Линклар

Шошилинч хабар
22 декабр 2024, Тошкент вақти: 07:15

Самарқандда директор уялтирган ўқувчи қиз ўзини осди


Самарқанд вилояти Каттақўрғон туманидаги 93-мактабнинг 7- синф ўқувчиси ўз жонига қасд қилди. Озодлик манбалари иддаосига кўра, мактаб директори қизнинг телефонидан беҳаё расмларни топиб олиб, уни синфдошлари орасида масхара қилган ва уятга қолган қиз уйида ўзини осган. Аммо расмийлар бу иддаони инкор қиляпти.

Каттақўрғон туманининг Қипчоқравот қишлоғида жойлашган 93-умумтаълим мактабининг 7-синф ўқувчиси (маълум сабабларга кўра ўқувчининг исм-фамилиясини ошкор қилмаймиз – таҳририят) апрель ойи охирида мактабдан келибоқ, уйида ўз жонига қасд қилган.

Бу ҳақда Озодликка хабар берган қипчоқравотлик манбанинг ўқувчи қиз синфдошлари гапига таяниб айтишича, воқеа мактаб директори ўқувчилар олдида қизни шарманда қилганидан сўнг рўй берган:

“Мактаб директори ҳамма ўқувчиларнинг телефонларини йиғиштириб олиб, ичини титкилаган. Бу қизнинг телефонидан беҳаё суратлар чиққан. Директор ўқувчи қизни ҳаммани олдида шарманда қилиб, уришган. Шундан сўнг қиз уйига бориб ўзини осиб қўйган”, дейди манба.

Унинг айтишича, ўқувчи қиз мактабдан кела солиб, молхона айвонининг тўсинига ўзини осган:

“Ҳозир ўқувчи қизнинг отаси дарғазаб бўлиб юрибди. Қизимни шу ишга мажбур қилган ўқитувчи жавобгарликка тортилмагунча тинчимайман, деяпти”, деди манба.

Озодлик 93-умумтаълим мактабининг директори Валижон Насимов билан боғлана олмади. Каттақўрғон тумани халқ таълими бўлими мудирининг ўринбосари Фарида, деб тақдим қилинган шахс эса Озодлик саволларига жавоб беришдан бош тортди.

Туман халқ таълими бўлимида ишлайдиган бошқа бир мулозимнинг микрофонсиз суҳбатда иддао қилишича, бу ишни расмийлар бости-бости қилмоқчи:

“Тўғри, аввал ўқитувчиси масхара қилгани учун қиз ўзини осиб қўйган, деган гап чиқди. Энди эса, пластинкани бошқа томонга айлантиришяпти. Бу қизнинг авлодида ўзи шунақа руҳий хасталар бўлган, унинг яқин қариндошлари ҳам ўз жонига қасд қилмоқчи бўлган, деган гапларни айтишяпти. Прокуратура тергов олиб бормоқда, адолат қарор топади деган умиддамиз”, деди мулозим.

Бундан бир ой муқаддам, 11 апрель куни Жиззах шаҳридаги 5-умумтаълим мактабининг еттинчи синф ўқувчиси ҳам, Озодлик манбаларига кўра, мактабда ўқитувчиси томонидан таҳқирлангандан сўнг ўзини осган эди. Ўқувчининг дарс вақтида кўнгли айниб қайт қилиб юборгани, ўқитувчи эса унинг бу ҳолатини хомиладорликка йўйиб қизни уялтиргани фожега сабаб бўлгани иддао қилинган эди.

Қорақалпоғистоннинг Хўжайли туманида эса пахта теримига сафарбар этилган Тахиатош касб-ҳунар политехника коллежининг учинчи курс ўқувчиси, 18 ёшли Мажид Ўтеганов ўтган йилнинг 28 сентябрь куни ўзини осган эди.

2014 йилнинг август ойининг илк ҳафтасида Самарқанд вилояти Нуробод туманига қарашли Сазаған қишлоқ фуқаролар йиғинида 17 яшар икки қиз куппа-кундуз куни ўзини осиб ўлдирди.

XS
SM
MD
LG