Линклар

Шошилинч хабар
18 ноябр 2024, Тошкент вақти: 05:29

Самарқандда ўзини осган лаборатория мудири пахта қурбони бўлгани айтилмоқда


23 март куни Ўзпахтасаноат уюшмаси ходими Тўлқин Раббимов Самарқанд қишлоқ хўжалик институти ётоқхонасининг ертўласида ўз жонига қасд қилди. Баъзи иддаоларга кўра, мазкур институт раҳбарияти талабаларнинг пахта даврига оид камомадни Раббимовдан ундириш учун қилган босими ортидан у ўзини ўлдирган.

Воқеа 23 март куни тушки соат тўртларда Самарқанд қишлоқ хўжалик институти ётоқхонасининг ертўласида содир бўлган.

Мазкур воқеа тафсилотларидан хабардор Озодлик манбасига кўра, 45 яшар Тўлқин Раббимов институт ертўласини ижарага олиб ишлаётган Ўзпахтасаноат уюшмасига қарашли биолабораториянинг биолиния хонасида ўзини осган:

"Раббимов ҳамкасблари кўчага чиққан пайти биолиния хонасига кириб ўзини осиб ўлдирган. Кейин икки ҳамкасби хонага киргач, воқеани кўриб милицияга хабар берган", деди воқеа тафсилотларидан хабардор манба.

Манбага кўра, Раббимов ўлимидан олдин ўз жонига қасд қилиш сабабларини ёзиб кетган:

"Раббимовнинг ёнидан хат чиққан. Хат унинг қўлёзмаси эканини ҳамкасблари тасдиқлаган. Хатда у ўзини ўлдиришга мажбур бўлгани ҳақида ёзган. Лекин айнан нима ёзилганидан бехабарман. Хатни Самарқанд вилоят Ички ишлар бошқармаси ходимлари олиб кетган. Хат уларда сақланаяпти", деди воқеа тафсилотларидан хабардор манба.

Ушбу воқеа тафсилотлари ҳақида ёзган Uzmetronom.com сайти хабарида Раббимовнинг ўлимига Самарқанд қишлоқ хўжалик институти раҳбарияти томонидан қилинган товламачилик сабаб бўлгани айтилган.

Сайт манбаларига кўра, Раббимов бу ҳақда ўлими олдидан қолдирган хатда ёзган:

"Ўтган пахта мавсумида талаба-теримчиларнинг озиқ-овқати, яшаши ва терим ҳақига сарфланган 23,5 миллион сўмни товламачилик йўли билан ундан ундирмоқчи бўлишган. Институтнинг ректори ва бошқа мулозимларидан иборат саккиз киши ушбу товламачиликка алоқадор бўлиши мумкин”, дея ёзди Uzmetronom.com ўз манбаларига таяниб.

Самарқанд қишлоқ хўжалик институтидан олинган маълумотга кўра, Ўзпахтасаноат уюшмасининг Самарқанддаги (Самарқандпахтасаноат) бирлашмасига қарашли биолаборатория бир неча йилдан буён институт ётоқхонасининг ертўласини ижарага олиб ишлайди. Тўлқин Раббимов ушбу лаборатория раҳбари бўлган.

"Бу лабораториянинг институтга умуман алоқаси йўқ. Биз фақат уларга ертўламизни ижарага берганмиз. Талабалар практикасини ушбу лабораторияда ўтказади, деган мақсадда уларга ертўлани ижарага берганмиз", деди институт мулозимларидан бири исмини очиқламаслик шарти билан.

Мулозим Раббимов ўлимини институт билан боғлаш мутлақо нотўғри эканини таъкидлади:

"Бу лаборатория талабаларимизнинг пахтага чиқишига аралашмайди. Аралашмаган. Камомад ҳақидаги гапларни тасдиқламайман. Ҳозир тергов кетаяпти. Судда ҳаммаси аниқ бўлади", деди институт мулозими.

Самарқандпахтасаноат бирлашмасининг исмини очиқламаётганимиз расмийси ҳам биолабораториянинг институт билан молиявий олди-бердиси бўлмаганини билдирди:

"Ҳашоратларга қарши курашувчи ушбу биолаборатория институт ичида фақат ижарада ўтиради. Лабораториянинг молиявий томонини пахтасаноат таъминлайди. Унинг ўлимига свет-газ пулини ўзлаштиргани сабаб деган версия ҳам айтилаяпти. Ҳали экспертиза хулосалари чиқмади. Тергов тугамагунча бирор нарса дея олмаймиз", деди Самарқандпахтасаноат расмийси.

Тўлқин Раббимов ўлими бўйича очилган ишни Самарқанд вилоят Ички ишлар бошқармаси ўрганмоқда. Ҳозирда тергов-суриштирув ишлари давом этаяпти.

XS
SM
MD
LG