Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 06:48

Қозоғистондаги аварияда Ўшдаги бир оиланинг 5 аъзоси ҳалок бўлди


Олмаота - Екатеринбург йўлида содир бўлган автомобил тўқнашувида ҳалок бўлган ўшлик 62 ёшли Мавжуда Ўринбоева, унинг 34 ёшли қизи ва балоғатга етмаган уч неварасининг жасади ҳалокатдан уч кун ўтиб Қирғизистонга олиб келинди.

Олмаота - Екатеринбург йўлида содир бўлган автомобил тўқнашувида ҳалок бўлган ўшлик 62 ёшли Мавжуда Ўринбоева, унинг 34 ёшли қизи ва балоғатга етмаган уч неварасининг жасади ҳалокатдан уч кун ўтиб Қирғизистонга олиб келинди.

Ўшнинг Шамшод мавзесида истиқомат қилган 62 ёшли Мавжуда Ўринбоева 18 апрель куни 34 ёшли қизи ва 3 набирасини олиб Россиянинг Челябинск вилоятида ишловчи ўғлининг олдига бориш учун йўлга чиққан эди. 19 апрель куни улар минган автомашина Қозоғистон ҳудудига ўтганидан сўнг ҳалокатга учради ва бу оиланинг сафарга чиққан барча аъзолари ҳалок бўлди.

Қирғизистон Фавқулотда вазиятлар вазирлиги берган маълумотларга кўра, ҳозирда жасадлар Қозоғистондан Қирғизистонга олиб келинган. Бугун уларнинг жасади Ўшга олиб келиниб дафн этилиши кутилмоқда.

Жасадларни вафот этган болаларнинг отаси Раҳимжон Ўринбоев олиб келмоқда. Ҳалок бўлган оиланиниг яқинларидан бири Абдуманноп ота бўлиб ўтган воқеа ҳақида мана буларни гапириб берди:

-18 апрель куни шомда мана шу ердан кетган эди. Шанба куни шомда телефон қилибди, “Биз Бишкекдан Қозоғистонга ўтдик”, дебди. Шу кетган бўйи эртасига соат ўнларда шундай бўлди, деб эшитдик.

- Кимдан эштинглар сизлар?

- Наримон участкасидан участка мелициялари келиб “Шамшод кўчасида Ўринбоевлар борми”, деб сўрабди. “Ҳа бор”, деб кўрсатиб беришган экан. ОблГАИни олдида катта ўғлини уйи бор эди. Уни чақириб келишибди. Кейин милиционерлар қўрқиб кетмасин деб, аста суриштириб, ётиғи билан айтишибди. Кейин у ҳам нима қилишни билмай бизга айтди. Кейин куёв болага, ўлган Гавхаройнинг эри Бишкекда ишларди, унга телефон қилдик. Дод - фарёд қилиб машина билан ўша авария бўлган ерга кетган, - дейди вафот этган Ўринбоевлар яқинларидан бири Абдуманноп ота.

Фожеа 19 апрель куни тахминан соат кундузги ўнлар чамаси Қозоғистоннинг Жамбул вилояти Мўюнқум туманида собир бўлган. Унда “Газель-2705” ва “Мерседес-Бенс” спринтер русумидаги автомашиналар тўқнашиб кетган. Қирғизистонликлар “Мерседес-Бенс” кичик автобусида бўлган.

Олмаота - Екатиринбург йўлида содир бўлган авария натижасида жами 16 киши вафот этган.

Вафот этганларнинг 15 нафари ва жабрланганларнинг беш нафари Қирғизистон фуқароси экани аниқланган. Ҳалокат оқибати юзага келган ёнғинда бир неча одам таниб бўлмас даражада куйиб кетган. Ҳозирда уларнинг шахси аниқланмоқда. Бироқ уларнинг ҳам қирғизистонлик бўлиши мумкинлиги таҳмин қилинмоқда. Вафот этганлардан бир нафари Қозоғистон фуқароси экани аниқланган. Бу ҳақда Қирғизистон Фавқулодда вазиятлар вазирлиги матбуот котиби Абдишарип Бекилов маълум қилди.

Унга кўра фожеадан жабрланганлар Қозоғистоннинг Қараганда вилояти Приозерск шаҳар касалхонасига ётқизилган.

Абдишарип Бекиловга кўра, Қирғизистон Фавқулотда вазиятлар вазирлиги томонидан воқеада вафот этган қирғизистонликлар жасадини олиб келиш учун Қозоғистонга махсус автомашина юборилган.

Расмийнинг айтишича,вафот этганлар орасида ўшлик Ўринбоевларнинг уч фарзандидан ташқари яна бошқа ёш болалар бўлиши ҳам мумкин:

- Кимлиги ноаниқ қолаётган жасадлар орасида ҳам ёш болалар бўлиши мумкин. Негаки ўзинглар суръатда кўрганинглардек, одамларнинг жасади таниб бўлмас даражада куйиб кетган. Ҳозирда бизда қанча одам куйгани тўғрисида ҳам аниқ маълумот йўқ. Негаки автомашинада қанча одам бўлгани тўғрисида аниқ маълумот бўлмаяпти. Сабаби Ўшдан чиққан машинада ўн тўққиз, йигирма, баъзи маълумотлар бўйича ўн саккиз одам бўлиши мумкин. Ҳозирда Қозоғистондаги ҳамкасбларимиз бу масалада аниқлаштириш ишларини олиб бораяпти, - дейди Қирғизистон Фавқулодда вазиятлар вазирлиги матбуот котиби Абдишарип Бекилов.

Қирғизистон президенти Алмазбек Атамбаев мазкур автоаварияда ҳалок бўлган барча қирғизистонликларнинг яқинларига таъзия билдирди. Шунингдек, президент марҳумларни ватанига олиб келиш ҳукумат ҳисобидан амалга оширилишини билдириб, тегишли ташкилотларга бу борада кўрсатма берди.

XS
SM
MD
LG