Линклар

Шошилинч хабар
22 декабр 2024, Тошкент вақти: 08:15

Рассом Аваз Мутал: “Ўзбекистон мен учун жаннатдир”


Uzbekistan - painter Avaz Mutal
Uzbekistan - painter Avaz Mutal

Москвада яшаб обрў-эътибор топган 62 яшар ўзбек рассоми Аваз Мутал билан “Туркистон рассомлари” рукни доирасида суҳбатлашдик.

Сўнгги 30 йил ичида Москвада яшаб ижод қилаëтган Аваз ака нафақат ўзбек тилини унутмаган¸ балки бу тилда шеър ëзиши билан ҳам фарқланадиган ижодкор.

Озодлик билан суҳбатда Аваз ака "Ўзбекистонни жаннат" дея билиши ва қадрлашини айтди. Аваз ака мамлакатдаги сиëсий режимни эмас, балки гўзал ўлка - Ўзбекистонни бир фарзанд каби севишини сидқидилдан изҳор қилди.

Москвада ижод қилаëтган рассомнинг бу эътирофи айни шаҳарда концерт бераëтган машҳур Зокировлар сулоласи вакили Наргиз Зокирова ижтимоий тармоқларда ўз шаънига ёзилган ҳақоратларга жавобан “келиб чиқиши ўзбекистонлик” деб таништиришларини бас қилишни талаб қилгани ва Ўзбекистонни дўзахга тенглаштирганидан сал олдин янгради.

Аваз аканинг расмларини дунëнинг турли мамлакатларида яшайдиган турли миллат вакиллари ва дунëдаги турфа музейлар сотиб олади.

Аваз аканинг айтишича, унинг асарларини сотиб оладиган муштарийлар орасида ўзбеклар деярли йўқ, ўзбек музейлари ҳам Аваз Усмон асарларини сотиб олишга рағбат кўрсатмайди.

Суҳбат мобайнида Аваз ака унинг суратларини қадрламаган элдошларидан ҳафа эмаслигини билдирди. Рассом Аваз Усмон Ўзбекистонни шартсиз ва тараддудсиз севишини билдирди.

“Худди бола ўз онасини севгани каби она юртимни севаман!” дейди суҳбатдош.

Рассом Аваз Усмон билан суҳбат
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:12:33 0:00
Бевосита линк

Рассомликнинг 16 йиллик таҳсили

Аваз Мутал Тошкентдаги рассомлик билим юрти ва Москвадаги ВГИК - Бутун иттифоқ киноматография давлат институтида ўқиди.

Аваз Мутал кино соҳасидаги энг обрўли масканлардан бири бўлган ВГИКда тахсил олган саноқли ўзбеклардан биридир:

- Мен ўқиганим ВГИКда кўп нарса олганман. Мен Богданов, деган устозни қўлида ўқиганман. Бу одам саҳналаштирган кино Оскар мукофоти лауреати бўлган. У одамдан мен композицияни ўрганганман 6 йил. Московский бюджетдан жуда катта пул теккан СССР пайтида бу ўқиш учун. ВГИКка кириш ҳам осон эмас эди. Ўқиганмиз, Нозим Аббосов ҳам мен билан ўқиди, дея миннатдорлик билан эслайди суҳбатдош.

Туркистон рассоми

Аваз Мутал ўз ота-боболарининг Туркистон шаҳридан Тошкентга кўчиб келганини айтар экан, ўзининг Яссавий авлоди бўлганидан фахрланишини ҳам таъкидлади:

- Менинг битта мақсадим бор отамнинг номини қолдириш. Отангизнинг номини қолдирсангиз, ватанингизнинг номини қолдирасиз, демак. Энди қаранг ,мудрий гаплар бўладию, масалан: "Оллоҳ таоло ер бераëтганда, халқларга ўзининг навбатини ол, деб бошқа одамларга бериб юбораверган экан-да ўзбек. Охирида ўзбекнинг ўзи жойсиз қолган. Ерда жой қолмаган. Кейин Оллоҳ таоло: “Сен ўзбек жуда ҳам добрийсан. Ҳаммага бериб юбориб, ўзинг ҳеч нарсасиз қолдинг мана. Энди сенга жаннатимдан озгина жой беришимга тўғри келади”, деб Ўзбекистон ери берилган экан.

Озодлик: Ўзбекистонни қандай тасвирлаган бўлардингиз?

- Жаннат, деб. Агар даже абстаркт тасвир бўлса ҳам жаннат бўлиши керак. Одамни тортиши керак бу тасвир. Ўзбекистоннинг ери олтин. Ўзбекистонни, биласизми ким энг яхши тасвирлаган? Абдулхақ Абдуллаев. Нафақат Ўзбекистоннинг, балки 20 асрдаги Туркистоннинг энг яхши портретчиси Абдулҳақ Абдуллаев бўлган. Энди ватан тасвири мен учун уйимнинг тасвири. Мен эски шаҳарликман. Болалигимизда бозорларда югуриб юрардик, битта трусикда. Ҳатто трусикни ечиб, байроққа ўхшаб айлантириб ўтиб кетардик бозордан. Энди 4-5 ëшли бола. Ҳадрадаги фонтанда чўмилиб катта бўлганмиз. Циркнинг олдидаги фонтан борку, ўша ерда чўмилиб катта бўлганман мен. Ўзимни эски шаҳарлик, деб биламан. Лекин 2000 йили Тошкентда юрсам 18 ëшли бола менга “здравствуйте” деди. “Тўхта укам. Нимага менга рус тилида салом бердинг?” десам, “Билмадим ака. Ўзбекка ўхшамайсиз” деди. Уни бу гапида ҳам жон бор. Россияда таълим олдим. Россияда все-таки кўрмаган таниқли актëрлар ëки бўлмаса, рассомлар, бошқалар билан танишасиз ишлари билан. У ерда выставкалар кўп. Москва - маънавият дунëсига очилган дарча. Окно в духовный мир. Мен Россия сиëсатини қўлламайман. Политика непричём. Охири политикаларга борадиган бўлса, Украинага аралашиб кетиши мумкин.

Озодлик: Сиз яшайдиган Москвада минглаб элдошларингиз яшайди. Масалан, улар шу кунларда Георгий лентасини тарғиб қилиб юришган экан, рус миллатчиларига қўшилиб...

- Униси ҳали ҳолва. Мен эшитган нарсаларимни кўриб, ҳайрон қоламан мен. Ўзбеклар секталарга бориб, чўқиниб юришибдику! Ҳайронман мен. Как так? Ленталарни тақиб олиб, юришибди. Майли, масалан, бу ердаги гастарбайтерлар тақадиган бўлса, милиция тегмасин, деб тақишади, менимча. Тушунаяпсизми? Шунақа бўлади. Шунақа томонлари бор. Шу милиция тегмасин, деб тақиб оладиган ўзбеклар бўлиши мумкин.

Озодлик: Санъатга қайтсак. Сиз чизган “Дом на Чорсу” деган расмингизни кўраяпман. Бу яқинда бир неча миллион долларга сотилган Кандинский асарига ўхшаб кетаяпти озгина.

- Кандинскийни севаман. Расмдаги уй - менинг уйим бўлади.

Озодлик: Чорсудами?

- Ҳамза театрини биласизми? Ўша кўча менинг кўчам. Менинг avazmutall.com сайтимни очсангиз, ўша ерда саҳифа бор. "Пресса" деган жойда мен ëзган нарса бор. Битта журналист келиб интервью олмоқчи бўлди. "Сиз ҳақингизда мақола ëзаман", деди Москвада. Мен “спасибо” дедим. Бундоқ қарасам, начитанный қиз эмас. Мен начитанный бўлмаса, гаплашмайман журналистлар билан. Шундоқ сездим. “Хорошо. Лучше я сам напишу о себя” дедим. Ҳайдавордим. Ўзим ëздим.

Озодлик: Расмлар билан бирга шеър ҳам ëзасиз-а?

- Энди ҳар хил нарсалар ёзганман, ëзганларим йўқолиб кетган. Ҳозир биттасини қарайман. Тасодифан 1997 йил Тошкентга борганимда кўчага чиқдим. Бундоқ қарасам, оймомо. Топ-тоза осмонда оймомо. Сразу миямга шеър келди. Сразу шеър ўқишни бошладим. Мен шоир эмасман, рассомман. Раз уйга кирдим-да, ëзиб ташладим. Ўша ëзиб қўйганим ҳозир менинг қўлимда экан. Ўқиб бераман, - дейди рассом Аваз Усмон.

Оймомо ҳақида рассом ëзган шеър

Кўҳна дунë ухлаган чоғда,

Оймомо малика чексиз бу боғда,

Олам тилларида бўлиб афсона,

Фалакни кезади мисли девона.

Фалакда ягона хуршиди жаҳон,

Нуридан товланар боғдаги хазон,

Тун нури, қибласи, онадек ўзи,

Атрофида гиргиттон ўғилу қизи,

Қуршаса, мураккаб севги балоси,

Оймомода сақланар унинг давоси.

Ошиқлар боқишса, унга термулиб,

Муҳаббат сирларин очади ëниб,

Нолийди тун бўйи кўзи тўла ëш,

Уялиб қочади гар кулса қуëш,

Висолига етганга айтган сўзи дод,

Биз учун куяди, айлайди фарëд.

Ғарибларни этиб зулматдан озод,

Олмосдек ëнади бизни этиб шод,

Термулиб қолганга нажот излайди,

Бахт саодату тинчлик тилайди.

Рассом ҳақида

Тасвирий санъатнинг импрессионизм ва абстракт йўналишида ижод қиладиган рассом Авазбек Мутал 1953 йил Тошкентда туғилди.

Аввалига Павел Беньков номли рассомлик билим юртида таҳсил олган Авазбек кейинроқ Тошкент театр ва рассомлик институти рангтасвир бўлимини тугатди.

Тасвирий санъат соҳасида ўз маҳоратини оширишни мақсад қилган Авазбек Москвадаги Бутуниттифоқ Кинематография институтига (ВГИК) ўқишга кирди.

Москвалик таниқли рассом Михаил Богданов устозлигида Авазбек Мутралнинг тасвирий услуби шаклланди.

Авзбек Мутал халқаро рассомлар уюшмаси аъзосидир. Рассомнинг асарлари Тошкент, Москва, Кўкчетов музейларида сақланади.

Шунингдек АҚШ¸ Германия¸ Франция¸ Италия¸ Испания¸ Исроил ва Хитойдаги шахсий жамламаларда ҳам Аваз Усмоновнинг асарлари мавжуд.

Аваз Мутал Москвада яшаб ижод қилади.

XS
SM
MD
LG