Линклар

Шошилинч хабар
19 ноябр 2024, Тошкент вақти: 17:18

"Фарғона ҳокимияти чегара масаласига ҳам эътибор қарата бошлади"


Ўзбекистон нефть қазиб олувчи Бурганди массивини Қирғизистон баҳсли ҳудуд деб талқин қилади.
Ўзбекистон нефть қазиб олувчи Бурганди массивини Қирғизистон баҳсли ҳудуд деб талқин қилади.

Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасида баҳсли бўлиб турган ҳудудда ер ҳайдаётган қирғиз чегарачилари Фарғона вилоят ҳокимининг аралашуви билан мазкур ҳудудни тарк этгани ва Озодлик радиосининг баҳсли ҳудуд масаласидаги чиқишидан сўнг Фарғона расмийлари чегара муаммоси билан шуғуллана бошлагани хабар қилинди.

Фарғоналик ҳуқуқ фаоли Абдусалом Эргашевнинг вилоят ҳокимиятидаги ишончли манбага таяниб хабар беришича, Озодлик радиоси 17 апрель куни “Ўзбекистонликлар қирғиз томони Фарғона ерларини сотаётганини иддао қилмоқда” сарлавҳали мақолани чоп этганидан сўнг расмийлар бу муаммога эътибор қарата бошлаган.

-Фарғона вилоят ҳокими Шуҳрат Ғаниев Боткен вилоят губернатори билан, Риштон тумани ҳокими Мамадалиев Қадамжой туман ҳокими билан боғланган ва Қўқон чегарачилар ротаси бошлиғи Носиров эса Ҳайдаркон чегара отрядининг бошлиғи билан боғланиб, бир келишувга эришган, -деди Абдусалом Эргашев.

Озодлик радиоси 17 апрель куни эълон қилинган мақолада Фарғона вилоятининг Риштон туманига қарашли Чўнғара нефтчилар посёлкаси аҳолиси чегарадош ҳудуддаги қирғиз қишлоғи расмийлари Ўзбекистонга қарашли 7 гектар ерни ноқонуний равишда ким ошди савдосида сотаётганини иддао қилаётгани ҳақида маълумот берилган эди. Чўнғараликлар ҳукумат расмийларига қилган шикоятлари натижа бермаганидан сўнг бу масалада ўзбекистонлик ҳуқуқ фаолларига ариза топширган.

Қирғиз расмийлари эса Озодлик радиосига берган суҳбатларида бу иддаони рад этиб, Ўзбекистон ерлари эмас, чегаранинг аниқланган ҳудудидаги қирғиз ерлари ким ошди савдосига қўйилганини билдирган.

Абдусалом Эргашевнинг айтишича, Фарғона вилоят ҳокими ва Қирғизистоннинг Боткен вилояти ҳокими бу масалада келишувга эришишни мақсад қилиб қўйган.

-Фарғона вилоят ҳокимиятидаги манбанинг айтишича, бу масалада ҳар икки ҳоким ўртасида қандайдир келишувлар бўлади. Лекин улар ҳам баҳсли ҳудудларни ҳал этиш ваколатига эга эмас. Уларнинг ҳаракати ҳукуматлараро даражада баҳсли ҳудуднинг ечимини топишга туртки бўулади, деган умид бор. Ҳар иккала томондан ҳам ҳокимият вакиллари мунозарага аралашишаяпти, -деди Абдусалом Эргашев.

Ҳуқуқ фаолидан олинган ушбу маълумотни мустақил манбалардан тасдиқлатишнинг иложиси бўлмади. Фарғона вилоят ва Риштон тумани ҳокимияти вакиллари эса Озодлик мухбирининг бу борадаги саволларига “чегара масаласи ғоят нозик масала бўлгани учун ҳам бу борада бирор маълумот бера олмасликлари”ни айтиш билан чекландилар.

Озодлик радиосига қирғиз расмийлари тақдим этган маълумотга кўра, Чўнғара қишлоғи Ақтупрақ қишлоғи ичидаги Ўзбекистон эксклави бўлиб ҳисобланади. Чўнғараликлар Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасида баҳсли бўлиб турган Бурганди массивидаги нефть конларида меҳнат қилади.

Абдусалом Эргашевдан олинган сўнгги маълумотларга қараганда, бир неча кун олдин мазкур баҳсли ҳудудда қирғизистонлик чегарачилар ер ҳайдаётгани ҳақида хабар етиб келган. Ўзбекистон ва Қирғизистон расмийларининг аралашуви билан бу иш тўхтатилган.

-Қирғизистон томондагилар бу борада ҳеч қандай кўрсатма берилмаганини ва чегарачилар ўзбошимчалик билан бу ишни қилганларини айтиб узр сўрашган. Шундан сўнг қирғиз чегарачилари бу ҳудуддан чиқиб кетган, аммо техника қолиб, шудгорлаш ишларини давом эттирган. Ҳозир бу ер шудгорланиб бўлинган, - деди Абдусалом Эргашев.

Озодлик мухбирининг мурожаати ортидан Қирғизистон давлат рўйхатга олиш қўмитасининг мутахасислари ўзбекистонликлар ва қирғизистонликлар ўртасида талаш бўлаётган ҳудудни апрель ойида текшириб келган эди.

-16 апрел куни Қадамжой туман ерни рўйхатга олиш бўлими раҳбари Дуйшебай Сидиков шахсан ўзи бориб, баҳсга сабаб бўлаётган ерларни текшириб келди. Текширув натижасида карта бўйича бу ҳудуд Қирғизистонга тегишли, деган хулоса чиқарилди,- деган эди давлат рўйхатга олиш қўмитасининг расмийси Элзат Кидирмишева.

Бироқ Қирғизистон Чегара хизмати расмийси Гулнара Бўрубаеванинг айтишича, Ақтупрақ ва Чўнғара қишлоғи атрофида чегаранинг бир қисми аниқланган, бир қисми эса аниқланмаган баҳсли ҳудуддир. Лекин мазкур ҳудуд Ўзбекистоннинг ҳам, Қирғизистоннинг ҳам чегарачилари томонидан назорат қилинмайди.

XS
SM
MD
LG