Линклар

Шошилинч хабар
17 ноябр 2024, Тошкент вақти: 22:29

Гулноранинг мулкини мусодара қилган амалдор қамоққа олинди


Ўзбекистон Адлия вазирлиги Суд департаменти Тошкент шаҳар ҳудудий бошқармасининг собиқ бошлиғи Жаҳонгир Ғуломов ҳибсга олинган. Озодлик манбаларидан 43 ёшли Ғуломов ҳозир Сурхондарë вилояти Термиз шаҳар прокуратурасида сўроқ қилинаётгани ҳақида келган норасмий маълумотларни прокуратура ва вазирлик тизимидаги бир неча манба тасдиқлади.

Манбалар Тошкент шаҳар суд департаменти бошлиғи бўлиб ишлаган Жаҳонгир Ғуломов ўзига нисбатан жиноий иш қўзғатилганидан кейин бир муддат қочувда юрганини иддао қилмоқда.

Манбалар Ғуломовнинг ўтган ой Ўзбекистон МХХ махсус гуруҳи тарафидан қўлга олиниб, Термизга олиб кетилганини айтмоқда.

Ўзбекистон ҳукуматига яқин Озодлик манбаларига кўра, Жаҳонгир Ғуломов бир муддат Қозоғистонда яшириниб юрган:

Жаҳонгир Ғуломов ўз устидан иш очилганини билган заҳотиёқ Қоплонбек чегара пости орқали мамлакатдан чиқиб Қозоғистонга қочиб кетган. Ўзбекистон МХХси у кишининг қаерга қочганини аниқлаб, запрос берган”, дейди Озодлик манбаси.

Унинг иддаосича, Қозоғистон Миллий Хавфсизлик қўмитаси зобитлари Ғуломовни ана шу сўровнома асосида ушлаб беришган:

Спец гуруҳ бориб, Ғуломовни қўл-оëғига кишан солиб, Тошкентга олиб келди. Гвардейский кўчасида (СНБ идораси назарда тутилади - таҳр.) сўроқ қилинган Ғуломов Термизга жўнатилди. Билсангиз, Гулнора Каримова билан боғлиқ барча ишларни трибуналнинг ëпиқ суди кўрган. Бу кишини ҳам шунақа трибунал кутмоқда. Жаҳонгир 1995 йили Тошкент давлат юридик институтини аъло баҳолар билан тугатиб яхши ишларда ишлаëтган эди. Кейин Гулоноранинг мол-мулки мусодарасига аралашганидан кейин иши орқага кетди”, деди Озодликнинг ишончли манбаси.

Сурхондарë вилоят ҳуқуқ-тартибот органларидаги манбалар 43 яшар Жаҳонгир Ғуломов қўлга олиниб, Сурхондарë вилояти Термиз шаҳар прокурасида сўроқ қилинаëтгани тасдиқлади, бироқ бошқа тафсилотларни очиқламади.

"Қарши кўрсатмалар"

Вилоятдаги куч ишлатар тузилмалардан бирининг вакили Жаҳонгир Ғуломов суд қарорига биноан мусодара этилган мол-мулкларни талон-тарож қилишда айбланаëтганини билдирди.

Унга кўра, Жаҳонгир Ғуломов 2013-2014 йилларда Ўзбекистон Миллий Хавфсизлик Хизматининг Коррупция ва уюшган жиноятчиликка қарши кураш бошқармаси собиқ бошлиғи, МХХ полковниги Жавдат Шарифxўжаев билан жиноий ҳамкорликда “ноқонуний тадбиркорлик, коррупция ва давлат маблағларини ўзлаштириш”да айбланган.

МХХ мулозими Жавдат Шарифxўжаев ўтган йил охирида Ўзбекистон Ҳарбий судининг ëпиқ мажлиси қарори билан 4 йилга озодликдан маҳрум қилинган эди.

Ҳуқуқ-тартибот органларининг исмини ошкор қилмаётганимиз яна бир вакилига кўра, Жаҳонгир Ғуломов Жавдат Шарифxўжаев билан биргаликда Ўзбекистон президентининг тўнғич қизи Гулнора Каримовага оид мол-мулкларни мусодара қилиш жараëнида қатнашган.

Узоқ йиллар давомида Ўзбекистондаги бошқарув органларида ишлаган ишончли манбалар Республика Суд департаменти Тошкент шаҳар ҳудудий бошқармасининг собиқ бошлиғи Жаҳонгир Ғуломов мусодара қилинган мол-мулкларни талон-тарож қилган бошқа мулозимларга қарши кўрсатма берганини ҳам таъкидламоқда.

Булардан бирининг иддаосича, мазкур кўрсатмалардан кейин Гулнора Каримованинг мол–мулкини мусодара қилишда иштирок этган баъзи мулозимлар қамоққа олинган ва яна баъзилари саросимага тушган:

Ҳозир Жаҳонгирнинг показанияси бўйича Тошкент шаҳар суд департаменти бошлиғи вазифасини вақтинча бажараëтган кишини ва ижро департаментининг районлардаги 3-4 бошлиғини қамашди. Жаҳонгир эса показание беришда давом этмоқда. Шу сабабли ижро идорасидаги вазият ëмон бўлиб кетди. Ҳозир бу идорадагиларни судда гувоҳлик бериш учун Сурхондарëга олиб кетишяпти", деди Озодлик манбаси.

Унинг тахминича, Гулнора Каримовага қарши тадбирларда иштирок этган мулозимларнинг ортиқча ғайрат кўрсатгани “кимгадир ëқмаган бўлиши мумкин”.

Озодлик норасмий манбалардан таҳририятга йўлланган ва Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот идораларидаги манбалар томонидан тасдиқланган бу маълумотлар юзасидан ҳозирча бирор расмий изоҳ олишга муваффақ бўлмади.

Ўзбекистон Бош прокуратураси, Ички ишлар вазирлиги ва Миллий хавфсизлик хизматининг ҳудудий бўлинмалари бу борада расман ҳеч бир изоҳ бермади.

Айни дамда Озодлик бу мавзуга оид қўшимча маълумотларни аниқлашга уринмоқда, янгиликларни Озодликда кузатинг!

XS
SM
MD
LG