Линклар

Шошилинч хабар
22 декабр 2024, Тошкент вақти: 20:17

Олмаотада ўз чақалоғини 5000 долларга сотмоқчи бўлган ўзбекистонлик аëл қўлга олинди


Қизча 13 май куни Қозоғистоннинг Талдиқўрғон шаҳрида дунёга келгани айтилмоқда.
Қизча 13 май куни Қозоғистоннинг Талдиқўрғон шаҳрида дунёга келгани айтилмоқда.

Қозоғистоннинг Олмаота шаҳрида олти кунлик чақалоғини 5 минг долларга пулламоқчи бўлган ўзбекистонлик аёл шаҳар Ички ишлар департаменти тарафидан ҳибсга олинди. Полициянинг билдиришича, агар айби судда исботланса, аёл 10 йилгача озодликдан маҳрум этилиши мумкин.

У. исмли 24 ёшли ўзбекистонлик аёл 19 май куни Уюшган жиноятчиликка қарши кураш бошқармаси ходимлари тарафидан Олмаота шаҳри марказида қўлга олинган. Шаҳар Ички ишлар департаменти матбуот хизмати раҳбари Салтанат Азирбекнинг айтишича, аёл жиноят устида ушланган:

- У 930 минг танга (1 АҚШ доллари = 185 танга, таҳр.) олаётгани ва чақалоғини бегона аёлга бераётганида қўлга тушди. Пул маблағи процессуал тартибда мусодара қилинди ва Қозоғистон Республикаси Жиноят Кодексининг 135 моддаси - балоғатга етмаганларни сотиш моддаси бўйича очилган жиноий ишга бириктирилди, - деди Олмаота полицияси матбуот котиби.

Жиноий ишга бириктирилган 930 минг танга (тақрибан 5 минг АҚШ доллари).
Жиноий ишга бириктирилган 930 минг танга (тақрибан 5 минг АҚШ доллари).

Чақалоқнинг 13 май куни Қозоғистоннинг Талдиқўрғон шаҳрида дунёга келгани айтилмоқда. Полиция маълумотига кўра, ўзбекистонлик аёл ўз боласини сотишни аввалдан режалаштирган ва шу боис харидорни ҳомиладорлиги пайтидаёқ излашни бошлаган.

- Аёл Олмаотага пул топиш учун келган. Тахминлардан бирига кўра, у бу ерда фоҳишалик билан шуғулланган. Фуқаро У.нинг Ўзбекистонда 4 яшар фарзанди ва турмуш ўртоғи қолган. Айни дамда у шаҳар Ички ишлар департаментининг вақтинча ушлаб туриш изоляторига олиб кирилган. Қизча эса "Тез ёрдам" орқали гўдаклар учун болалар уйига юборилди, - деди Озодлик билан суҳбатда Салтанат Азирбек.

Милиция ходимига кўра, айни дамда мазкур иш юзасидан тергов жараёни олиб борилмоқда. Агар судда ўзбекистонлик аёлнинг айби исботланса, у 7 йилдан 10 йилгача озодликдан маҳрум этилиши мумкин.

Қозоғистон¸ айниқса¸ Россияда сўнгги пайтларда ўзбекистонликларнинг ўз боласини сотувга қўйиши кўп учрамоқда. Жорий йилнинг февраль ойида пойтахт Остона шаҳрида ўзбекистонлик эр-хотин икки кунлик чақалоғини “Тойота Камри” машинасига алмаштирмоқчи бўлганида қўлга олинган эди.

Россиянинг Санкт-Петербург шаҳрида тўққиз ойлик ўғлини 25 минг рублга сотишга уринган ўзбек аёл ўтган йил декабрь ойида уч ярим йилга қамалган эди.

2014 йил майида Волгаград шаҳрида ҳам шунга ўхшаш ҳолат рўй берган ва туғилганига бир кун бўлган боласини 400 минг рублга пулламоқчи бўлган ўзбекистонлик аёл ҳибсга олинган эди.

Айрим кузатувчилар иқтисодий ночорликдан кучайиб бораëтган ижтимоий-маънавий таназзул ўзбекистонлик аёлларни боласини сотишга ундовчи асосий омиллар эканини айтишади.

XS
SM
MD
LG