Линклар

Шошилинч хабар
23 декабр 2024, Тошкент вақти: 20:03

Рус канали: Тожик муҳожирлари "Исломий давлат”га одам ёлламоқда


Ўз материалларини YouTube тармоғида эълон қилувчи "Царьград ТВ" каналига кўра, ИДга ёлловчилар тожик муҳожирлари орасида Сурия ва Ироқдаги жангарилар тасвирланган тарғибот роликларини тарқатмоқда. Ҳозирги кунгача "Царьград ТВ" хабари YouTubeда 37 минг 400 мартадан кўпроқ кўрилган.

Унда таъкидланишича, ёлловчилар “Исломий Давлат” сафига қўшиладиган шахсларга пул ва “беташвиш ҳаёт” ваъда қилмоқда.

Хабарда, шунингдек, мазкур тарғибот ортида ўзини “Умар” деб атовчи, Екатеринбургнинг Таганский бозорида ишлаган тожик жангариси тургани айтилади.

"Царьград ТВ" каналига кўра, ёлловчилар айнан шу бозорда ва масжидларда фаолият олиб бормоқда.

Аммо, видеолавҳада бу иддаоларни исботловчи аниқ далил келтирилмаган.

Иддаолар чинми?

Тирикчилик учун Россияга, кейинчалик у ердан “Исломий Давлат” сафларига қўшилиш учун Сурия ва Ироққа йўл олган Марказий осиёликлар ҳақида далиллар етарли.

Аммо, айрим таҳлилчиларга кўра, ҳақиқатдан йироқ бўлган "Царьград ТВ" хабари руслар орасида “исломий хавф” ҳамда радикаллашган муҳожирлар ҳақида қўрқув ҳиссини уйғотиш мақсадида тайёрланган, холос.

Лондондаги Осиë ва Африка тадқиқотлари институти таҳлилчиси Алишер Илҳомов Озодлик радиоси билан суҳбатда "Царьград ТВ" хабари ҳақиқат билан уйдирма аралашмаси бўлиши мумкинлигини айтди.

Илҳомовга кўра, Россиядаги Марказий осиёлик муҳожирлар жангариликка ёлловчилар учун “осон ўлжадир”.

Россиядаги ксенофобия, муҳожирларнинг кавказлик мусулмонлар билан алоқа қилиши, аксар муҳожорларнинг Россияда ишсиз ва тузук маошсиз, кўп ҳолларда ярим қонуний мақомда юриши ёлловчиларга қўл келади, – деди Илҳомов - Аммо рус ҳукумати Исломий хавф мавзусидан ўз манфаати йўлида фойдаланиб туради”.

Тожикистон Ички ишлар вазири Рамазон Раҳимзода февраль ойида Россиядаги тожик муҳожирларни “Ислмоий давлат” гуруҳи ёллаётганидан хавотир билдирган эди.

Раҳимзода сўзларига кўра, 200 нафар муҳожир Россиядаги ишини ташлаб, Сурияга жанг қилгани кетган.

Суриядаги тожик жангчилари ҳаётини ўрганаётган Эдуард Лемон Озодлик радиоси билан суҳбатда Суриядаги тожикистонлик жангариларнинг аксари Россиядан борганини айтди.

Аммо, Лемон Россияда бир миллиондан ошиқ тожикистонлик муҳожир борлиги эътиборга олинса, бу ҳол ҳайратланарли эмаслигини қўшимча қилди.

Озодлик радиоси тожик хизматининг директори Сожида Жаъфарова Тожикистон фуқаролари Россия фуқароларини жангари гуруҳлар сафига ёллаётгани ҳақида маълумотга эга эмаслигини айтди.

“Аксинча, муҳожирларни асосан кавказликлар ёллайди ва Туркия орқали Сурияга юборади,” – деди Жаъфарова.

Жаъфарованинг айтишича, "Царьград ТВ" тайёрлаган ролик муҳожирларга қарши юритилаётган тарғиботнинг бир қисми бўлиши мумкин.

Кейинги пайтларда Россия оммавий ахборот воситаларида муҳожирларга қарши тарғибот кучайиб бораётганини кузатиш мумкин.

Бунга, қисман бўлса-да, Россияда давом этаётган иқтисодий бўҳрон туртки бўлаётгани айтилади.

Жаъфарова муҳожирларга ёмон кўз билан қараш аввалдан борлигини қўшимча қилди:

Исломий давлат" пайдо бўлишидан аввал Россияда Марказий осиёлик, айниқса, тожикистонлик муҳожирлар гиёҳванд модда ташишда айбланарди, бу эса ҳақиқатдан йироқдир”, – дея якунлади ўз сўзини Сожида Жаъфарова.

XS
SM
MD
LG