Линклар

Шошилинч хабар
19 ноябр 2024, Тошкент вақти: 19:38

Ўшлик адвокатлар яна босимга учраётганларидан шикоят қилмоқда


"Бир дунё Қирғизистон" ташкилоти раҳбари Тўлайкан Исмаилова қамоқхонада бир умрга озодликдан маҳрум қилинган ҳуқуқ фаоли Аъзимжон Асқаров билан учрашмоқда.
"Бир дунё Қирғизистон" ташкилоти раҳбари Тўлайкан Исмаилова қамоқхонада бир умрга озодликдан маҳрум қилинган ҳуқуқ фаоли Аъзимжон Асқаров билан учрашмоқда.

Қирғизистон Миллий хавфсизлик қўмитаси томонидан Ўшдаги “Бир дунё Қирғизистон” ҳуқуқ ташкилоти офисини тинтув қилиш жараёнида Ўш воқеаларида айбланиб умрбод қамоққа ҳукм қилинган ҳуқуқ фаоли Аъзимжон Асқаров ҳамда экстремистликда айбланиб ҳибсда сақланаётган таниқли имом Рашодхон Камолов ишига оид ҳужжатлар мусодара қилинди.

Бишкекда 31 март куни матбуот анжумани ўтказган ҳуқуқ фаоллари “Бир дунё Қирғизистон” нодавлат ташкилоти офиси тинтуви пайтида Ўш воқеаларида айбланиб умрбод қамоққа ҳукм қилинган ҳуқуқ фаоли Аъзимжон Асқаров, экстремистликда айбланиб ҳибсда сақланаётган таниқли имом Рашодхон Камолов, Миллий хавфсизлик хизмати ходимлари томонидан калтакланган Дилёр Жумабоев, Ҳакимжон Обиджонов ва унинг отаси, мазкур хизмат ходимлари томонидан пора талаб қилинган аравонлик ишбилармон Бойбобоев ишига оид ҳужжатлар ва адвокатлик суриштируви натижалари мусодара қилинганини айтдилар.

Қирғизистон Миллий хавфсизлик хизмати тарқатган расмий баёнотда айтилишича, 26 ва 27 март кунлари нодавлат ташкилоти офиси, адвокатлар Валериан Ваҳитов ва Ҳусанбой Солиевларнинг уйлари тинтув қилинишига мазкур шахсларнинг америкалик мустақил журналист Умар Фарруҳ билан алоқа қилганлари сабаб бўлган.

Умар Фарруҳ 25 март куни Ўшда миллий озчиликларга нисбатан муносабат, Сурияга кетган жиҳодчилар ва маҳаллий диний ташкилотлар фаолиятини ўргангани учун экстремистликда гумонланиб қўлга олинган, аммо орадан икки кун ўтгач, унинг ҳаракатларида жиноят унсурлари топилмагани учун озод қилингани айтилган эди.

Адвокат Валериан Ваҳидовнинг айтишича, Умар Фарруҳ баҳонасида Миллий хавфсизлик қўмитаси чекистларга оид жиноят ишларини ҳам олиб кетган.

-Мен таъкидламоқчиманки, тортиб олинган жиноят ишлари орасида, жумладан, Миллий хавфсизлик қўмитасининг ўз хизмат вазифасини суйистеъмол қилган уч ходимига нисбатан тўпланган ҳужжатлар ҳам бор эди. Биз бу ходимлардан жабрланган фуқаролар ҳуқуқларини ҳимоя қилаётган эдик. Бизнинг адвокатлик суриштирувимиз натижасида қўлга киритган барча ҳужжатларимиз ҳозир миллий хавфсизлик ходимлари қўлида. Айни пайтда миллий хавфсизлик хизматида бизнинг 105 файлимиз бўлган 5 ноутбук сақланмоқда. Биз хатто суд жараёнларида ҳам иштирок эта олмай қолдик, - деди Валериан Вахитов.

Ҳуқуқ фаоллари 4 соат давом этган мазкур тинтувлар Қирғизистон қонунлари, жумладан, "Адвокатура тўғрисида"ги қонунга зид равишда ўтказилган, деган иддаони олға сурмоқда. Аммо Қирғизистон Миллий хавфсизлик қўмитаси расмийси Рахат Сулайманов тинтувлар суд ҳукми билан ўтказилганини ҳамда тинтув жараёнида бир қатор тақиқланган экстремистик адабиётлар топилганини айтди:

-Бугунги кунда бу материаллар қўшимча теологик экспертизага жўнатилди. Ҳозир бу масалада экспертиза иш олиб бормоқда, -деб билдирди Рахат Сулайманов.

Айни пайтда таниқли ҳуқуқ фаоли Тўлайкан Исмаилова “Қирғизистонда бугунги кунгача муайян материални экстремистик, деб аниқлаш ваколатига эга бўлган легитим ташкилот мавжуд эмас”, дейди. Унга кўра, бундай институтнинг йўқлиги ортидан "ҳуқуқ-тартибот тузилмалари ходимлари камбағал, лекин диндор одамларни кўплаб ноқонуний ҳибс қилмоқда, уларниг уйларидан топилган турли диний адабиётлар эса экстремистик адабиёт сифатида талқин қилинмоқда ҳамда бу иш эстремистликка қарши кураш сифатида жамоатчиликка тақдим қилинмоқда".

Ўшда адвокатларга нисбатан бу каби босимлар аввал ҳам кузатилган. 2010-2013 йиллар давомида асосан Ўш воқеаларида айбланиб қамалган этник ўзбекларнинг адвокатларига жабрланувчи тарафдан ҳужумлар бўлган, айрим ҳолларда ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан ҳам босим кўрсатилгани айтилган.

Валериан Ваҳитов ва Ҳусанбой Солиев этник озчилик вакилларига нисбатан ўтказилган кўплаб жараёнларда қатнашган адвокатлар сифатида ўшликлар орасида машҳур.

XS
SM
MD
LG