Ўзбекистоннинг аксар вилоятларида автомобиллар учун мўлжалланган сиқилган газнинг 1 литри сўнгги икки кун ичида 1100 сўмдан 1600 сўмгача қимматлади. Ўзбекистон Товар хомашё биржасининг расмийлари сўнгги кунларда пропан газининг нархи ошганини тасдиқлади, лекин нархнинг кескин ошиши сабабини изоҳламади.
Пропан гази бензинга нисбатан арзон бўлгани учун мамлакатда кўпгина автомобил эгалари ўз уловларини бензиндан газга ўтказишган.
Ҳозир эса ўз автомобилларини газга мослаштириб олган айрим ҳайдовчилар бундан пушаймон эканини айтмоқда.
- Пропан газ кеча 1600 сўмга чиқди. Ўзи 1100 сўм эди. Машинамдаги 40 литрлик газ баллонини 44 минг сўмдан тўлдирган бўлсак, ҳозир 64 минг сўмга тўлдиришга тўғри келяпти, газни нархи бензинга яқинлашиб қоляпти - дейди Маҳмуд ака.
Ўзбекистонда суюлтирилган газ икки хил нархда сотилади - тижорат ва аҳолига сотиладиган давлат нархи.
Ўзбекистон Товар хомашё биржаси расмийлари суюлтирилган газнинг тижорий нархи кўтарилганини тасдиқлади, лекин давлат нархи ўзгаришсиз қолаётганини айтди.
- Пропан гази тижорат нархи бизда доим ўзгариб туради. Ҳар ерда ҳар хил. Масалан, Тошкентда 1200 сўм, бу бугунги нарх. Бошқа вилоятларда ёнилғи қуйиш шохобчалари эгалари талаб ва таклифдан келиб ўзлари нарх белгилашлари мумкин, - дейди Озодлик боғланган биржа мулозими.
Ўзбекистонда суюлтирилган газ ишлаб чиқариш билан шуғулланадиган “Ўзнефтгаз” ҳиссадорлик компаниясининг Озодлик боғланган мулозими эса мамлакатда эҳтиёжга яраша суюлтирилган газ ишлаб чиқарилаётганини айтди:
- Бизда етарлидан ҳам ортиқ газ ишлаб чиқариляпти. Уни қанчадан сотишни биржа белгилайди, - деди “Ўзнефтгаз” мулозими.
Сиқилган пропан гази бензинга нисбатан арзон бўлгани учун мамлакатда кўпгина автомобил эгалари ўз уловларини бензиндан газга ўтказишган.
Ҳозир эса ўз автомобилларини газга мослаштириб олган айрим ҳайдовчилар яна бензинга қайтиш ҳақида ўйламоқда.
- Газ баллон машина моторини дабдала қилади. Бензинга нисбатан жуда арзон бўлгани учун шунга ўтказган эдик. Энди ҳозир газ ҳам қимматлаб боряпти. Бу боришда газ ўзини оқламайди, - дейди самарқандлик такси ҳайдовчиси.
Бухоролик Обиджон ака эса пропан гази нархи ошган эса-да, ҳозирча бензинга солиштирганда барибир арзон бўлиб қолаётганини айтади.
- 1600 сўм бўлгани билан бари бир бензиндан арзон. Бензиннинг ҳам ҳозир тижорий нархи 3000 сўм. Шу нархда 10 литр солсангиз юз килметр учун 30 минг сўмингиз кетади. Газда шу масофа учун 15 минг сўм кетаяпти. Газ барибир арзонга тушяпти, - дейди Обиджон ака.
Автомобиллар газ баллонидаги носозликлар кўплаб автомобиллар портлашларига ва инсонларнинг ҳалок бўлишларига сабабчи бўлган.
Ўзбекистоннинг бир нечта вилоятида автомобилларга ўрнатилган газ баллонларнинг портлаши оқибатида одамлар нобуд бўлгани фактлари бор.
Лекин, портлаб кетиш хавфи борлигига қарамай кўпчилик, шу жумладан хоразмлик Маҳмуд ака ҳам газда юришни афзал кўрмоқда.
– Хавфли, лекин Худо сақласин, деб барибир газ балонли машина рулига ўтиришга мажбурмиз-да, - дейди Маҳмуд ака.
Ўзбекистонда расмий маълумотларга кўра, сиқилган газдан фойдаланувчи автомобиллар улуши 20 фоизни ташкил этади.