Линклар

Шошилинч хабар
22 ноябр 2024, Тошкент вақти: 18:48

Ямандаги Россия дипломати: Юзлаб ўзбек эвакуация учун навбат кутмоқда!


Санаа аэропорти яқинидаги маҳаллага уюштирилган ҳаво ҳужуми оқибатида юзага келган вайронагарчилик.
Санаа аэропорти яқинидаги маҳаллага уюштирилган ҳаво ҳужуми оқибатида юзага келган вайронагарчилик.

Россия матбуотига кўра¸ 2 апрель куни Санаадан Москвага келган икки учқичда 47 нафар Ўзбекистон фуқароси ҳам Ямандан олиб чиқилган. Озодлик суҳбатлашган рус дипломатига кўра¸ айни пайтда Ямандаги бир неча минг ўзбекистонлик Россия учқичларига чиқиш учун навбат кутмоқда.

Яман пойтахтидаги Россия элчихонасининг эвакуация билан шуғулланаëтган расмийси Озодлик билан суҳбатда¸ Россия ва постсовет давлатлари фуқароларини Санаа аэропортига қўнишига рухсат берилган учқичлар воситасида олиб чиқиш жараëни 3 апрель куни ҳам давом этаëтганини билдирди:

- Кечаги рейслар билан Ўзбекистоннинг анчагина фуқароси учиб кетди ва бугун ҳам анчаси кетади. Лекин ҳозирги шароитда эвакуация қилишни сўраб берилган сўровлар рейслар сонидан солиштириб бўлмас даражада кўп бўлгани учун¸ кетаман деб келганларни муайян мезонлар асосида саралаб¸ уларни самолëтга чиқаришга ҳаракат қилаяпмиз. Санаадан кетишни хоҳлаганларнинг ўзи аэропортга боришлари керак¸ элчихонанинг бунча одамни ташишга қурди етмайди. Санаа аэропорти техник жиҳатдан учқичларни қабул қилишга қодир¸ лекин тижорий рейслар олиб ташланган¸ деди Санаадаги Россия элчихонаси расмийси.

Нафақат Россия¸ балки бутун постсовет давлатлари фуқароларини уруш бўлаëтган бу мамлакатдан эвакуация қилиш жараëнига масъул дипломатнинг иқрорича¸ Россия элчихонаси Ямандаги 3000 нафардан кўплиги тахмин этиладиган ўзбекистонликларнинг барчасини учқич воситасида олиб чиқишга қодир эмас:

- Мен ўзбекистонликларнинг ҳаммасини ҳам эвакуация қила оламиз¸ деб айта олмайман. Лекин имкон қадар кўпроқ одамни олиб чиқиш учун қўлдан келган ишни қилаяпмиз. Ҳозирча биз эвакуация жараëнини давом эттиришни режасидамиз. Аммо вазият ўзгариб қолишини ҳам эҳтимолдан соқит қилиб бўлмайди¸дейди Санаадаги Россия дипломати.

Россиянинг Ямандаги иккинчи йирик шаҳар – Адендаги бош консуллик идораси биносига ҳужум уюштирилгандан кейин¸ бу порт шаҳридаги дипломатик ваколатхона ëпилди ва Адендагиларни қутқариш ишлари тўхтаб қолди.

Россия дипломатига кўра¸ қуролли босқинчилар томонидан босқинга учраган Адендаги консуллик ўз ишини 5 апрелдан қайта бошлашни режаламоқда ва бу иш бошланса¸ қуруқликдаги тўқнашувлар баробарида Саудия етакчилигидаги минтақавий коалиция ҳарбийлари томонидан ҳаво ҳужумларига нишон бўлаëтган бу шаҳардагиларни эвакуация қилиш ҳам йўлга қўйилиши мумкин бўлади.

Озодликка мурожаат қилаëтган Ямандаги ўзбекистонликлар Россия элчихонасига телефон қилиб¸ тушиб бўлмаëтгани¸ ўзларининг нима қилишни билмай қолганларини айтмоқдалар.

Бундай мурожаатларга жавоб берган Россия дипломати¸ уларни рўйхатдан ўтгач¸ кутишга чақирди ва энг сўнгги хабарларни элчихонанинг Facebookдаги саҳифасидан кузатишни тавсия қилди:

- Ўзбекистон фуқароларининг бир неча юздан ошиғи аллақачон бизга телефон қилиб¸ рўйхатга ëзилган. Уларга нима қилиш айтилган. Ëзилмаганлар¸ элчихонага телефон қилиб ëзилишлари керак. Биз ҳаммани олиб чиқамиз¸ деб ваъда беролмаймиз¸ лекин имкон даражасида ишлашни давом эттираяпмиз. Ямандаги вазият ва эвакуация жараëнига оид янгиликларни элчихонамизнинг Facebookдаги саҳифасидан кузатишлари мумкин¸ деди Санаадаги Россия элчихонасининг эвакуация учун масъулларидан бири.

1 апрель куни Озодлик билан суҳбатда Санаадаги Россия дипломатларидан бири 31 март куни Россия президенти билан ўтказилган телефон суҳбатида Ислом Каримов ҳамкасби Путиндан уруш гирдобида қолган Ямандаги ўзбекистонлик врачларни олиб чиқишда ëрдам беришни сўраганини билдирган эди:

- Ўзбекистон фуқароларини Ямандан олиб чиқишни шахсан президент Каримов президент Путиндан илтимос қилди. Ўзбекистонликлар бизга қўнғироқ қилиб (967-01-278-719) тезлик билан рўйхатдан ўтишлари керак. Вазият соат сайин ëмонлашмоқда ва яқин кунларда бу ердан фавқулодда эвакуация қилиш ҳам тўхтаб қолиши мумкин¸ деган эди Санаадаги Россия дипломати.

Бир неча йилдан бери фуқаролик уруши давом этаëтган Яман эндиликда Саудия Арабистони ва бошқа хориж давлатлари ҳарбийларининг уруш жабҳасига айланган ҳозирги кунларда бу мамлакатда Озодликка айтилишича¸ 3000 нафарга яқин ўзбекистонлик врач бор.

Озодликка мурожаат қилаëтган Ямандаги ўзбекистонликлар ва уларнинг ватанда қолган яқинлари Ўзбекистон ҳукумати ўз фуқароларини уруш гирдобидан олиб чиқиш билан жиддий шуғулланмаëтганини айтмоқдалар.

XS
SM
MD
LG