“Ўзбекистон темир йўллари” ширкатининг камида уч мулозими ишдан олинди. Озодлик манбаларига кўра, МХХ томонидан мулозимларга нисбатан очилган жиноят иши прокуратурага оширилган. Мулозимлар бир қатор молиявий жиноятларда айбланаётгани айтилмоқда.
“Ўзбекистон темир йўллари” Давлат акциядорлик темир йўл компаниясини 13 йилдан буён бошқариб келаётган Очилбой Раматовни ишдан олиш ҳаракатлари кетаётгани айтилмоқда.
Бу ҳақда Озодликка маълум қилган манбага кўра, шу кунларда шифохонада даволанаётган Раматов ҳали расман ишдан бўшатилмаган.
Лекин Озодлик манбасининг билдиришича, айни пайтда Раматовнинг уч ўринбосари Даврон Деҳқонов, Шерзод Исматуллаев, Шуҳрат Содиқовлар ишдан олинган ва уларга нисбатан жиноят иш қўзғатилган.
Ҳуқуқ-тартибот идораларига яқин бошқа бир манбага кўра, уч мулозимга нисбатан молиявий жиноятлар билан боғлиқ айбловлар илгари сурилмоқда. Бироқ манба бошқа тафсилотларни очиқламади.
Ҳозирда уч ўринбосар Ўзбекистон Жиноят кодексининг айнан қайси моддасига кўра айбланаётгани ва уларнинг ҳибсга олингани ёки очиқда қолаётганига оид маълумотлар Озодликда йўқ.
Озодлик мухбири 20 апрель куни “Ўзбекистон темир йўллари” ширкатига қўнғироқ қилиб, биринчи ўринбосар Даврон Деҳқонов ва ўринбосарлар Шерзод Исматуллаев ва Шуҳрат Содиқовларнинг ишдан олиниш сабаблари билан қизиқди.
Бироқ ширкат ходимлари "учала ўринбосар ҳам шу кунларда хизмат сафарида экани ва қачон ишга қайтиши номаълумлигини"ни айтишди.
Ширкатнинг расмий сайтида Деҳқонов, Исматуллаев, Содиқовлар ҳануз ўринбосар лавозимида қолаётганлари кўрсатилган.
Мустақил кузатувчилар, мамлакат темир йўллари соҳаси монополисти бўлган "Ўзбекистон темир йўллари" ширкатида коррупция билан боғлиқ ҳолатлар учраб туриши ҳақида гапириб келишади.
Жумладан, Trans-Port порталида “Ўзбекистон темир йўллари”нинг қўшни давлатлар ширкатлари билан салбий муносабатда экани ҳақида эълон қилинган мақолада "Ўзбекистон темир йўллари"нинг барча тармоқларида коррупция авж олгани ва масъулиятсиз бошқарув тизими шакллангани"ни айтилган.
Портал таҳлилчиси Ўзбекистондаги темир йўл тизимининг приватизация қилинмагани ва рақобатнинг йўқлиги боис бу соҳадаги ривожланиш кўлами сустлигини айтиб, танқид қилган.
Очилбой Раматов “Ўзбекистон темир йўллари” ДАТК бошқаруви раиси лавозимини 2002 йил октябридан буён эгаллаб келмоқда. Меҳнат фаолиятини тепловоз машинистининг ёрдамчиси лавозимидан бошлаган Раматов кейинги йилларда "Фидокорона хизматлари учун" ва "Эл-юрт ҳурмати" орденлари билан тақдирланиб, шахсан президент Каримов томонидан бир неча бор мақталган.
“Ўзбекистон темир йўллари” компанияси 1994 йил 7 ноябрида собиқ Ўрта Осиё темир йўллари негизида ташкил этилган. Миллий ширкат тасарруфидаги йўлларининг умумий узунлиги 3645 километрга яқинни ташкил этади. Компанияда 54,7 мингдан зиёд одам ишлайди. Компаниянинг йиллик юк айланмаси барча турдаги транспорт юк айланмасининг 90% га яқинини ташкил этади.