Линклар

Шошилинч хабар
22 декабр 2024, Тошкент вақти: 11:06

Икки олигарх ва бир вазир ўринбосари машмашаси


Украина энергетика вазири муовини Игорь Диденко (чапда) ҳамда украиналик икки олигарх Геннадий Боголюбов (ўртада) ва Игорь Коломойский (ўнгда).
Украина энергетика вазири муовини Игорь Диденко (чапда) ҳамда украиналик икки олигарх Геннадий Боголюбов (ўртада) ва Игорь Коломойский (ўнгда).

Юқори лавозимли ҳукумат расмийси бирор олигарх билан биргаликда бир ширкатга эгалик қилса ва ҳамкорининг бошқа бизнеслари фойдасини кўзлайдиган қарорларни қабул қилса, бу манфаатлар тўқнашувига кирадими? Украинада бу саволга қандай жавоб олишингиз саволингизни кимга беришингизга боғлиқ.

Яқинда миллардерлар Игорь Коломойский ва Геннадий Боголюбов билан бизнес ҳамкорлик қилиши ошкор бўлган энергетика вазири ўринбосари Игорь Диденко улар эгалик қиладиган ширкат ўз назорати остида бўлмагани учун бу ерда ҳеч қанақа манфаатлар тўқнашуви йўқлигини айтади. Аммо Коломойский ва Боголюбов энергетика соҳасида йирик пакетларга эгалик қилади. Диденко эса айнан шу соҳани назорат қилади.

Озодлик радиоси украин хизмати билан суҳбатда Диденко: “Энергетика ва кўмир саноати вазирининг муовини сифатида фаолият юритар эканман, коррупцияга қарши қонунларга амал қиламан”, деди.

Сиёсатчилар ва йирик ишбилармонлар орасидаги манфаат зиддиятларини топиш ва уларга барҳам бериш Украина лидерлари учун муҳим вазифадир. Украиналик олигархлар кўпдан бери мамлакат иқтисодига ўз таъсирларини ўтказиб келадилар.

Аммо Диденко, Коломойский ва Боголюбов ўртасидаги алоқалар эски тизимни ўзгартириш қанчалик мушкул эканидан далолат беради.

Президент Петро Порошенко яқинда берган нутқида: “Мен бошламоқчи бўлган муҳим иш – иқтисодни олигархлардан озод қилиш. Биз мамлакатда тартиб ўрнатишга ҳаракат қиляпмиз, лекин улар [олигархлар] ҳаммасини чалкаштириб юборган”, деди.

Украина бўйлаб олигархларга қарши олиб борилаётган тозалаш кампанияси натижасида Коломойский ўтган ой Днепропетровск вилоят губернатори лавозимидан кетган эди.

Аммо бундай ҳаракатлар жуда кўп тўсиқларга дуч келмоқда. Бунга мавжуд қонунларда ножўя ҳаракатларга йўл очиб берадиган имкониятларнинг кўплиги, қонунни назорат қилиш механизмларининг кучсизлиги ҳамда тартибсиз легал муҳит сабаб бўлмоқда. Диденко, Коломойский ва Боголюбов иши бунга яққол мисол бўла олади.

Миллий ширкатлар маълумотлар базасига кўра, Диденко 2008 йилдан бери энергетика саноатидаги инновациялар бўйича иш олиб борувчи Протон-21 ширкатининг сармоядори бўлиб келади. Унинг улуши 650 минг доллардан кўпроқдир. Коломойский ва Боголюбовлар ҳиссаси эса бундан уч баравар кўп.

Forbes ҳисобларига кўра, Коломойский ва Боголюбов иккиси ҳам тахминан 1,3 миллард доллар бойликка эга. Аммо украин матбуоти ҳисоб-китобларига кўра, олигархларнинг мулки бундан анча кўп.

Протон-21 сармоядорлари орасида ихтирочи ҳам бор. Ширкат вебсайтида компания радиоактив чиқиндиларни бартараф қилиш билан шуғулланиши айтилган. Аммо Украина патентлар маълумотлар базасига кўра, ширкат 2004 йилдан бери бирорта патентни рўйхатдан ўтказмаган.

Ширкат офисига ҳеч ким киритилмайди. Компания расмийлари эса бу мақола учун шарҳ беришдан бош тортишди.

Коррупцияга қарши кураш маркази ҳуқуқшуноси Олена Шербан қонун бўйича Диденко 2014 йилнинг май ойида вазир ўринбосари этиб тайинланганидан кейин корпоратив ҳуқуқларини учинчи бир шахсга ўтказиб бериши шарт бўлганини айтди.

Аммо Диденко ҳеч қандай манфаатлар тўқнашуви йўқлигини иддао қилади. “[Энергетика ва кўмир саноати] вазирлиги бошқарадиган ширкатлар Протон-21АЖ билан шартнома имзоламаган ва Протон-21 АЖ билан музокаралар олиб бормайди, келишувлар имзоламайди”, деди Диденко.

Озодлик радиоси қўлга киритган вазирлик ҳужжатларига кўра, Диденко аввалги лавозимларида ўз ҳамкорларининг яна бир бизнеси – Приват гуруҳига қўл келувчи қарорларни қабул қилиш орқали ёрдам берган.

Масалан, Диденко 2009 йили Украинанинг Нафтогаз нефть ва газ монополиясининг де-факто раҳбари бўлиб ишлаётганида бизнес ҳамкорларига Укртатнафта ширкатининг бошқарув пакетини қўлга киритиш учун рухсат берган.

Диденко молиявий муаммолардан боши чиқмайдиган Нафтогаз ҳукумат ширкатида Укртатнафтани сотиб олиш учун етарлича маблағ бўлмаганини айтган эди. Аслида Нафтогаз биринчи бўлиб танлаш ҳуқуқига эга бўлган. Аммо нефть ва газ мутахассиси ҳамда энергетика вазирлиги собиқ ходими Леонид Косянчукнинг айтишича, Нафтогаз ширкати Укртатнафтани сотиб олиши учун Диденко вақтида чора кўрмаган.

2010 йилда Диденко Приват гуруҳи Укрнафта ширкати бошқарувини қўлга киритишга йўл очиб берувчи қарорни имзолади. Ҳозирда Приват гуруҳи бу ширкатнинг 43 фоизига эгалик қилади, ҳукумат эса қолган қисмига.

Шу ва бошқа қарорлар натижасида Приват гуруҳи тўрт йилдан бери бирлашган ширкат сифатида фаолият юритиб келади. Гуруҳ бошқарувидаги баъзи ширкатлар сармоядорлари бўлса ўз ҳақларини ололмай келадилар.

Собиқ энергетика вазири Юрий Проданнинг айтишича, Укрнафта ширкатининг ҳукуматга 60 миллион долларга яқин қарзи бор.

Ўтган ойда Украина парламенти Приват гуруҳининг айрим давлат ширкатларидаги таъсирини камайтиришга қаратилган қарорни қабул қилиб, ширкатлар бошқарувига ўзгаришлар киритган эди. Ўшанда Коломойский Укртранснафта ва Укрнафта биноларини ўз қуролли гуруҳлари билан эгаллаб олишга уринди.

Қуролли гуруҳлар ширкат биноларига бостириб кирган пайтда Коломойский ҳам воқеа жойида бор эди. Озодлик радиоси украин хизмати мухбири унинг мақсади нима эканини сўраб берган саволига олигарх ҳақорат билан жавоб бериб, тайинли бир изоҳ бермаган.

25 март куни Коломойский тазйиқлар остида Днепропетровск вилоят губернатори лавозимидан бўшади. Аммо олигарх шу кунгача ҳукумат мулкларига эгалик қилиб келади.

Парламент аъзоси Виктория Войцицканинг айтишича, Коломойский ва унинг одамлари мавжуд қонунларга асосланиб, ҳукумат ширкатларидаги ўринларини сақлаб қолишди.

Коломойский ўз хоҳиш ва методлари ҳақида тортинмай гапиради. Ўзига тегишли бўлган 1+1 телеканалига берган интервьюсида у: “Украинада қоидаларга амал қилиб фаолият юритишнинг иложи йўқ. Аслини олганда, ҳамма жойда шундай”, деган эди.

Катя Горчинская қаламига мансуб ушбу мақола Нодир Атаев томонидан ўзбекчага ўгирилди.

XS
SM
MD
LG