“Ўзбекистон темир йўллари” ДАТК томонидан “Тошкент – Бухоро” йўналиши бўйича юқори тезликда ҳаракатланувчи замонавий электропоездлар қатнови йўлга қўйилаëтгани муносабати билан Самарқанд вилояти Жума шаҳарчасидаги ўнга яқин уй бузилган.
Темир йўл қурилиши боис айни вилоятнинг Нурбулоқ шаҳарчасидаги шифобахш иссиқ сув чиқадиган бир неча саломатлик марказлари ҳам ëпиб қўйилгани ҳам айтилди.
Нурбулоқдаги оромгоҳга келганларга овқат пишириб кун кечириб келган 43 яшар Рохила исмлик жувон саломатлик марказлари ëпилганидан кейин ишсиз қолганидан нолиди:
- Шу иссиқ сувда даволаниш учун келганлар ортидан тирикчилигимиз ўтиб турувди. Курортлар ëпилганидан кейин аҳволимиз мушкуллашди. Поезд йўли ўтар экан деб курортлар ëпилди¸ дейди суҳбатдош.
Озодлик Талго поездининг йўли ўтган ҳудуддаги уйи бузилганидан шикоят қилган Нурмуҳаммад исмликн йигит билан суҳбатлашди.
Нурмуҳаммад узоқ йил Россияда ишлаб топган пулига қурган икки қаватли уйи бузиб ташлангани ва бир тийин ҳам товон олмаганидан нолиди:
-Уйим Каттақўрғон сув омборига яқин сўлим жойда эди. Талго поезд ўтади¸ деб бузиб ташлади. Товон бермади. Кадастрдан ҳам ўчиришди. Бир мени эмас¸ поезд йўли ўтадиган жойдаги уч қатор уйларни бузишди¸ дейди суҳбатдош.
“Тошкент – Бухоро” йўналишидаги поезд қатновини амалга ошириш учун “Самарқанд-Бухоро” темир йўл линияси участкасида бошланган ишлар боис оддий аҳолига мансуб уйлар бузиб ташланганини “Ўзбекистон темир йўллари” ДАТК даги Озодлик манбаси тасдиқлади.
Манбанинг айтишича¸ лойиҳа қиймати 400 миллион АҚШ долларини ташкил этадиган бу қатновни амалга ошириш жараëнида бузиладиган уйлар кадастрда қайд қилинган бўлса¸ товон пули тўланади.
Суҳбатдошга кўра¸ поезд йўл қурилииши боис Самарқанд вилоятида 200 та янги иш ўрни яратилган.
Озодлик манбасига кўра¸ Испаниянинг Талго ширкатидан сотиб олинган иккита юқори тезликда ҳаракатланувчи “Афросиёб” электропоездлари “Тошкент – Бухоро” йўналиши бўйича ҳаракатланади.
Айни пайтда Ўзбекистонда иккита ана шундай юқори тезликда ҳаракатланувчи электропоездлар “Тошкент – Самарқанд” йўналишида ҳаракатланмоқда.