Линклар

Шошилинч хабар
19 декабр 2024, Тошкент вақти: 12:50

Бомба таҳдиди битилган варақалар топилгач, Паркентга МХХ раиси келди


Паркент манзараси
Паркент манзараси

Тошкент вилоятининг Паркент туманидаги Транспорт ва сервис коллежи, болалар боғчаси ва кўп қаватли турар-жой биноларидан бирининг кириш йўлакчасида араб тилида портлатиш таҳдидлари ёзилган варақалар топилгани маълум бўлди. Озодлик қўлга киритган маълумотга кўра, Ўзбекистон Миллий хавфсизлик хизмати раҳбари Рустам Иноятов ва Ички ишлар вазири Адҳам Аҳмадбоевлар ҳам Паркентга етиб келган.

Аввалроқ шу туманнинг Бўстон қишлоғидаги ўрта мактаблардан бирининг ойналарига шундай варақалар осиб кетилган, бу ҳақда Озодлик хабар қилган эди.

Сўнгги 3 топилма тўғрисида ҳуқуқ-тартибот идораларига яқин манба Озодликка маълум қилди:

– 25 апрель куни Паркентдаги мактаб ойнасига портлатиш ҳақидаги варақалар ёпиштириб кетилганидан кейин Транспорт коллежидан шунақа варақа чиқди. 27 апрель куни эса Паркентдаги болалар боғчасидан баклашкадан чиқди. Араб ёзувида ёзилган тахдидли варақаларни баклашканинг ичига солиб, кимдир домнинг падъездига ташлаб кетибди, - деди Озодлик манбаси.

Паркентдаги мактаб, коллеж, болалар боғчаси ва турар-жой биносида топилган варақаларда шу муассасалар яқин орада портлатилажаги ҳақида ёзилган, аммо бу айнан қайси куни амалга оширилишига ишора йўқ.

Ўзбекистон Миллий хавфсизлик ҳамда Ички ишлар вазирлигининг терроризмга қарши тезкор-оператив бўлими ходимлари туманга етиб келган.

Озодлик қўлга киритган маълумотга кўра, Ўзбекистон Миллий хавфсизлик хизмати раҳбари Рустам Иноятов ва Ички ишлар вазири Адҳам Аҳмадбоевлар ҳам Паркентга етиб келган.

Тумандаги барча коллеж, мактаб, болалар боғчаси ва турар-жой бинолари атрофида доимий кузатув йўлга қўйилган.

Лекин, туманда комендантлик соати жорий этилмаган ва коллеж, мактаблар ва боғчаларда машғулотлар давом этмоқда.

Портлатиш таҳдидлари ёзилган варақа топилган Паркент Транспорт ва сервис касб-ҳунар коллежи ходимларидан бири Озодлик мухбири билан суҳбатда шундай деди.

- Ҳозир туну-кун навбатчилик ташкил қилганмиз. Олтита ўқитувчимиз алмашиб, навбатчилик қилишмоқда. Бегоналар умуман киритилмаяпти. Мелисалар ҳам тез-тез келиб турибди, айланиб. Лекин, мелисадан алоҳида одам беркитилмаган, - деди Паркент транспорт ва сервис касб-ҳунар коллежи ходими.

Паркентликлар эса туманда милиция текширувлари кучайганини айтишди.

Туманга кириб-чиқаётган фуқаролар, автоуловлар бирма-бир назоратдан ўтказилмоқда.

- Ҳозир ҳар қадамда тўхтатиб, текширяпти. Назорат жуда қаттиқ. Хонадонларга кириб, пропискасиз яшаётганлар бўлса, олиб кетиб сўроқ қиляпти, - дейди исми сир қолишини истаган паркетнликлардан бири.

Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги ҳозирча Паркент туманида портлатиш таҳдидлари ёзилган варақалар топилгани ҳодисаси юзасидан расмий изоҳ бермаяпти.

Эслатиш жоиз 25 апрель куни Паркент тумани Бўстон қишлоғидаги 24-сонли ўрта умумтаълим мактаби ойналарига номаълум шахслар араб ёзувида портлатиш тахдиди ёзилган варақаларни осиб кетган эди.

Ўтган йилнинг сентябрь ойида эса Тошкентнинг Юнусобод туманидаги кўприкка Юнусобод туманидаги кўприкка ИШИД (Ироқ ва Шом Исломий Давлати)ни тамсил қилувчи исломий байроқ илиб кетилганди.

XS
SM
MD
LG