Линклар

Шошилинч хабар
24 декабр 2024, Тошкент вақти: 00:03

Тошкентда йўл қароқчилари ҳайдовчиларни таламоқда


Ички ишлар вазирлиги эътирофича¸ Тошкент кўчаларида машина эгаларига ҳужум қилиб, пулини олиш ҳолатлари сўнгги ойларда кўпайган. Расмий манбага кўра¸ сўнгги бир ҳафта ичида биргина Шайхонтоҳур туманида учта шундай ҳолат қайд этилган.

Ўтган бир ҳафта ичида камида уч тошкентлик ҳайдовчи машинада кетаётганида номаълум шахслар томонидан тўхтатилиб, пичоқ билан таҳдид қилинган ҳолда бир неча миллион сўмини олиб кетгани ҳақида Шайхонтоҳур милициясига шикоят қилган.

Озодлик суҳбатлашган ички ишлар ходимига кўра, мазкур иш бўйича жиноят иши очилиб, ҳозирга қадар олти гумонланувчи қўлга олинган:

- Бу иш бўйича олти гумонланувчи ҳозир қўлга олинган, тергов ишлари олиб борилмоқда, деди расмий манба.

Бундан аввал Тошкентнинг Олмазор туманида ҳам йўл қароқчилари светофорнинг қизил чироғига тўхтаган “Lacetti” ҳайдовчисига ҳамла қилиб, 12 миллион сўмини олиб қочган.

ИИВ расмийсига кўра, бу иш бўйича аввал қамалиб чиққан икки одам қўлга олинган.

Тошкентда йўл қароқчилиги кўпайгани ижтимоий тармоқларда ҳам қизғин муҳокама мавзусига айланган.

Facebook тармоғидаги “Водители Ташкента” гуруҳи қатнашчиларидан бирининг ёзишича, автомобил эгаларига ҳужумлар “қора бозор” ёки валюта алмаштириш шоҳобчалари яқинида кўп содир бўлмоқда:

- Ҳайдовчи “қора бозор”да валютани алмаштириб, бир пакет пул билан машинага ўтиради, уни кетидан тушган бандитлар кейин уни йўлда тўхтатиб, пичоқ ўқтаб, пулини олаяпти. Кўчада шунча милиция, улар қаерга қараяпти, ГАИ қаёққа қараяпти, деб ёзди “Водители Ташкента” гуруҳининг Санжар исмли қатнашчиси.

“Водители Ташкента” гуруҳининг яна бир қатнашчиси эса Тошкент кўчаларида йўл қароқчилари кўпайишини Ўзбекистонда эълон қилинган амнистия оқибати, деб билади:

- Энг ачинарлиси буни аввал судланганлар қилaяпти. Мен амнистияга қаршиман ва бу фактлардан сўнг яна бир марта шунга амин бўлдим, деб ёзди “Водители Ташкента” гуруҳининг Сўғдиона исмли аъзоси.

Тошкентда автомобиль эгаларига ҳамла қилувчи қароқчиларнинг пайдо бўлгани ҳақидаги хабарлар аҳоли орасида кичик бир саросима ҳам уйғотди.

Озодликка гапирган тошкентлик Умид ўғирлик кўпайишини ўзбек мардикорларнинг Россиядан оммавий қайтаётгани билан боғлиқ, деган тахминни илгари суради:

- Россиядан янада кўп одам қайтиб келиб тинчимиз бузилaяпти, квартираларни ўмаришлар, машиналарни йўлда тўхтатиб талашлар кўпаймоқда, олдин бунақа эмас эди, дейди Умид.

Тошкент кўчаларида йўл қароқчилари ҳамласи кучайгани ҳақидаги хабарлар овоза бўлиши ортидан ҳайдовчилар автомобилига ўтириши билан уни эшикларини қулфлаб олишни одат қилишган.

“Водители Ташкента” гуруҳининг Борис исмли қатнашчиси автомашина эгаларига йўл қароқчиларидан ҳимояланишнинг энг яхши усули автомобил эшикларини кулфлаб олиш эканини айтади.

-“Lacetti” да ҳам “Malibu”да ҳам автоблокировка тизими яхши ишлайди. Мени машинам ўтиришим билан автоблокировка ҳаракатга келади. Ҳамма шундай қилса ўғирлик бўлмайди. Ҳозир мана шунақа талончиликларни ҳайдовчиларни ўзлари прoвацировать қилишяпти. Пул солинган пакетни олди ўриндиққа қўйиб, деразасини очиб қўйиб машинани ҳайдагандан кейин, ўғри уради-да, деб ёзди Борис.

"Водители Ташкента" гуруҳидагиларнинг ҳеч бири ҳозирча йўл қароқчиларига дуч келмаганликларини айтишмоқда.

XS
SM
MD
LG