Линклар

Шошилинч хабар
23 декабр 2024, Тошкент вақти: 00:03

Олтиариқда яна 8 диндор ҳибсга олинди, маҳаллалар МХХ кузатувида


Фарғона вилоятининг Олтиариқ тумани Ҳамза шаҳарчасида "Ҳизбут Таҳрир" диний гуруҳига аъзоликда гумон қилиниб, яна 8 шахс ҳибсга олинди. Норасмий манбалар ҳибсдагилардан икки нафари оғир аҳволда шифохонага ётқизилганини иддао қилмоқда. Ҳамза шаҳарчаси мутасаддиси туманда ўта кучли назорат ўрнатилганини маълум қилди.

Олтиариқда комендантлик?!

Олтиариқ тумани Ҳамза шаҳарчасида истиқомат қилган 8 диндор 13 апрель куни Фарғона вилояти ва Республика МХХ ҳамда маҳаллий ИИБ ходимларидан иборат махсус гуруҳ рейди чоғида ҳибсга олингани айтилади.

Бу хабарни тасдиқлаган Ҳамза шаҳарчаси маҳалла қўмиталаридан бирининг ходими шу кунда туманда коммендантлик соати жорий этилганини айтади:

"13 апрель куни 20 дан ортиқ оилаларни кўришган, 2 та қори, 2 та спортчини олиб кетишган. Бундан ташқари, битта бошлиқларга оид катта бир одамни айтишяпти, Шавкат деган исмли, фамилиясини билолмадим. Ўн кунча бўлиб қолди, коммендантский час бўляпти. Кечаси 10 дан кўчага чиқиш муаммо бўлиб қолган", деди ўзини маҳалла фаоли, деб таништирган, аммо исми-фамилиясини айтишдан бош тортган ходим.

Бу ходим комендантлик соати расман эълон қилинмагани, аммо туманда аҳолининг соат 22:00 дан тонги соат 6:00 га қадар ҳаракати комендантлик соати жорий этиладиган пайтдагидек чекланганини айтди:

"Расман айтилмаган, лекин одамлар билади буни. Ҳамзада кечки соат 10:00дан кейин кўчада юрган 4 та синфдош йигитни ҳам олиб кириб қўйишган", деди исми-фамилиясини айтишдан бош тортган ходим.

Озодликка айни мавзуда хабар йўллаган ва шахсига оид маълумотларни сир сақлашни истаган яна икки манбадан олинган маълумотга кўра ҳам Олтиариқ туманида сўнгги 10 кундан буён аҳолига расман маълум қилинмаган коммендантлик соати ҳукм сураётгани ҳақида гап-сўзлар юрибди:

"Менимча, бир ҳафтадан ошди. Негалигини билмадиму, лекин расман эълон қилингани йўқ. Одамлар орасида миш-миш бўлди. Тошкентдан районни текширгани МХХ ходимлари келган", деб иддао қилди исмини сир сақлаган бир манба.

Унинг ижтимоий тармоқлар орқали Озодликка ёзишича, Фарғона вилояти ва Тошкентдан борган ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари туманда диндорлиги билан танилган кишиларнинг оилаларини назорат қилмоқда. Ҳатто, бундай оилаларнинг мактаб ёшидаги болалари билан алоҳида суҳбатлар ҳам ўтказилмоқда.

Яна бир манба: "Комендантлик соати қанчалик даражада эканини тасаввур қила олмаяпман, аммо беш кун аввал бир йигит кечалари милиция ходимлари кечаси юрган одамларни тўхтатиб, ушлаган одамини тинтиб, телефонини қўлидан олиб одноклассники, фэйсбукка кирган бўлса, текшириб бош оғритаётганини айтган", деб ёзди.

Манбалар назорат кучайтирилгани сабаби туманда "Ҳизбут Таҳрир" диний гуруҳига мансубликда гумон қилинган катта бир гуруҳнинг ҳибсга олинганию, апрель ойи бошида қамоққа ҳукм қилингани билан боғланаётганини айтмоқда.

Ҳуқуқ-тартибот идоралари, айни пайтда, бу гуруҳга оид бошқа шахслар бор-йўқлигини аниқлашга уринаётгани хабар қилинди.

Озодликка норасмий манбалар берган бу маълумотлар ҳозирча бирор расмий идора, хусусан, Олтиариқ тумани ҳокимияти ёки ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан тасдиқлангани йўқ.

"Қора ниқоблилар" яна 8 кишини ушлади

Яна бир манба 13 апрель куни қора ниқоблилар гуруҳи ўтказган рейдда ушланган 8 кишининг оиласи ҳануз қаттиқ босим ва кузатув остида қолаётганини қўшимча қилди:

"Ҳамза шаҳарчасида 10 дан ортиқ хонадонни тонг саҳарида, халқ уйғониб улгурмасдан “қора ниқоб”лилар босган... Саккиз киши ҳибс қилинан. Бу шахсларнинг барчаси Ислом динига қаттиқ эътиқод қилган диндорлар эди. Булар олиб кетилгандан сўнг, туман ИИБ да бир кун сақланиб, кейин ноъмалум томонга олиб кетилган. Охирги маълумотларга қараганда, улар ҳуқуқ тартибот-органлари томонидан қаттиқ, аёвсиз калтакланган, натижада улардан икки нафари реанимцияга ётқизилган. Ҳибс қилинганлар "Ҳизбут-Таҳрир"га аъзоликда гумонланяпти", деб иддао қилди яна бир олтиариқлик манба.

Унинг илова қилишича, 13 апрель куни ҳибсга олинганлар орасида Ҳамза шаҳарчаси Жомеъ масжиди имомининг ноиби ва туманда танилган 2 спортчи, 1 тадбиркор бор:

"Ҳамза шаҳар Жомеъ масжидининг имом ноиби Равшанбек қори, ДЮЗДО буйича Ўзбекистон чемпионлари яъни кураш усталари Ҳасанбой, Давронбеклар борлиги айтиляпти", деб ёзи исмини сир сақлаган манба.

Ҳамза шаҳарчаси маҳалла қўмитаси мулозими эканини айтган ходим ҳам бу маълумотларни тасдиқлади. У, шунингдек, ҳибсга олинганлар орасида Олтиариқда танилган Шавкат исмли амалдорнинг борлигини ҳам айтди.

Озодлик манбаларидан олинган маълумотларга кўра, Шавкат исмли тадбиркор туманда хусусий АЁҚШга эгалик қилади ва маҳаллий ҳокимият мулозимлари билан яқин алоқада бўлган:

"Шавкат С.нинг яқин ўртоғи айтдики, у ҳақиқатда ҳибсга олинди, дадаси туман йўл қурилиш бошқармаси бошлиғи лавозимида ишлаган экан, Шавкат С. кўзга кўринган тадбиркор, ўзини хусусий фирмаси бўлиб, бир неча қишлоқ хўжалигида ишлайдиган АҚШ да ишлаб чиқарилган техникаларга эга бўлган. Хуллас, кўзга кўринган шахслар, халқнинг етакчиларига ҳужумлар давом этяпти экан", деб иддао қилди олтиариқлик манбалардан бири.

Бу сўнги ойлар ичида Олтиариқ туманида маҳаллий ҳокимият идоралари масъуллари ва таниқли шахслар орасидаги диндорларнинг ҳибсга олинишига доир иккинчи ҳолатдир.

Олтиариқдаги аввалги судлов

Жиноят ишлари бўйича Фарғона вилоят судида "Ҳизбут Таҳрир" диний гуруҳига алоқадорликда айбланган 13 киши устидан 6 апрель куни ҳукм ўқилган, улар ҳам 2014 йилнинг август ойида "қора ниқоблилар" рейди воситасида ҳибсга олинган олтиариқлик диндорлар эди.

Озодлик манбаларига кўра, 6 апрель кунги маҳкамада айбланувчиларнинг 12 нафарига 6 йилдан 10 йилгача қамоқ жазоси, 1 нафарига эса шартли жазо тайинланган. Улар орасида ҳам Қувасой шаҳар ҳокимининг собиқ муовини, Олтиариқ тумани бош ғазначиси ва вилоят Молия бошқармасининг Назорат-ревизия бўлими мулозими борлигини айтилади:

"Марғилон шаҳридан, Қувасой шаҳар ҳоким ўринбосари Нодир исмли йигит, 1981 – йили туғилган – 3 йилга озодликдан маҳрум этилди. Олтиариқ туман Ғазначилик бўлинмаси бошлиғи Мирзаолим, 1979 – йили туғилган – 6 йил. Вилоят Тафтиш Назорат Бошқармаси (КРУ) назоратчи-тафтишчи (ревизор) Азизбек, 1983 – йили туғилган – 6 йил", деб ёзган эди ўтган ҳафтада Озодлик манбаси.

Бош прокуратура баёноти

Фарғона вилоят судида ҳукм ўқилганидан бир неча кун ўтиб, Ўзбекистон Бош прокуратурасининг айни маҳкамага оид баёноти рус матбуотида эълон қилинди.

РИА-Новости агентлиги Ўзбекистон Бош прокуратурасидаги манбага таяниб хабар қилишича, 6 апрель куни Фарғона вилоят Жиноят ишлари судида устидан ҳукм чиқарилган 13 диндордан 12 нафари радикал ва террорчилик ғояларининг тарғиботи билан шуғулланган, деб топилган.

"Тергов жараёнида бу шахсларнинг экстремистик адабиётлар, аудио-видео материалларни Ўзбекистон ҳудудида тарқатгани аниқланган. Прокуратура мулозими Қуръон мазмунини яхши тушуниш учун Қуръонни ўқиш ва араб тилини ўрганиш билан бирга бу 12 шахс тарғибот юритиш ҳамда ижтимоий тармоқлар ва бошқа Интернет манбаларида ғоявий фаолият юритиш бўйича машғулотлардан ўтганини маълум қилди", деб ёзди РИА-Новости агентлиги.

Айни пайтда агентлик манбаси машғулотлар ким томонидан ва қаерда ўтилгани, "машғулотлар" дейиларкан айнан нима назарда тутилаётгани ҳақида маълумот бермаган.

Фарғоналик манбалар маҳаллий ҳокимиятнинг юқори мартабали мулозимлари, хусусан, туман ҳокими ўринбосари ёки бош ғазначиси лавозимидаги амалдорларнинг диний-сиёсий мотивдаги жиноятда айбланиб, қамалганига деярли илк бор гувоҳ бўлаётганини қайд этган.

Шунингдек, ҳуқуқ фаоллари Фарғона вилояти Жиноят ишлар судида қарийб 2 ой давом этган маҳкамани сўнгги йиллар ичида вилоятда кузатилган диний-сиёсий мотивларга боғлиқ йирик маҳкамалардан бири деб баҳолаган.

XS
SM
MD
LG