Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 03:31

Ўшда Абдурашид Парпиевга ёдгорлик ўрнатилди


Абдурашид Парпиев Қирғизистонда Шуҳрат орденининг тўлиқ кавалери бўлган 35 одамдан бири эди.
Абдурашид Парпиев Қирғизистонда Шуҳрат орденининг тўлиқ кавалери бўлган 35 одамдан бири эди.

Ўш шаҳрида Иккинчи Жаҳон уруши фахрийси, Шуҳрат орденининг тўлиқ кавалери Абдурашид Парпиев ҳайкали ўрнатилди. Иккинчи Жаҳон урушида эришилган Ғалабанинг 70 йиллиги арафасида ўтказилган ҳайкалнинг очилиш маросимида ҚирғизистонБош вазири Темир Сариев иштирок этди.

Ўш шаҳридаги “Мангу олов” мемориал комплексидаги Совет Иттифоқи қаҳрамонлари Тошмамат Жумабоев, Михаил Бадигин, Дмитрий Пичугин бюстлари олдига 7 май куни Шуҳрат орденининг тўлиқ кавалери Абдурашид Парпиев ёдгорлиги ҳам қўшилди.

Мазкур ёдгорлининг очилиш маросимида Қирғизистон Бош вазири Темир Сариев, Ўш шаҳри мэри Айтмамат Кадирбаев каби бир қатор расмийлар, Иккинчи Жаҳон уруши фахрийлари, шаҳар фаолллари ҳамда Абдурашид Парпиевнинг яқинлари иштирок этди.

Ёдгорликни ўрнатиш ҳаракати ўтган йили бошланган. Аввал Абдурашид Парпиевнинг бюстини ўртаниш бўйича ташкилий қўмита тузилиб, қўмита аъзолари Қирғизистон ҳукуматига, Маҳаллий ўз-ўзини бошқариш ва Миллатлараро муносабатлар бўйича давлат агентлигига, Ўш шаҳар мэриясига ташаббус билан мурожаат қилган.

- Ўтган йили бизнинг ташаббусни Қирғизистон ҳукумати ва Ўш шаҳри мэрияси қўллади. Ўтган йилнинг декабрь ойида “Ўш шаҳри марказидаги "Мангу олов" ёнидаги қаҳрамонлар ҳиёбонида Абдурашид Парпиев ҳайкалини ўрнатиш тўғрисида” қарор қабул қилиниб, бутун Марказий Осиёда таниқли бўлган ҳайкалтарош Маразиковга бу иш топширилди. У киши бу ишни жуда чиройли тарзда адо қилди,- дейди Шуҳрат орденининг тўлиқ кавалери Абдурашид Парпиевнинг 100 йиллигини нишонлаш бўйича ташкилий қўмита раиси Бегижон Ахмедов.

Қирғизистон Республикаси президентининг 2000 йилдаги фармонига асосан Улуғ Ватан уруши иштирокчилари номини абадийлаштириш ва уларга ёдгорлик ўрнатиш давлат ҳисобидан амалга оширилади.Шу сабабли Абдурашид Парпиев бюстини ўрнатиш ҳам тўлалигича шаҳар бюджетидан молиялаштирилди.

- Ўз вақтида Шуҳрат орденининг уччала даражаси билан мукофотланганлар Совет Иттифоқи қаҳрамонларига тенглаштирилган эди. Биз бугун фахр билан айта оламиз, бизнинг шу отамиз Абдурашид Парпиев қаҳрамон бўлган. Қирғизистондан 360 минг одам фронтда жанг қилган. Уларнинг 150 минги урушдан қайтмади. Биз уларни ҳеч қачон унутмаслигимиз керак, - деди Қирғизистон Республикаси Бош вазири Темир Сариев қаҳрамон бюстининг очилиш маросимида.

Абдурашид Парпиев 1914 йилда Қирғизистон ССРнинг Ўш шаҳридаги Шарқ қишлоғида таваллуд топган. КПСС аъзоси бўлган. 1942 йил февралида Совет Армиясига чақирилган.

Улуғ Ватан Уруши йилларида Жанубий-Ғарбий 3-Украина ва 1-Белорус фронтлари сафларида жанг қилган. Урушни Берлинда якунлаган.

Жангларда кўрсатган жасорати учун СССР Олий Совети Президиуми қарори билан 1945-йил 15 май куни I даражадаги Шуҳрат ордени билан тақдирланган. Абдурашид Парпиев орденлари орасида Шуҳрат орденининг II ва III даражаси, шунингдек, иккита “Мардлик учун” , “Варшавани озод этгани учун”, “Берлинни эгаллагани учун” каби медаллар бор.

Урушдан сўнг Ўш вилоятининг Калинин колхозида ҳисобчи, сўнгра шу колхоз раиси бўлиб ишлаган. 1974 йили вафот этган. Унинг хотираси абадийлаштирилиб, Ўш вилоятидаги бир қатор кўчаларга ва мактабларга Абдурашид Парпиев номи берилган.

Абдурашид Парпиевнинг 6 фарзанди бор. Унинг фарзандлари ва набиралари шифокорлик касбини танлаган.

-Миллатчиликка йўл бермаймиз, фашизмга йўл йўқ. Ҳозирда уйғонаётган миллатчилар ҳеч қачон бошини кўтаролмайди, тамом, - дейди Абдурашид Парпиевнинг кенжа ўғли Тўлқин Парпиев.

Иккинчи Жаҳон урушида иштирок этган қирғизистонликларнинг 72 нафари Совет Иттифоқи Қаҳрамони унвонига сазовор бўлган. Қирғизистонлик 35 одам эса Шуҳрат орденининг тўлиқ кавалери ҳисобланади.

Собиқ иттифоқда жами 12 776 одамга Совет Иттифоқи қаҳрамони унвони берилган. Фақат 2 672 одамгина Шуҳрат орденининг тўлқи кавалери мақомига эришган. Шуҳрат орденининг тўлиқ кавалерлари Совет Иттифоқи қаҳрамонларига тенглаштирилган.

XS
SM
MD
LG