Линклар

Шошилинч хабар
19 ноябр 2024, Тошкент вақти: 17:40

Москва саммитида Каримов Атамбаевни "одобсизлик"да айблаб танбеҳ берди


Москвада 8 май куни Ғалабанинг 70 йиллигини нишонлаш тантаналари доирасида ўтган МДҲга аъзо давлатлар раҳбарларининг норасмий саммити чоғида Ўзбекистон президенти Ислом Каримов қирғизистонлик ҳамкасби Алмазбек Атамбаевни Улуғ Ватан урушида бир халқ бошқа халққа нисбатан аҳамиятлироқ бўлганини тасдиқлашга уринишда айблади.

Ислом Каримов Алмазбек Атамбаевга танбеҳ берди

Ислом Каримов Алмазбек Атамбаевнинг Иккинчи Жаҳон урушига оид фикрларини “хато ва ҳурматсиз” гаплар деб баҳолади.

Атамбаев ўз сўзи давомида “ўтмишни унутган одам келажакда бунинг учун ҳақ тўлайди”, деб таъкидлаган ва “ҳеч ким Ғалабани баҳам кўрмаслиги керак”, деган сўзларни айтган эди.

Алмазбек Атамбаев норасмий саммитда сўзлаган нутқида учрашувга келмаган МДҲ давлатлари раҳбарларини танқид қилган ва 8 майда ўтган учрашувни “ота-боболаримиз, фронт учун ишлаган оналаримиз ва бувиларимизга ҳурмат кўрсатиш тадбири” сифатида баҳолаган эди.

“Бу ерда бу арифметика ҳам, бухгалтерия ҳам эмас, қабилидаги фикрлар бўлди. Мен бу каби огоҳлантиришларни қилиш, биринчидан, одобсизлик, иккинчидан,қўполлик деб ҳисоблайман. Бу ерда бизнинг дўстимиз Атамбаев гўёки унутиш ҳаракатлари бўлаяпти, деб кимнидир маломат қилмоқчи бўлаяпти. Бу маломат мутлоқо кераксиз ва ҳеч кимга ҳеч қандай яхшилик олиб келмайди”, деб билдирган Ислом Каримов.

Ўзбекистон президенти қирғизистонлик ҳамкасбининг сўзларидан Иккинчи Жаҳон уришида “кимдир жуда ораста, кимдир тартиб-интизомли бўлгани учун урушнинг боришида муҳим аҳамият касб этган, бошқалар эса гўёки масъулиятдан қочган”, деган маъно келиб чиқаётганини иддао қилди.

“Бу ерда тўғри фикр айтилди, Ғалаба ҳамманики. Бу Ғалаба фашистлар қуллигидан озод этди. Ҳар бир мамлакат, ҳар бир халқ ва ҳар бир сайланган раҳбар бу байрамни қаерда ҳамда қандай нишонлашни ўзи белгилай олиш ҳуқуқига эга. Кимдир биров буни мажбурий деб ҳисоблашини бошқаларга такрорлаб айтиш шарт эмас”, деб сўзида давом этди Ислом Каримов.

Алмазбек Атамбаев Ўзбекистон президенти сўзларини бўлиб, ўз шахсий фикрини айтганини билдирди. Ислом Каримов эса бунга жавобан: “Сизнинг фикрингизни биз аллақачон биламиз. Қандайдир ишлар учун маломат қилиш ва ақл ўргатишни мен одобсизлик деб билар эдим””, деб жавоб қайтарди ва сўзида давом этиб: “Ўша пайтда Ўзбекистонда яшаётган 6,5 миллион одамдан 1,5 миллиони фронтга кетган. Уларнинг 500 мингдан кўпроғи жанглардан қайтмаган. Бундан кўп миллатли ўзбек халқи Ғалаба учун қандай ҳақ тўлаганини тасаввур қилиш қийин эмас”, деб айтди.

Ўзбекистон президенти рус халқини алқади

Айни пайтда Ислом Каримов "Бутун масъулиятни буйнимга олиб айтаманки, бу ғалабада ҳал қилувчи ролни руслар ва Россия халқлари уйнади", деб баёнот берди.

Шу билан бир қаторда Ислом Каримов иккинчи Жаҳон уруши йилларида ўзбек халқи жанглар бораётган ҳудудлардан эвакуация қилинган миллионлаб одамлар ва 200 минг етим қолган болани ўз бағрига олгани ҳамда битта нонни бўлишиб кеганини алоҳида урғулади.

Беларус президенти Александр Лукашенко эса фашизм устидан галаба биргина русники ҳам, беларусники ҳам, узбекники ҳам, козокники ҳам, тожикники ҳам эмас, балки совет халкининг ғалабаси деган фикрни олға сурди.

МДҲ давлатлари норасмий саммитида 8 май куни иштирок этган Ўзбекистон президенти Ислом Каримов Москвада 9 май куни ғалабанинг 70 йиллигига бағишланган парада қатнашмади. Шунингдек, МДҲ мамлакатлари орасида Украина, Молдова ва Беларус давлат раҳбарлари ҳам Москвадаги парадда иштирок этишмади.

Путин Ғалаба парадида Ўзбекистонни эсламади

Ўз нутқида президент Путин Ғалаба парадида Россия қўшинлари билан бир қаторда Озарбайжон, Арманистон, Белорус, Қирғизистон, Қозоғистон, Тожикистон ҳарбийлари ҳам иштирок этаётганини айтиб, Хитой, Монголия Хиндистон ва Сербия фашизмга қарши қаттиқ курашганини эътироф этди. Шунингдек, Путин Иккинчи жаҳон урушида иттифоқчи бўлган Британия ва АҚШни ҳам алоҳида тилга олди, лекин нутқи давомида Ўзбекистон ва Украинани эсламади.

Ўз сўзи охирида Владимир Путин “Ғолиб халққа шон-шарафлар бўлсин!” дея рус халқини олқишлади, холос.

XS
SM
MD
LG