Линклар

Шошилинч хабар
23 декабр 2024, Тошкент вақти: 22:48

Россияда касодга учраган "узбечка" Ўзбекистонда арзонламади


Европа бизнеси ассоциацияси 8 апрелда эълон қилган ҳисоботга кўра, GM Uzbekistan қўшма корхонасида ишлаб чиқарилган автомобилларнинг Россия бозоридаги сотуви жорий йилнинг биринчи чорагида ўтган йилнинг шу давридаги кўрсаткичга нисбатан қарийб 58 фоизга қисқариб кетган.

Бу ҳолат, айни пайтда, Ўзбекистоннинг ички бозорига таъсир қилгани йўқ, яъни автомобилларнинг арзонлагани ва уларни харид қилиш механизмининг соддалашгани кузатилмаяпти.

Чорак якунлари

Россияда жорий йилнинг биринчи чорагида Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган автомобиллардан 5411 тасигина сотилди. Бу кўрсаткич 2014 йилнинг биринчи чорагидагидан 57,9 %га камдир – ўтган йилнинг дастлабки 3 ойида Россияда 12858 та “узбечка” сотилган эди.

Бу маълумотлар Европа бизнеси ассоциацияси (Аssociation of European Business) 8 апрель куни эълон қилган ҳисоботда келтирилди.

Жорий йилнинг учинчи ойи бўйича кўрсаткич чорак якунларидан-да озроқдир: 2014 йилнинг мартида Россияда 4604 та машина сотилган бўлса, ўтган ойда 1757 тагина сотилган, яъни савдо 61,8 фоизга қисқариб кетган.

Европа бизнеси ассоциацияси ҳисоботида айтилишича, GM Uzbekistan қўшма корхонасининг Россия бозоридаги улуши жорий йил биринчи чорагида ўтган йилнинг шу давридаги кўрсаткичдан 0,7 фоизга қисқарган, яъни 2014 йилда GM Uzbekistanнинг Россия бозоридаги улуши 2,1%ни тузган бўлса, жорий йилнинг биринчи чорагида 1,4%ни ташкил қилди.

Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган автомобилларнинг Россия бозорида реализацияси ҳажми ҳам ойдан ойга қисқараётгани ҳисоботдан маълум бўлади: бу йил февралда “узбечка”лар 18-ўринда эди, мартда 20-ўринга тушиб қолди.

Касодга учраган бир GM Uzbekistan эмас

Ҳисоботдан маълум бўлишича, GM Uzbekistan автомобиллари сотувининг кескин қисқариши айнан шу ширкат маҳсулотининг касодга учрагани эмас, балки умуман Россия янги енгил автомобилллар бозори касодга учрагани аломатидир: жорий йил биринчи чорагида савдо 36,3 %га қисқарган бўлса, мартда бу кўрсаткич 42,5 %ни тузди.

Жами бўлиб, Россияда йилнинг дастлабки 3 ойида 383,7 минг автомашина сотилган.

Россия янги автомобиллар бозорида юзага келган вазиятни шарҳлар экан, Европа бизнеси ассоциацияси Автомобилсозлар қўмитаси раиси Йорг Шрайбер бундай деган:

“Мартда ёмон савдо бўлди, лекин кутганимизчалик ёмон бўлгани йўқ. Ҳозир статистикадан кўриб турганимиз маълумотлар ўтган йил охирида савдода юз берган ажиотаж ва жорий йил бошида нархларнинг ортиб кетгани оқибатида башорат қилинган сотув қисқаришидир. Эртами-кечми вазият барқарорлашади, лекин ўша вақт ҳали келгани йўқ”.

Ўтган йилнинг баҳорида Украинага қарашли Қримни Путин ҳукумати босиб олгани ҳамда Украина шарқидаги сепаратчилик ҳаракатларига ҳомийлик қилгани ортидан Ғарб мамлакатлари қўллаётган санкциялар туфайли Россия иқтисодиёти оғир инқирозни кечирмоқда, рубль кескин қадрсизланиб кетди ва бу ўз навбатида мамлакат автомобиль бозорига ҳам ўз таъсирини ўтказмоқда.

Ички бозорда нима гап?

Бас, GM Uzbekistan автомобилларининг Россиядаги сотуви кескин қисқариб кетган экан, демак, бу ҳолат Ўзбекистоннинг ички бозорига таъсир қилади, автомобиллар нархи тушиб, уларни харид қилиш механизми соддалашади, деган фикр пайдо бўлиши табиий.

Бироқ бундай эмаслиги Тошкентдаги автосалонлар ҳамда GM Uzbekistanнинг Тошкентдаги идораси вакили билан суҳбатлардан маълум бўлди.

Ўзини “GM Uzbekistanнинг асосий дилери”, деб атайдиган “Роҳат” автосалони (Тошкент) вакилининг Озодликка айтишича, “Россия бозоридаги вазият автосалон савдосига таъсир қилгани йўқ. Автомобиллар бундан бир йил олдин қай ҳажм ва қай йўсинда сотилган бўлса, ҳозир ҳам шундай”.

“Роҳат”дан энг осон сотиб олинадиган машина фақат “Орналдо” бўлиб, тўлаган пулингиз салон ҳисобига тушганидан сўнг, машинани олиб кетишингиз мумкин.

Биринчи ва иккинчи позициялардаги “Ласетти” эса харидор қўлига шартнома имзолаганидан сўнг 1 ой ўтиб тегиши мумкин.

GM Uzbekistanнинг бошқа моделлари хариди эса, бир йил олдин қандай мураккаб бўлган бўлса, ҳозир ҳам шундай.

GM Uzbekistanнинг Тошкентдаги идораси вакили ҳам Озодлик саволларига жавоб берар экан, автосалон вакилидан деярли ортиқ гап айтмади. Унинг айтишича, харидор сотиб олмоқчи бўлгани автомашинани моделининг харидоргирлигидан келиб чиқиб, шартнома тузганидан сўнг 1 ойдан 1 йилгача кутади.

Россиядаги вазиятнинг ички бозорга таъсири тўғрисидаги саволга ходим бундай деди:

- Бу масала таҳлили натижалари қўлимда йўқ. Таҳлил билан шуғулланадиган алоҳида бўлим бор, ўша бўлиб билан боғланинг.

Бўлим билан боғланишнинг имкони бўлмади. Бунга ҳожат ҳам бўлмади, чунки, Россиядаги вазиятнинг ички бозорга мутлақо таъсир қилмаганини аниқлаб бўлдик.

XS
SM
MD
LG