Линклар

Шошилинч хабар
23 ноябр 2024, Тошкент вақти: 08:10

Марғилон масжидларида оят ва ҳадис битилган баннерлар олиб ташланди


Қўқондаги "Дегрез" масжиди, 2014-йилнинг энг обод масжиди танловида иккинчи ўрин берилган.
Қўқондаги "Дегрез" масжиди, 2014-йилнинг энг обод масжиди танловида иккинчи ўрин берилган.

Марғилон шаҳридаги 26 та жоме масжидида Қуръон оятлари, ҳадислар ва исломий фикрлар ёзилган баннерлар деворлардан олиб ташланди, намоз вақтини билдирадиган электрон таблолар ҳам ўчирилди. Имомлар бу иш Тошкентдан борган махсус комиссия буйруғи асосида қилинганини айтмоқда, масъуллар эса буни инкор қилмоқда.

Фарғона вилояти Марғилон шаҳридаги барча масжидларда беш маҳал намоз вақтини кўрсатиб турадиган электрон таблолар вилоят бош имомининг буйруғи билан ўчириб қўйилгани айтилмоқда.

Марғилонлик намозхонлардан бирининг айтишича, шаҳарда рўмолини томоғининг тагидан ўраган аёллар рўмолини ечтириш кампанияси бошлаган кунларда масжидларда ҳам электрон таблолар ўчиртирилган:

“Апрель ойининг охирларида бозорларда аёлларнинг рўмолларини ечтиришди. Масжидларда эса намоз вақтини кўрсатиб турадиган электрон таблолар ўчириб қўйилди. Кейин масжид деворларида оят, ҳадислар ёзилган баннерлар бўларди, ўшаларни олдириб ташлашди. Масалан, мусулмон фарзлари ёзиб қўйилган катта таблолар, “Салла билан ўқилган намоз, ялангбош 70 марта ўқилган намоздан устун” деган ҳадис, “Роббим, дил торимни ўзингга созла, Дилимни ҳам намозга ҳозир айла”, каби битиклар ёзилган лавҳалар масжид деворларидан олинди. Бунинг ҳаммасини вилоят имом хатибининг шахсан ўзлари юриб қилдираяпти", дейди суҳбатдош.

Исми сир қолишини сўраган бошқа бир марғилонлик намозхонга кўра, масжидлардаги китоблар сони ҳам қисқартирилган:

“Одамлар масжидга илгарироқ кириб намоз вақтигача турли диний китобларни ўқиб ўтиришарди. Бу китоблар чиройли қилиб бир жавонга териб қўйиларди. Энди эса, унисини ол, буниси қолсин, деб анча диний китобларни йиғиб олиб қўйишди. Масжидга оқ дўппида кириш умуман тақиқланган. Ечиб кирасан, бўлмаса бошяланг ўқийсан деб айтишяпти”, деди намозхонлардан бири.

Марғилон шаҳридаги жоме масжидларидан бирининг исми сир қолишини сўраган ходимига кўра электрон таблоларнинг ўчирилиши, оят ва ҳадислар ёзилган лавҳларнинг олиб ташланиши Тошкентдан борган комиссиянинг буйруғи билан амалга оширилаётганини айтди:

“Бизга республикадан комиссия келди. Бу ишлар ўшаларнинг буйруғи билан бўлди. Бизлар ҳам тушунмаяпмиз бу ишларни. Олиб ташла, дейишди олиб ташладик. Олиб ташламаганларга милиция бориб олдиртирди. Хабарингиз бор, ИШИДни фитналари билан Марғилонда шунақа ишлар бўлиб турибди. Буларнинг ҳаммаси вақтинчалик, Худо хоҳласа ҳаммаси жой-жойига тушади ҳали”, деди масжид ходими.

Фарғона вилояти имом хатиби Турсунтоҳир Эрбўтаев эса Озодлик билан суҳбатда марғилонлик намозхонларнинг иддаоларини кескин рад қилди:

- Масжидлардан ҳеч қанақа нарса олингани йўқ. Ким айтган бўлса ҳам ёлғон маълумот берибди сизга, - деб суҳбатни қисқа қилди Турсунтоҳир Эрбўтаев.

Марғилонликларнинг айтишича, Фарғона вилоятининг бошқа масжидларида бундай ҳолат кузатилмайди.

Марғилонликлар сўнгги бир ой давомида рўмолли аёлларга, оқ дўппили эркакларга нисбатан таъқиб кучайганини иддао қилишади.

Озодлик манбалари апрель ойи охирида аввалига Қўқон¸ сўнгра Марғилон бозорида фуқаролик кийимидаги МХХ ходимлари рўмолни томоғининг тагидан ўраб олган аёллардан рўмолларини ечишни талаб қилаётгани ҳақида хабар берган эди.

Бу хабарлардан сўнг Ўзбекистон мусулмонлари диний идораси Фарғона вилоятида аёлларнинг рўмолини ечтириш кампаниясига оид маълумотларни ўрганаётганини айтиб, шайх Абдулазиз Мансур суриштирув натижасидан Озодликни хабардор қилишни ваъда қилган эди.

Озодлик ҳозирча шайх Абдулазиз Мансурдан бу суриштирув натижалари ҳақида маълумот олгани йўқ.

XS
SM
MD
LG