Линклар

Шошилинч хабар
22 декабр 2024, Тошкент вақти: 20:59

Қўқон бозорларига рўмоллилар ва оқ дўппилилар киритилмаяпти


Қўқон деҳқон бозори дарвозаси олдига осилган эълон.
Қўқон деҳқон бозори дарвозаси олдига осилган эълон.

Фарғона вилоятининг Қўқон шаҳридаги бозорларга рўмолни ҳижобнамо ўраган аëллар ва оқ дўппи кийган эркакларнинг кириши тақиқланди. Бозор маъмуриятларидан олинган маълумотга кўра, бу талаб бозор савдогарлари билан биргаликда харидорларга ҳам бирдай тааллуқлидир. Ҳатто Қўқонга меҳмонга келган хорижликларнинг ҳам ҳижобда шаҳар бозорларига кириши тақиқланган.

Сўнгги бир ҳафта ичида Қўқон шаҳридаги тўққизта бозорда диний кийимларда бозор ҳудудига кириш тақиқланиши ҳақидаги эълонлар пайдо бўлди.

Жумладан, “Қўқон деҳқон бозори” маъмурияти бўйи 1,5 метр эни 2 метрлик баннердан 2 тасини бозор дарвозаси олдига осиб қўйди.

Баннердаги эълонда бозор ҳудудида турли диний кийимларда юриш қатъий ман этилиши ёзилган:

“Хотин-қизлар ўртасида рўмол, шарфларни маданият иллатларини тарғиб қилувчи шаклда (Туркча, арабча, эронча, покистонча) ўраб юришларига йўл қўйилмайди”, дейилган эълонда.

Ушбу талабларга жавоб бермаганлар эса маъмурий жавобгарликка тортилишдан огоҳлантирилган.

Қўқон бозорларидан бирининг масъул ходими, Озодлик билан микрофонсиз суҳбатда, бундай талаб шаҳар ҳокимлиги томонидан қўйилганини айтди:

“Бизга ҳокимиятдан берилган шундай буйруқ. Рўмоллиларни бозор ҳудудига киритмаслик ҳақида. 20 кундан буён бозорда шу борада ташвиқот олиб бораяпмиз. Ҳокимликнинг маданият ва маърифат бўлими билан ҳамкорликда ишлаяпмиз”, деди масъул ходим.

Қўқон шаҳар ҳокимлигининг расмийсига кўра, бозор ҳудудларига ҳижобли аёлларни қўймаслик ҳақидаги талаб уларга вилоят ҳокимлиги томонидан топширилган:

“Вилоят ҳокимлигига Тошкентдан шундай буйруқ келган. Кейин бизга вилоятдан айтилди. Биз шаҳардаги 9та бозорга топшириқ бердик. Улар рўмолни нотўғри ўраган аёлларни бозор ҳудудига киритмаслик ҳақидаги ташвиқот ишларини олиб боришмоқда”, деди шаҳар ҳокимлигининг исмини очиқламаётганимиз расмийси.

Қўқон бозорлари маъмуриятларидан олинган маълумотга кўра, рўмолни “талабга мос тарзда ўрамаган” аёллар масаласи ҳар бир бозор раҳбариятининг доимий назоратидадир:

“Бизнинг бозорда бу масала доим назоратда. Ҳозир бозоримизда битта ҳам рўмолли савдогар аёл йўқ. Агар ўраб қолса, дарров ечтирамиз. Бизда ҳозирги кун талабига бўйсунмаганлар ишлаши мумкин эмас. “Бўйсунмасанг, ишламайсан”, дейилган. Ҳаммаси тўғри қабул қилган”, деди Қўқон бозорларидан бирининг масъули.

Бозор маъмурияти вакили рўмолини бошининг орқа томонидан ўраб олган аёлларга нисбатан тазйиқлар йўқлини қўшимча қилди.

Қўқон бозорларида жорий қилинган талаблардан яна бири шаҳарга меҳмонга келган хорижлик аёл агар ҳижоб ўраган бўлса, унинг шаҳар бозорлари ҳудудига киришига йўл қўйилмайди.

“Апрелнинг охирида Ўшдан қариндошиникига меҳмонга келган аёлни ҳижоб ўрагани учун “Қўқон деҳқон бозори” ҳудудига киритишмади. Қирғизистонда аёллар ҳижобда бемалол юргани учун бу аёл Қўқонга ҳам ҳижобда келган. Унга бозорга осилган баннердаги эълонни кўрсатиб, бозордан чиқариб юборишди”, деди воқеага гувоҳ бўлган қўқонлик манба.

Кейинги икки ойда Фарғона водийси вилоятларида аёлларнинг рўмолини ечтириш кампанияси кетмоқда.

Жумладан, 22-23 апрель кунлари Марғилон ва Қўқон шаҳарларида бозорлар ва жамоат жойларида юрган аёлларнинг рўмолини ечтиришга оид навбатдаги кампания кузатилди.

Ҳуқуқ-тартибот идораларининг махсус сафарбар қилинган фуқаролик кийимидаги каттагина гуруҳи, асосан, гавжум жамоат жойлари ва бозорларда рўмолни томоғидан танғиб юрган аёлларни тўхтатиб, улардан рўмолни ечиш ёки орқадан ўрашни талаб қилди.

Айни пайтда Ўзбекистон мусулмонлари диний идораси Фарғона вилоятида аёлларнинг рўмолини ечтириш кампаниясига оид маълумотларни ўрганмоқда. Бу ҳақда Озодликка маълумот берган идора мулозими шайх Абдулазиз Мансур ушбу рейдлардан идоранинг хабари борлигини айтиб, кучишлатар тузилмаларнинг рўмолга диний либос сифатида қарашини нотўғри, деб қоралади.

Ўзбекистонда 1998 йилда қабул қилинган "Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида"ги қонуннинг баҳслар, норозиликлар ва натижада, юзлаб диндорларнинг нотўғри ҳибс қилиниши, жазога тортилиши сабаб бўлиб қолаётган 14-моддасининг "ибодат либоси"га оид қисмига ўзгартишлар киритилаётгани ҳақида 2013 йилнинг декабрь ойида хабар қилинган эди.

Шайх Абдулазиз Мансур ҳозирча ўзгартишлар киритилмагани, киритилган тақдирда эса маълумот беришни ваъда қилди.

XS
SM
MD
LG