Линклар

Шошилинч хабар
26 декабр 2024, Тошкент вақти: 08:09

"Тошкентда уруш фахрийларига ёрдам баҳонасида мажбуран пул ундирилмоқда"


Уруш ветеранлари Волгоград кўчасидаги Ғалаба парадида иштирок этмоқда, Хотира ва қадрлаш куни
Уруш ветеранлари Волгоград кўчасидаги Ғалаба парадида иштирок этмоқда, Хотира ва қадрлаш куни

"Ўзбекистон Инсон ҳуқуқлари альянси" Тошкент мактаб ва коллежларида уруш фахрийларига ёрдам кўрсатиш баҳонасида ўқувчилардан мажбуран пул ундирилаётгани ва шу пуллар талон-тарож қилинаётгани ҳақида бонг урди.

Алъянс раҳбари Елена Урлаева Тошкентдаги бир қанча билим юртларида “ветеранларга ёрдам бахонасида қилинаётган талончиликлар”ни ҳужжатлаштирганини айтади.

​"Ҳисоб-китобимиз бўйича, жуда катта пул йиғилган. Ҳар бир ўқувчидан минг сўмдан, айрим коллежларда беш минг сўмдан олинган. Лекин, бу маблағларни жуда оз қисми, иккита пакет озиқ-овқат шаклида, ветеранларга етиб боряпти. Мен ҳар бир уруш фахрисини уйига бориб буни текширдим. Афтидан 9 май байрами баҳонасида кимлардир бойиб қолишни ният қилган," - дейди Елена Урлаева.

Ўзбекистонда фақат мактаб ва коллежларда пул йиғилаётгани йўқ.

Инсон ҳуқуқлари альянсига кўра, 9 май куни яқинлашар экан маҳалла фаоллари ҳам уйма-уй юриб, аҳолидан уруш қатаншчиларига хайр-эҳсон, дея пул йиғмоқда.

Тошкент шаҳар ҳокимиятидагилар эса бу жараённинг "мутлақо ихтиёрий" эканини айтишади.

"Йиғимларнинг жуда ози фахрийларга етиб боряпти"
"Йиғимларнинг жуда ози фахрийларга етиб боряпти"

​"Бу мажбурий эмас, ҳар ким кўнглидан чиқариб беради, хайр-эҳсон бу," - дейди Тошкент шаҳар ҳокимиятининг Озодлик боғланган расмийларидан бири.

Айни пайтда Ўзбекистондаги хусусий ширкатлар ва корхоналар ҳам бу хайрия тадбирларига жалб этилган.

"Мана шу ёрдамларнинг ҳаммаси ветеранларга етиб борганида улар шохона ҳаёт кечиришар эди. Тошкентнинг биргина ТТЗ мавзесида ўнта ветеран қолган. Рўйхатни кўрдим. Шу ветеранларга ёрдам баҳонасида бутун мавзедаги мактаб, коллежларнинг барча синф ўқувчиларидан ихтиёрий-мажбрий пул йиғиляпти. Корхоналар ветеранларга хомийлик қилишга мажбурланяпти. Маҳаллада уйма-уй юриб, пул йиғиляпти. Ветеранга етиб боргани эса океандан бир томчи - икки пакетда консерва, озгина гречка, печенье ва конфет бўляпти," - дейди "Инсон ҳуқуқлари альянси" раҳбари Елена Урлаева.

Озодлик боғланган ўзбекистонлик уруш фахрийлари эса кўрсатилаётган ёрдамлардан мамнун эканликларини айтишади.

"Ким қанча йиғяпти, билмайман. Иккита пакет олиб келишди, шунисига ҳам шукур," - дейди Тошкентда яшовчи 91 ёшли уруш фахрийси Евгения Бибик.

Самарқандлик 92 ёшли уруш фахрийси Рашид ота Раҳмонов эса пул йиғишларга мутлақо қарши эканини айтади.

"Керак эмас шу нарса. Ҳозир уларга ҳам осон эмас. Президентни бергани, профсоюзни бергани етарли, бизга. Кимнидир рўзғоридан олиб, ветеранларга эҳсон қилишга мен қаршиман," - дейди самарқандлик уруш фахрийси.

Уруш фахрийларига ёрдамлар ҳар йили Ўзбекистондаги “Нуроний” жамғармаси орқали тарқатилади. Лекин, жамғарма мулозимлари маҳалла ва мактабларда ветеранларгапул йиғиш тадбирига уларни алоқаси йўқлигини айтишди.

"Бизда ўз жамғармамиз бор. Хомий ташкилотлар ёрдам беради. Ҳокимиятлар ёрдам беради. Бу йил ҳам ҳар бир уруш қатнашчисига совғалар тайёрланяпти. Ҳаммасини уйига кириб чиқилади," - дейди Нуроний жамғармаси мулозими.

Ҳозир Ўзбекистонда уч мингдан зиёд уруш фахрийси бор ва улар сони йил сайини озайиб бормоқда.

Самарқандлик 92 ёшли Рашид ота шуларни бири:

"Бизга эътибор, ғамхўрлик йилдан йил ошиб боряпти, чунки йилдан-йил уруш ветеранлари сони камайиб боряпти. Бизни Самарқандда. Шаҳарни ўзидан урушга 45 мингдан ортиқ одам сафарбар этилган. Шуни ярми, 22 минг қанчаси урушдан қайтиб келган.Уларни ҳам кўпи инвалид бўлиб қайтганди. Ҳозир шулардан шаҳарда 68 та қолганмиз," - дейди Рашид ота Раҳмонов.

Ўзбекистондан эса урушга бир ярим миллион одам фронтга жўнаган. Уларни учдан бири ортга қайтамаган.

XS
SM
MD
LG