.

ЎИҲ 1999 йилда Тожикистоннинг Жирғатол туманида қўним топди ва ўша ердан Қирғизистоннинг Боткент вилоятига ҳужум уюштирди.

Бу ҳужумларни биз уюштирдик, деб тан олган эди Тоҳир Йўлдош ўзи тайëрлаган тарғибот фильмларидан бирида.

2009 йили 27 август куни Тоҳир Йўлдош Вазиристонда АҚШ дронидан отилган ракетадан яраланиб, кўп ўтмай шифохонада жон таслим қилди.

2012 йилда эса, унинг ўрнига тайинланган куёви Усмон Одил ҳам худди шу тарзда ҳалок этилди.

Ўшандан буён ЎИҲга Усмон Ғозий раҳбарлик қилмоқда.

XS
SM
MD
LG