Линклар

Шошилинч хабар
19 ноябр 2024, Тошкент вақти: 17:40

Чегарада жанжал: Тожиклар 4 қирғизни, қирғизлар 7 тожикни ҳибс қилди


Қирғизистоннинг Қорабулоқ қишлоғи аҳолиси тожикистонликлар қўлга олган ҳамқишлоқлари озод этилишини талаб қилиб митинг ўтказмоқда.
Қирғизистоннинг Қорабулоқ қишлоғи аҳолиси тожикистонликлар қўлга олган ҳамқишлоқлари озод этилишини талаб қилиб митинг ўтказмоқда.

Қирғизистон ва Тожикистон расмийлари 30 апрель куни икки давлат чегараси атрофидаги қишлоқда содир этилган жанжал оқибатида ҳар икки томондан ҳибсга олинган одамларни озод қилиш масаласида музокара ўтказаётир.

Қирғизистон ва Тожикистон расмийлари 30 апрель куни чегара олди ҳудудида бир қатор одамларни ҳибсга олиш билан якунланган воқеа ўз ҳудудларида содир бўлганини иддао қилмоқда.

Воқеанинг тафсилоти мана бундай. 30 апрель куни чегара олди ҳудудида 180 кило симобни ноқонуний сотиш ҳаракати бўлган. Бу ҳаракат ортидан Тожикистон чегарачилари тўрт қирғизистонликни ҳибсга олган. Қирғиз томони эса Тожикистоннинг 7 фуқаросини қўлга олган ва улардан уч нафари тожик ҳуқуқ-тартибот тузилмалари ходимлари экани айтилмоқда.

Қирғизистон томонининг билдиришича, 30 апрелда Боткен вилоятининг Қорабулоқ қишлоғига шу вилоятнинг Қизилқия шаҳрида яшовчи икки одам Тожикистонга сотиш учун 180 кило симоб олиб келган. Улар харидорлар билан мазкур қишлоқда учрашишга келишиб олган. Келишилган вақтда Тожикистондан учта машинада 9 одам келиб, Қирғизистон фуқароларини тўппончалар билан қўрқитиб, қирғизистонликларниТожикистонга олиб кетган. Айни пайтда воқеа жойига етиб келган қирғиз чегарачилари Тожикистоннинг 7 фуқаросини қўлга олишга муваффақ бўлган. Улардан уч нафари Тожикистон наркотикларни назорат қилиш агентлиги ходимларидир.

- Қўлга олинганлар орасида Тожикистон куч ишлатар тузилмалари ходимлари ҳам бор. Улар чегарадан ноқонуний ўтган. Ҳозир бу борада қўшни давлат билан музокаралар ўтказаяпмиз. Яқин орада музокараларнинг натижаси билинади, - деди Боткен тумани ҳокимининг ўринбосари Таалайбек Ибраимов.

Тожикистон чегара қўшинлари бошқармаси Қирғизистон томонининг бундай баёнотини тухмат деб атади. Тожик чегара қўшнлари бошқармаси расмийларидан бири 1 май куни Озодлик радиоси тожик хизматига берган маълумотида, наркотикларни назорат қилиш агентлиги ходимлари Қирғизистоннинг тўрт фуқаросини 180 кило симобни Тожикистонга контрабанда қилган пайтда қўлга олганини айтди.

Манбанинг айтишича, наркотикларга қарши кураш агентлиги ходимлари контрабанда юк ўтказилган чегара ҳудудини бориб текшираётганларида, қирғиз томони уларни қўлга олган. Тожикистон чегара қўшинлари бошқармаси расмийси бу қўлга олиш “қирғиз томонидан махсус уюштирилган”, деб баҳоламоқда.

Тожикистон расмийси айни пайтда симоб олиб ўтган қирғизистонлик контрабандачилар Сўғд вилоят наркотикларни назорат қилиш агентлигида сўроқ қилинаётганини, қирғиз ва тожик томони ҳибсда сақланаётганлар билан ўзаро алмашиш юзасидан музокаралар ўтказаётганини тасдиқлаган.

Қирғизистон Миллий хавфсизлик хизматининг Боткен вилоят бошқармаси бошлиғи Нурлан Кудайкулов ҳам бу борада музокаралар ўтаётганини айтди:

-Тожикистондан келишди, ҳозир гаплашаяпмиз. Тожиклар қирғизистонликларни Тожикистон ҳудудида қўлга олганини айтаяпти. Ҳозир Қирғизистон фуқаролари Хўжандда сақланаяпти экан. Биз ҳам тожикларга ўз иддаоларимизни айтдик. Ҳозир биз ҳибсда сақлаб турган тожикистонликларга нисбатан жиноят иши очиш масаласи ўрганилаяпти, - деди Нурлан Кудайкулов.

Шунингдек, Қирғизистон расмийлари Тожикистонга ноқонуний симоб сотмоқчи бўлган шахсларга нисбатан ҳам жиноят иши очилишини маълум қилган.

Қирғизистон - Тожикистон чегарасида бу каби жанжаллар сўнгги пайтларда тез-тез содир бўлмоқда. 2014 йилда қирғиз-тожик чегарасида 32 можаро содир этилган. Бу жанжалларнинг 8тасида ўқ отилган.

XS
SM
MD
LG