Линклар

Шошилинч хабар
19 декабр 2024, Тошкент вақти: 14:00

Муаллифлар гильдияси телефон гудокларини сотиб кун кўрмоқда


Гильдия 2006 йилда Ўзбекистон Адлия вазирлиги томонидан жамоат ташкилоти сифатида рўйхатга олинган.
Гильдия 2006 йилда Ўзбекистон Адлия вазирлиги томонидан жамоат ташкилоти сифатида рўйхатга олинган.

“Ўзбекистон муаллифлар ва ижрочилар” гильдияси мамлакат ҳудудида ижро қилинган қўшиқ парчаларини мобил телефонларга гудок тарзида жойлашни қаттиқ назорат қила бошлагани шикоятларга сабаб бўлмоқда. Ўзбекистон адлия вазирлигида жамоат ташкилоти сифатида қайддан ўтган гильдия Youtube.com каби ижтимоий тармоқларга мамлакат ҳудудидан видео юклаш жараëнига ҳам аралашмоқда.

Исми айтилишини истамаган шоир ва xонанданинг Озодликка айтишича¸ “Ўзбекистон муаллифлар ва ижрочилар” гильдияси уни шартнома тузишга мажбурлаган. Бу шартномага кўра¸ бу хонандага оид матн ва қўшиқларнинг тижорий фойдасига гильдия шерик чиқмоқда.

Жамоат ташкилоти бўлган “Ўзбекистон муаллифлар ва ижрочилар” гильдиясининг мамлакатдаги ашулачилар ижодини монополия қилишга ҳақи борми?

Бу савол жавобини Ўзбекистон Адлия вазирлигидаги Озодлик манбаси аниқлаштирди:

- “Ўзбекистон муаллифлар ва ижрочилар” гильдияси бизда 643-рақами билан рўйхатдан ўтган. Бу ташкилот муаллифлар ва ижрочилар ҳуқуқларини ҳимоя қилишни мақсад қилган. Лекин бу жамоат ташкилотидир. Улар ҳеч кимни шартнома тузишга мажбурлай олмайди. Агар хонанданинг “Ўзбекнаво”дан лицензияси бўлса, у ўз қўшиғига ўзи хўжайиндир. Гудок масаласи сал бошқа. Масалан, телефон ширкатлари гильдия билан шартнома тузган бўлса¸ у холда қўшиқ парчасини гудок сифатида телефонга жойлаш масаласини гильдия билан келишиш керак¸- дейди манба.

Отдан тушган, аммо эгарда ўтирган гильдия

Озодлик Ўзбекистон муаллифлар ва ижрочилар гильдияси мулозими билан боғланди. Мулозим исми сир қолиш шарти билан баъзи тафсилотларни очиқлади:

- Биз 2006 йилда Гулнора Каримова ташаббуси ва молиявий кўмаги билан ташкил топган эдик. Мақсадимиз Ўзбекистонда муаллифлик ҳуқуқларини самарали ҳимоя қилиш эди. "Ҳамид Олимжон" метроси ëнида одамнинг ҳаваси келадиган офисимиз бор эди. 2013 йилда Гулнора Каримова сиëсий саҳнадан четлаштирилганидан кейин биз ҳам муаммога дуч келдик. Айнан маънода бошпанасиз қолдик. Ҳамид Олимжон метросидаги офисдан қувилдик. Бир муддат ТВ-Марказ биносида фаолият олиб бордик. Ҳозир у ердан ҳам кўчдик. Телефон гудоклари тижоратидан келадиган озгина маблағ билан сақланиб турибмиз¸- дейди суҳбатдош.

Ўзбекистон муаллифлар ва ижрочилар гильдияси мулозимининг айтишича¸ ўз вақтида гильдия катта қудрат соҳиби бўлган:

- Ўзбекистондаги 500дан ортиқ хонанда билан шартномамиз бор эди. Бундан ташқари мусиқий клип ишлайдиган студиялар¸ ТВ ва радиоканаллар¸ цирк¸ кинотеатрлар¸ концерт майдонлари¸ провайдерлар ва реклама агентликлари шартнома асосида биз билан жиддий ишлар эди. Ҳозир илгариги қудратимиз йўқ. Ëпилиб кетмаганимизга шукур қилиб ўтирибмиз¸- дейди суҳбатдош.

Озодликка маълум бўлишича¸ Ўзбекистон адлия вазирлигида жамоат ташкилоти сифатида қайддан ўтган гильдия, хусусан Youtube.com каби ижтимоий тармоқларга мамлакат ҳудудидан видео юклаш жараëнига ҳам аралашмоқда.

Бу ҳолатни гильдия мулозими изоҳлашга ҳаракат қилди:

- Бизнинг мақсадимиз ижрочилар ҳуқуқини ҳимоя қилиш. Кимдир Озодбекнинг қўшиғини Youtubeга юкласа¸ шаксиз бу Озодбекнинг муаллифлик ҳуқуқига зиддир. Ўзбекистон ҳудудида бўлган шахс¸ масалан Озодбекнинг қўшиғини интернетга изнсиз юклаганлигини аниқласак, бу киши устидан ҳуқуқ-тартибот органларига шикоят қила оламиз. Унгача бизнинг ҳуқуқшунос бу юзерни оқибатлардан огоҳлантирaди. Бор гап шу¸- дейди суҳбатдош.

XS
SM
MD
LG