Линклар

Шошилинч хабар
18 ноябр 2024, Тошкент вақти: 04:35

Қрим ҳукумати татарларга депортациянинг 71 йиллигини нишонлашга изн бермаётир


Мустафо Жамил
Мустафо Жамил

Россия аннексия қилган Қримда расмийлар татарларга қрим халқи депортациясининг 71-йиллигини нишонлашни тақиқладилар.

Бу ҳақда Озодлик Украин Хизматига қримлик татарлар лидери Мустафо Жамил маълум қилди

18 май куни Қримда хотира маросимлари ҳукумат томонидан ташкиллаштирилади, бироқ ярим оролдаги жорий ҳокимиятни нолегитим деб билган қримлик татарлар бундай тадбирларни тан олмайди, деди Мустафо Жамил.

Унинг сўзларига кўра, Қрим прокурори 18 майда фувофиқлаштирилмаган оммавий йиғинларга рухсат берилмаслиги ҳақида огоҳлантирган.

Бироқ, дея таъкидлайди Мустафо Жамил, кўплаб татарлар 1944 йилги депортация қурбонларига ҳурмат бажо келтириради.

Қримлик татарлар лидерига кўра, баъзи россияпараст фуқаролар “провокациялар” уюштириши мумкинлигидан хавотирлар бор.

Шанба куни Қрим раҳбари Сергей Аксенов "Украина жануби-шарқидаги беқарор вазият туфайли" ярим орол ҳудудида 6 июнга қадар оммавий тадбирлар ўтказишни тақиқлади

Ўтган йил Қрим татарларига Симферополь шаҳрида хотира тадбирларини ўтказиш тақиқланган эди.

Ўшанда аннексия қилинган ярим орол раҳбарияти ўз қарорини гўё "украиналик миллатчилар" Қримда террорчилик ҳужумларини тайёрлаётгани билан изоҳлаганди.

Симферополь. Депортациянинг 70 йиллигини хотирлаш маросими
Симферополь. Депортациянинг 70 йиллигини хотирлаш маросими

​Озодлик қримлик журналист Севил Алединова билан боғланиб, қрим халқи депортациясининг 71-йиллигини нишонлашни расмийлар тақиқилаб қўйганига муносабатини сўради:

Севил Алединова: Қримда яшайдиган қрим-татарларининг масжидлар бошқармаси бошлиғи ўринбосари Нариван Жалол ва бошқа таниқли шахслар номидан депортациянинг 71-йиллигини нишонлаш хусусида маҳаллий ҳокимиятга ариза берилган эди. Лекин расмийлар буни рад қилишди. Лекин Қрим муфтийси Эмирели Аблаев 18 май куни Қримдаги барча масжидларда бу машъум геноциднинг қурбонлари ҳақига Қуръон оятлари ўқилиши ҳақида фатво берди. Лекин бу санага бағишланган асосий тадбирлар 18 май куни Украина пойтахти Киевда бўлиб ўтади.

Озодлик: Қримнинг ҳозирги ҳукумати 18 май куни қандайдир тадбирлар ўтказиши ҳақида хабар берганку, лекин қрим-татарлари раҳнамоси Мустафо Жамил бундай тадбирда қрим-татарлар қатнашмайди, деди. Нега?

Севил Алединова: Чунки қрим татарлари 20 йилдан буён бу кунни пойтахт Симферополдаги бош майдонда ўтказиб келмоқда эди. Ўтган йил ҳам расмийлар нишонлашга рухсат беришмаганди. Лекин, маҳаллий қрим татарлари гавжум яшайдиган бир райондаги масжидда тўпланиб, нишонлаган эдик. Ўшанда устимиздан тинмай вертолётлар учган, овозларни бўғишга уринишган эди. Бу йил шунга ҳам рухсат беришмади. Албатта, жамоатчилик бунга салбий муносабат билдирмоқда. Лекин бошқа чорамиз йўқ.

Озодлик: Ҳозир ҳам қрим-татарларининг мамлакатдан чиқиб кетиши давом этяптими?

Севил Алединова: Ҳа, кетиш давом этмоқда. Йигирма минг одамнинг Қримдан чиқиб кетгани факт. Чунки, кислород тобора бўғиляпти. Кундан кун ҳаёт оғирлашмоқда. Ягона АТР телевидениемизни ҳам ўчиришди, фақат интернет орқали у бу нарсалар ёзиляпти.

"Крым SOS" ташкилоти маълумотига кўра, бир йил ичида ярим оролни 35 мингдан кўпроқ одам тарк этган, улардан 20 минг нафари қримлик татарлардир.

Аввалроқ Украина Давлат фавқулодда вазиятлар хизмати Қрим ва Донбасдан бўлган қочқинлар сони 850 мингга етганини эълон қилганди.

XS
SM
MD
LG