Линклар

Шошилинч хабар
19 ноябр 2024, Тошкент вақти: 17:41

Ўзбекистонда нарх оширмасликнинг имкони борми?


Ислом Каримов президентликка сайланиб олгунига қадар оширилишдан тўхтатиб турилган нархлар 15 майдан бошлаб яна кўтарилади. Ўзбекистонда ҳар йили икки марта-баҳорда ва кузда нарх оширилишини тўхтатиб қолувчи омиллар мавжудми? Ўзбекистонлик иқтисодчилар бу саволга “Ҳозирча йўқ”, деб жавоб бермоқда.

Шу йилнинг 15 майидан бошлаб Тошкент аҳолиси, шунингдек, ташкилотлар учун марказий иситиш ҳамда иссиқ сув таъминоти тарифи 10 фоизга ошади. Марказий иситиш учун пойтахтда бир ойлик тариф нархи турар жойнинг бир квадрат метри учун ҳозирги 844,67 сўмдан 941,14 сўмга ошади.

Иссиқ сув учун янги тариф бўйича ҳисоблагич бўлмаган тақдирда киши бошига 11 777, 69 сўм, (ҳозир 10570,54 сўм) ва ҳисоблагич билан бир кубометр учун 3 015,87 сўмни (ҳозир 2706,76 сўм) ташкил этади.

Мутахасислар бунинг ортидан электр энергияси, совуқ сув, газ ва бензин нархлари ҳам кўтарилишини, бу эса ўз ўрнида озиқ-овқат маҳсулотлари нархининг ҳам ошишига сабаб бўлишини айтмоқдалар.

Коммунал хизматлар нархи Ўзбекистонда ҳар йили апрель ва октябрь ойларида оширилар эди. Бироқ бу йил апрель ойида нарх кўтарилиши эълон қилинмаганди. Мутахасислар Озодлик радиосига бунинг сабабини 29 март куни ўтказилган президентлик сайлови билан боғлаган эдилар.

- Ҳозир олдинда сайловлар каби муҳим воқелар бўлиши кутилмоқда. Балки нархларнинг оширилмаётгани мана шу воқеа билан боғлиқ бўлиши мумкин. Сайловдан кейин эса нархлар яна оширилиши эҳтимол, - деган эди Озодлик мухбири билан суҳбатлашган “Ўзкоммунхизмат” расмийси.

Минтақанинг бошқа давлатларида коммунал хизматлар нархи камида икки-уч йилда бир марта оширилади. Масалан, Қирғизистонда газ, бензин нархлари эса бозордаги таклиф ва талабга қараб тушиб ҳам туради. Ўзбекистонда эса ҳар йили икки марта нарх оширилиши анъанага айланган.Ўзбекистонда бу анъанани тўхтатиб қолувчи омиллар мавжудми? Ўзбекистонлик иқтисодчи Миркомил Тошкандий бу саволга “Ҳозирча йўқ”, деб жавоб берди:

-Бир йилда икки марта нарх кўтарилишининг олдини олиш мумкин эмас. Биринчидан, бу тенденция бюджет параметрларига жойлаштирилган бўлади ва буни бекор қилиш қийин. Иккинчидан, бунга ўша корхоналарга инвестиция киритилишининг камлиги, учинчидан, корхоналардаги ресусрларнинг камлиги, яъни ускуналар ресурсларининг тугаб бораётгани, уларни янгилашга эҳтиёжнинг кучлилиги сабаб бўлмоқда, -деди Миркомил Тошкандий.

Иқтисодчининг айтишича, коммунал хизматлар нархининг кўтарилиши ҳар йили Ўзбекистонда бошқа маҳсулотлар нархининг ҳам кўтарилишига сабаб бўлади. Иқтисодчи фикрича, иқтисод назариясида коммунал хизматлар 11 фоизга ошса, бошқа маҳсулотлар нархига 6-7 фоиз даражасида таъсир кўрсатиши айтилади, бироқ Ўзбекистонда бу кўрсаткич камида 20 фоизни ташкил қилмоқда.

-Агар нарх-наво ва энергоресурслар 11 фоизга ошса, бунинг қолган маҳсулотлар нархига таъсири қоида бўйича 6-7 фоиздан ошмаслиги керак. Аммо Ўзбекистон шароитида бу кўрсаткич 20, хатто 50 фоизгача ошиб кетаяпти. Бу эса хўжалик юритиш нотўғри олиб борилаётганидан дарак беради. Яъни, экспорт ва импорт баланси меъёрида эмаслигини англатади. Республикада ҳалигача импорт экспортдан баланд. Шунинг учун инфляция ошиб кетмоқда, - деди Миркомил Тошкандий.

Ўзбекистонда коммунал хизматлар нархи кўтарилиши кутилаётган бир пайтда Тошкентда квартиралар нархи, Ўзбекистон бўйлаб эса автомобил иккиламчи бозорида автомобиллар нархи тушаётгани кузатилмоқда.

Мутахасисларга кўра, нарх пасайиши бозорда доллар нархи кескин кўтарилиб, 4500 сўмга чиққани, Ўзбекистонга Россиядан доллар юбориш кескин камайгани билан боғлиқ.

XS
SM
MD
LG