Линклар

Шошилинч хабар
23 декабр 2024, Тошкент вақти: 07:21

Қозоғистон Интернети калтакланган остоналик ҳимоясига чиқди


Алиби Жумағулов.
Алиби Жумағулов.

Остона шаҳрида 24 ёшли Алиби Жумағуловнинг бойвачча тадбиркор тарафидан вахшийларча калтаклангани қозоғистонлик ижтимоий тармоқлар фойдаланувчилари орсида мисли кўрилмаган фаолликка туртки бўлди. Интернет фойдаланувчилари ишнинг “коррупциясиз” тергов қилинишини талаб этишмоқда.

Алибининг калтаклангани ҳақида унинг отаси Нурлан Жумағулов Facebook-да қолдирган хабар беш кун ичида 200 мингдан ошиқ фойдаланувчи тарафидан қайта чоп этилди. Айни дамда Facebook, Twitter, Intsgram ва бошқа оммабоп ижтимоий тармоқларда жабрланувчига адвокат ёллаш учун пул йиғилмоқда.

Терговни адолатли ўтказиш чақириқлари билан бирга қозоғистонлик интернет фойдаланувчилари воқеада гумонланаётган 45 ёшли тадбиркор Қайрат Жамалиевга тегишли ресторан ва дам олиш масканларига бойкот эълон қилиш акциясини бошлашган.

Тунги соат иккидаги қўрқинчли қўнғироқ

Жабрланувчининг отаси Нурлан Жумағуловнинг айтишича, 21 апрель куни кечки пайт ўғлининг мобил телефонига Қайрат исмли киши қўнғироқ қилиб, уни учрашувга чақиради. Тунги соат иккида эса Алиби Жумағуловнинг ўртоғи унинг ота-онаси билан боғланиб, ўғли оғир аҳволда касалхонада эканини айтади.

Facebook саҳифасида ёзган постида Нурлан Жумағулов калтаклардан юзи шишиб, қонга беланган ўғлиниг суратини ҳам чоп этган. “Келганимизда дахшатли манзара гувоҳи бўлдик. Ўғлимиз вахшийларча калтакланган эди. Боши топтаб ташланган, бурни синган, бети йиртилган, бир қулоғи узилган, кийими қонда, бўйнида эса ип билан бўғилганининг излари бор эди”, дейилади Жумағуловнинг постида.

Унга кўра, калтаклашда иштирок этган Жамалиев ва унинг қўли остидаги хизматчилари ҳуқуқ-тартибот органларига мурожаат қилмаслиги учун Алибини видеокамера олдида қотиллик содир этганига иқрор бўлишга мажбурлашган.

Алиби Жумағуловнинг отаси айни дамда тергов жараёнига юқори лавозимли амалдорлар тарафидан босим ўтказилаётганини айтмоқда.

Қозоғистонлик ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари Қайрат Жамалиевни Остонадаги қатор ресторанлар ва кўнгил очиш марказлари эгаси эканини айтиб, пулдор тадбиркорнинг давлати ва ҳуқуқ-тартибот органларидаги танишлари ёрдамида жазодан қутилиб қолиши мумкинлигидан хавотир билдиришмоқда.

Нурлан Жумағулов шов-шувга сабаб бўлган Facebook саҳифаси воқеадан бир неча куни ўтиб номаълум шахслар тарафидан ўчирилгани ва у янги саҳифа очишга мажбур бўлганини айтди.

Мисли кўрилмаган онлайн фаоллик

Ижтимоий тармоқларда фуқароларнинг бу воқеа муносабати билан фаоллиги ошиши ортидан жабрланувчини калтаклаганликда гумон қилинаётган тадбиркор Жамалиев ҳуқуқ-тартибот идоралари тарафидан ҳибсга олинди.

“Бундай кенг кўламли инсон ҳуқуқини химоя қилиш ва айбдорларни жазолаш талаблари мамлакат тарихида илк бор кузатилмоқда. Бор-йўғи 5-6 соат ичида оддий фуқаролар жабр кўрган оила атрофида бирлашишди. Чунки бу воқеа бутун жамиятга қарши содир этилган жиноят, деб кўрилмоқда. Бундай кутилмаган реакция фуқаровий жамиятнинг фаоллигидан дарак беради,” деб ёзди фаол Мурат Абенов ўзининг Facebook саҳифасида.

Кузатувчиларнинг фикрича, айнан жамият фаоллиги ҳуқуқ-тартибот органларини жиноятни тергов қилишда тезкор чораларни кўришга ундаган. Алиби Жумағуловни калтаклашда иштирок этган яна бир гумонланувчи – Жамалиевнинг ҳайдовчиси ҳам ҳибсга олинган. Учинчи гумонланувчи – Жамалиевнинг тансоқчиси эса қидирувга берилган.

Шунингдек, иш Қозоғистон Бош прокурори ва Ички ишлар вазирининг бевосита назоратига олинди.

Остона судида 25 апрель куни икки кун аввал ҳибсга олинган гумонланувчи Қайрат Жамалиевни ҳибсда ушлаб туриш ёки судгача гаров эвазига озод қилиш бўйича маҳкама бўлиб ўтди. Суд биноси олдига Алиби Жумағуловнинг ота-онасини қўллаб-қувватлаш учун юзлаган остоналик келгани айтилмоқда. Судья гумонланувчини 23 июнгача ҳибсда ушлаб туришга қарор қилди.

24 ёшли остоналикнинг калтакланиши сўнгги кунларда қозоғистонлик интернет фойданувчилари тарафидан энг кўп муҳокама қилинаётган мавзу бўлиб қолмоқда. Улар тарафидан воқеанинг бир нечта версиялари, жумладан, жабрланувчи ўзи айбдор экани ҳақидаги гумонлар ҳам илгари сурилмоқда.

25 апрель куни қозоғистонлик интернет фойдаланувчилари шов-шувли ишларни коррупция йўли билан ҳал қилиш амалиётларини тешкириш бўйича махсус комиссия тузиш талаби билан мамлакат президенти Нурсултон Назарбоев номига ёзилган онлайн петицияга имзо тўплаш акциясини бошладилар.

Петицияни икки кун ичида 9 мингга яқин одам имзолади.

XS
SM
MD
LG